- Шу кунгача фуқароларимиздан 100 дан зиёд мурожаат Адлия вазирлиги боти орқали, 400 га яқин мурожаат вилоят адлия бошқармасининг Huquqiytargibot Sirdaryo мулоқот гуруҳи орқали, 50 га яқин мурожаат бошқарманинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифалари орқали келиб тушди. Саволларнинг аксари меҳнат қонунчилиги, нафақа, кредит ажратиш масаласи, карантин тартиб-қоидалари, ишга жойлашиш, иш ҳақини ундириш ва бошқа масалалар ҳақида бўлиб, биз уларга тезкор ҳуқуқий маслаҳатлар беряпмиз. Туман-шаҳарлардан ечими тез кунда топиш имкони бор мурожаатлар эса туман (шаҳар) адлия бўлимларига йўналтирилиб, улар томонидан мазкур мурожаатлар қаноатлантирилмоқда.

Мисол учун, Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг “Huquqiytargibot Sirdaryo” фуқаролар билан мулоқот гуруҳига Боёвут тумани, Ширин МФЙ, Заковат кўчаси, 31-уйда яшовчи фуқаро С.Хаққуловадан онлайн мурожаат келиб тушди. Унда фуқаро Ширин шаҳар 3-сонли МТМдан жорий йилнинг апрель ойи учун ойлик иш ҳақини ундириб беришни сўраб мурожаат қилган эди.
Ширин шаҳар адлия бўлимига йўналтирилган мурожаат тезда ўз ечимини топди.
- Бизга мурожаат жорий йилнинг 5 май куни келиб тушган эди. 8 май куни мурожаатчи С.Ҳаққулованинг апрель ойи учун 736000 минг сўм ойлик иш ҳақи ундириб берилиши таъминланди, - дейди Ширин шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Бекзод Ғайбуллаев.
Айтиш жоизки, Ширин шаҳар адлия бўлими карантин даврида ўнлаб шароити оғир бўлган оилалар аъзоларини маҳаллалар қошидаги ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирди.
Шунингдек, Сайхунобод тумани адлия бўлими томонидан фуқаро Суюнов Файзуллонинг пенсиясини кўпайтириш борасида мурожаати ўрганиб чиқилди ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 38-моддасининг е бандида “асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш вақти — бир ярим ҳисса баробарида стажга имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади” деб белгиланганлиги муносабати билан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сайхунобод тумани бўлимига хат киритилди ва мурожаат ижобий ҳал этилди. Мурожаатчининг пенсияси Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сайхунобод тумани бўлими томонидан қайта кўриб чиқилиб, пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Туман (шаҳар) адлия бўлимлари кунига ўнлаб шундай мурожаатларни, саволларни қабул қилиб, уларга онлайн жавоб бермоқдалар. Фуқароларни қизиқтирган саволлар кўпинча ўхшаш бўлгани учун, адлия бўлимлари томонидан ҳамда бошқарма бўлимлари томонидан савол-жавоблар ролик кўринишида тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда. Хусусан, апрель ойида 100 га яқин видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига етказилди, бундан ташқари матндаги савол-жавоблар, 20 дан зиёд таҳлилий мақолалар вилоятнинг оммалашган телеграм каналларида ҳамда бошқарма ва бўлимларнинг “Facebook”даги саҳифаларига жойлаштирилди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда адлия бўлимлари ҳамда бошқарма масъул ходимлари вилоят ва туманларда “Telegram” ижтимоий тармоғида фаолият юритаётган 20 га яқин каналларга аъзо бўлиб, адлия тизимидаги ҳамда қонунчиликдаги янгиликларни тарғибот қилиб бормоқдалар.
Шу билан бирга вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари Давлат хизматлари агентлигининг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Сардоба сув омбори тошқинида офатдан жабр кўрган ва вилоят юридик коллежига эвакуация қилинган 500 нафардан зиёд фуқаролар учун ҳуқуқий маслаҳат бурчаги ташкил этдилар ва уларнинг офат пайтида йўқолган ҳужжатларини тиклаш борасида ҳуқуқий кўмак кўрсатдилар.
Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Салом Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси давомида Адлия вазирлиги ҳамда вилоятлар адлия бошқармаларидан саховат карвонлари келиб турибди.

Шу билан бирга вилоят адлия бошқармаси жамоаси ҳам ушбу эзгу ишдан четда қолмадилар. Адлия ходимлари 5 кунлик иш ҳақларини “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказиб бердилар.
Шу кунларда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов бошчилигида Оқолтин, Сардоба,Мирзаобод туманлари ва Янгиер шаҳрига бориб, офатдан зарар кўрган фуқароларнинг ҳолидан хабар олинмоқда, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва ҳужжатларини тиклаш бўйича ҳуқуқий хизмат кўрсатиш билан бирга зарур озиқ-овқат ва гигиеник воситалар тўпламлари тарқатилмоқда.

Бундай кўмакдан Гулистон ҳамда Янгиер шаҳар ижтимоий объектларида вақтинчалик жойлаштирилган Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманидаги юртдошларимиз ҳам бебаҳра қолишмаяпти.
- Бугунги шароитда адлия ходимлари бефарқ қолишлари мумкин эмас, инсонийлик нуқтаи назаридан ҳамда ҳуқуқшунослик масъулияти ва бурчи уларни аҳоли билан доимий мулоқотга чорлайди.
Албатта, ходимларимиз карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда эзгу ишларни амалга оширмоқдалар. 13 май куни бўлиб ўтган видеоселекторда Президентимиз Шавкат Мирзиёев қисқа муддатда тошқиндан жабр кўрган аҳолига райҳон ва кўчатлар ўтказилган сифатли уйлар қуриб битказилиши бўйича топшириқ бердилар. Бугун Сирдарё вилоятининг офатдан зарар кўрган ҳудудлари улкан қурилиш майдонига айланди. Биз шу давр ичида фуқароларимизга ўз кўмагимизни тўхтатмаймиз, - деди Ж.Нуритдинов.
Зебо Ҳайдарова,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи