Куни кеча «UzREPORTTV» телеканалида Қашқадарёлик ёшлар иштирокида бўлиб ўтган кўрсатув давомида Давлат тест маркази фаолияти, шаънига нисбатан ножоиз фикрлар билдириб ўтилди.
Кўрсатув давомида «Саволлар мактаб дастурларига яқинлашмайди», «Мақсад болани фақат қийнаш» «Франция тўғрисида саволлар керак эмас» каби фикрлар билдирилди.
Давлат тест маркази ўз навбатида ушбу нохолис танқидий фикрларга нисбатан қуйидагиларни билдиради:
биринчидан, Давлат тест маркази ҳукумат ташабуси ва қарори билан ташкил этилган давлат бошқарув органидир ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда унинг мақсад ва вазифалари белгилаб берилган. Давлат тест маркази фаолиятини ана шу тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб боради ва уларга оғишмай амал қилиб келмоқда;
иккинчидан, тест топшириқлари, кўрсатувда айтилганидек, аввал бошқача, ҳозир бошқача эмас, улар барча йилларда ўрнатилган тартибда бир хил ёндошув асосида шакллантириб келинган. Саволлар фақат ва фақат давлат таълим стандартлари ва таълим муассасалари ўқув дастурларидаги мавзулардан тузилади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, Франция давлати тўғрисидаги саволлар ҳам айнан шу фойдаланиш учун тавсия этилган мавжуд ўқув дастурларидан олинган. Бу ерда «Ўз давлати тўғрисида бу каби саволларни француз халқининг ўзи билмайди», дейиш, бизнингча, хато фикр. «Мактаб дастурлари ўзгармаяпти, лекин саволлар кўпаяпти, қаердан олинади улар?», дейилган саволга ҳам худди шу жавобни айтиш мумкин. Халқ олдида бу каби гапларни айтишдан аввал, айниқса катта олим киши, машҳур шахс «бу гапларим амалдаги қонунчилик доирасидамикин, катта бир давлат ташкилотини бу билан ноҳақ обрўсизлантириш эмасми», дея ўзига савол бериши керак, деб ҳисоблаймиз.
учинчидан, Давлат тест маркази ўз зиммасига катта масъулият, вазифалар юклатилганлиги ва уларни сифатли бажариш билан шуғулланаётган бўлсада, ўз шаънига қарши қандайдир сабаб билан эҳтиросларга берилиб билдирилаёган ҳар қандай салбий фикр-мулоҳазаларга бефарқ эмас.
Биз абитуриентлар учун ҳар йили қандай қулай шарт-шароитлар яратилаётганлиги, жараёнлар соддалаштирилаётганлиги, саволлар базаси омма учун очиқ қўйилаётганлиги, тест топшириқлари осонлаштирилганлиги, янги тест топшириқлари мунтазам апробациядан ўтказилгандан кейингина фойдаланиш учун қабул қилинаётганлиги, ана шундай янги тест топшириқлари киритилган e-Sinov дастуридан бепул фойдаланиш йўлга қўйилганлиги, ундан тўрт миллион нафардан кўп киши фойдаланганлиги, шунингдек, «онлайн репетитор» йўлга қўйилганлиги, буларнинг натижасида бу йил 963 нафар абитуриент энг юқори кўрсаткичга эришганлиги ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз. Бу ҳақда жамоатчилик етарли маълумотга эга. Аксинча, давлатимиз раҳбарияти томонидан олдимизга қўйилган долзарб ва муҳим вазифаларни сифатли адо этиш, ёшларимизни ўқишга киришида уларни қўллаб-қувватлаш, янада қулайликлар жорий этиш бирламчи вазифамиз эканлигини яна бир карра эслатиб ўтамиз.
Шунингдек, биз танқидий фикр-мулоҳазаларга, агар улар асосли бўлса, ҳеч қачон қарши эмасмиз, уларни тўғри қабул қиламиз ва керакли хулоса чиқарамиз.
Бугунги кундаги таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда бундай ислоҳотларни амалга оширишда иштирокчи ташкилотлардан бири сифатида, ёшларимизнинг юксак маънавиятли, тарбияли, замонавий чуқур билимли, салоҳиятли, рақобатбардош бўлишидан биринчи галда манфаатдормиз.