Ўз нутқида адлия вазири жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда прокуратура органларининг ролига тўхталиб ўтди.
Таъкидлангандек, Конституциянинг 118-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга ошириши белгиланган. Ушбу фаолият охирги йилларда жамоатчликнинг кўз олдида ривожланиб бормоқда. Хусусан, охирги 3 йилда прокуратура органлари томонидан қонунийликни таъминлаш мақсадида жами 540 мингдан ортиқ прокурор ҳужжатлари қўлланилган. Бу бир оддий рақамдек кўринади, лекин уларнинг ортида катта меҳнат ётганлигини фаҳмлаш қийин эмас.
Охирги 5 йил давомида Ўзбекистонда коррупцион қилмишни содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони 14 мингдан ошган. Шулардан 160 нафардан ортиғи республика миқёсидаги, 1 270 нафардан ортиғи вилоят миқёсидаги ҳамда 13 минг нафардан ортиғи туман миқёсидаги мансабдор шахслар эканлиги прокуратура органларининг коррупцияга тоқатсизлик борасидаги фаолият кўлами қай даражада эканлигини кўрсатади.
2021 йилнинг ўтган 6 ойида 140 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати ҳал этилиб, 23 мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
«Шу билан бирга, тан олиш керак, фақатгина прокуратуранинг бир ўзи қонунийликни тўлиқ таъминлай олмайди. Бу жараёнларда бошқа органлар ҳам, жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиши керак. Назорат-текширув соҳаси ҳали ҳамон ислоҳотга муҳтож. Бу ўринда биз бугунги кунда республикадаги турли давлат бошқарув органлари таркибидаги 50 дан ортиқ назорат-текширув идораларини назарда тутаяпмиз. Уларнинг 10 дан ортиғи ўзлари текшириши керак бўлган вазирлик ва идораларга бўйсунади. Бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўладиган бўлса, бу ерда манфаатлар тўқнашуви ортидан қандайдир қонун бузилиш ҳолатлари келиб чиқади», — деди Р. Давлетов.
Адлия вазирининг фикрига кўра, прокуратура органлари ҳар бир қадамни назорат қила олмайди. Бунга ресурс етмайди. Қолаверса ҳеч бир давлатда бундай ҳолат ҳам мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, назорат-текширув идоралари тизимини ислоҳ қилиб, прокуратура билан ҳамкорлигини самарали тарзда йўлга қўёлсак, бу қонун устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан анчагина фойдали бўлади.
Адлия органлари ва прокуратура ўртасидаги ҳамкорлик анча мустаҳкамланган. Бугунги кунда Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодекслари устида биргаликда иш олиб борилаяпти.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими