ҲЕЧ БИР ТАШАББУС БЕЖИЗ ЭМАС

Инсон — фикрат олами, шунингдек, хаёлот ва хотиралар, ширин соғинчлар исканжасида яшайдиган хилқатдир. Шу ўринда умуммиллат ўйлари, муштарак соғинчлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Улардан бири — адолат соғинчи бўлса, бошқаси — қадим замин оҳанглари билан қалбимизга, қон-қонимизга сингиб кетган вужудий ҳиссиёт бирлиги.

Баъзан кўп ишларни шунчаки жўн қабул қиламиз. Гўё ўзи шундай бўлиши керакдек. Аслида эса бошқача — бу дунёда ҳеч бир ҳаракат ўз-ўзидан содир этилмайди. Ҳар бир ишда, ҳар бир ташаббусда ҳикмат бор, унда фикрий қудрат мужассамлашган бўлади.

Бир мақоламизда бугунги сиёсий дипломатия аллақачон янги ўзанини топгани, бу йўл “куч дипломатияси”га асослангани билан ғоят таҳликали ва хатарли бўлиб қолаётгани ҳақида ёзган эдик. Бундай дейишимизга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида “Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз”, деган ғоят долзарб мушоҳадалари сабаб бўлган эди.

Шундай таҳликали шароитда миллатлар, давлатлар қандай йўл тутмоғи керак? Ўзликни асраш, миллий давлатчилик анъаналарини замонавий тенденциялар асосида такомиллаштириш, ўзаро боғлиқликда тараққий этиш, дўстлик салтанатини тузишда қай йўлни танламоқ зарур, деган саволлар бир неча йиллардан буён ёндафтарчамиздан ўчмаяпти — бири тўлса, иккинчисига ёзиляпти.

Ҳар бир ташаббусда ҳикмат борлиги, ундаги фикрий қудрат мужассамлашуви ҳақида бежиз айтмадик. Гап шундаки, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, давлатимиз раҳбарининг дунё минбарларидаги башарият ҳаётига дахлдор фикрлари, ташаббуслари, чорловлари мазмунида юқоридаги саволларга жавоб бор, аслида.

Тошкентда миллий эстрада санъатимиз асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилиши ҳам бутун халқимизни, таъбир жоиз бўлса, унинг соҳир овозидан ҳайратга тушган дунё аҳлини маънавий бирдамликка чорлов муждасидир.

Бу асло муболаға эмас. Боиси, бугун дунёни ахборот кучи эгаллаб олди, шу куч бошқарув қудрати касб этмоқда. Шундай экан, олдимизда ахборот тизгинини тутиш, уни эзгу мақсадлар сари руҳлантириш, миллий контентни яратиш вазифаси туради.

Балки кимдир айтар: Ботир Зокиров ва у яратиб кетган санъат бизга ўтган асрдан боқиб турган бўлса, ҳозирги ахборот тизгини бунда-ю, ўзбек эстрадаси асосчиси қайда?

Жавобимиз будир: Ботир Зокировнинг қўшиқларида, шеърларида, ҳикояларида, хотира битикларида, чизган суратларида ҳеч эскирмас, ҳеч тинмас ахборот бор.

Мана улардан бири: “Эрталабдан хушхабарлар: рентген яхши, уколлар бошқа қилинмайди. Ҳар қалай ваъда беришди-ку! Сайр қилиш мумкин. Тоза ҳавода. Фақат қирқ минут. О, баъзан нимадан озиқланаётганимизни унутиб қўямиз. Ахир баҳорнинг илиқ, салқин табиий ҳавосини хонадаги кислородга алмаштириш мумкинми? Нафас олиш қандай бахт!..”.

Эзгу ниятли, шукроналик ҳисси билан яшаётган инсонлар айтадиган гап, шундай эмасми?!

Бугун биз ўзимизни хурсанд қилиш ҳақида ўйлаймиз. Чиройли, озода кийингимиз, оиламиз, дўстлар билан тансиқ таомлар егимиз, дунёни сайр этгимиз, тоғу даштларда дам олгимиз келади. Аммо ҳамма жойда ҳам шундай эмас. Уруш қутқуси кезиб юрган мамлакатлар, эллар, элатлар қанча? Улар жони омон бўлиши ҳақида қайғуради, ўзи, фарзандлари қорни тўйган кунига шукрона айтади.

Маълумимиз бўлишича, Ботир Зокировнинг илк қўшиғи Ватанга муҳаббат ҳақида эди. Шундан келиб чиқиб, ҳеч бир ташаббуснинг бежиз эмаслиги, ахборот сиёсати бошқараётган дунёдаги ҳамжиҳатлик руҳи ҳақидаги фикрларимизга дастлабки хулосани берсак:

— Ботир Зокиров санъатининг ўлмас ахборот манбаи — Ватанга меҳр қўйиш, ҳар ишда садоқатли ва фидойи бўлиш, инсонларга меҳр-муҳаббат улашиш, бу дунёда шукроналик билан яшаб ўтиш. Демак, буюк аждодимизнинг куни кеча Тошкентда очилган ҳайкали мана шу адолатнинг тикланиши замиридаги бор ҳаёт ҳақиқатларини сўзлаб туради

ИЖОДИЙ ФЕНОМЕН ВА РАМЗЛАР

Бу ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир. Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади, — деди давлатимиз раҳбари.

Мақоламиз аввалида адолат соғинчи ҳақида айтдик. Инсоният ва миллий давлатчиликлар тарихида адолат соғинчи жамият орзусига айланган даврлар кўп бўлган. Жумладан, бизда ҳам.

Кейинги йилларда халқимизнинг шу соғинчлари, орзулари ушалмоқда. Тарихий адолат тикланиб, улуғ аждодларимизнинг пок руҳига ҳурмат-эҳтиром кўрсатила бошланди. Уларнинг бой илмий, маънавий-маърифий меросини тиклаш ва ўрганишга бел боғладик. Ота-боболаримиз закоси қанчалар буюклигини англай бошлаяпмиз. Бу Уйғониш рамзи.

Президентимиз айтган Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган ҳайкалнинг рамзий тимсолига келадиган бўлсак, янада хайрли бир ҳолни англаймиз. Бу ҳақда гапиришдан олдан Ботир Зокиров феноменига тўхталиш керак бўлади.

У Навоийни кўп ўқир эди. Навоий даҳосига ҳурмати чексиз бўлган. “Лайли ва Мажнун” достонидан айтган “Мажнун” монологини бир эсланг. Ёки бошқа қўшиқларини, ҳеч бўлмаса, шифохонада ёзган мана бу хотирасини ўқинг: “Куни бўйи Эдуардас Межелайтиснинг “Инсон” китобини ўқидим. Китоб яхши безалган. Красаускаснинг гравюралари табиий. Поэмадаги кўп фикрлар менинг дардларимга ҳамоҳанг. Ўзим очган дунёни “кўриб”, ўзим уялиб кетдим, Межелайтис менга руҳ бағишлади. Нега энди ўзимдан ўзим уялишим керак?..”.

Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ботир Зокиров тафаккури кенг, ўз миллий дунёсига эга шахс бўлган. Шу боис, бугун Президентимиз бу буюк инсон хотирасига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда, унинг бой ва ўлмас маънавий меросини тиклашга киришилди.

Ботир Зокиров вафотидан роса 35 йил ўтиб, тарихий адолат тикланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги қарори билан 2021 йилда Ботир Зокировнинг 85 йиллик таваллуд айёми кенг нишонланди. Улуғ ҳофиз номидаги миллий мукофот таъсис этилди. У ҳақда илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли фильм ва спектакллар яратилди. Бу йил эса Ботир Зокировнинг хотира кечаси мамлакатимиз жамоатчилиги ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган атоқли санъаткорлар иштирокида катта шодиёна сифатида ўтказилди.

Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага у кишининг табаррук номи берилди. Ушбу консерватория ҳузурида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти барпо этилди.

Албатта, бу хайрли ишлардан халқимиз яхши хабардор. Биз қайта айтаётганимиз боиси эса улар замиридаги ҳаётий ҳикматларни бир нуқтага жамлаш, холос. Яъниким, кейинги йилларда буюк аждодларимиз хотираси қалбларимизга муҳрланмоқда. Қаҳрамон арбобларимиз, олиму уламоларимиз билан боғлиқ тарихий ҳақиқатлар кўз очмоқда. Бунинг замиридаги ҳаётий мақсадни ҳар биримиз, айниқса, ёшларимиз теран англаб етиши керак.

Гап шундаки, бу каби саъй-ҳаракатлардан мақсад фозил аждодларимиз ҳаётини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш, пировардида биз интилаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдир. Бу — Уйғоқлик рамзи.

Шу ўринда Президентимизнинг юқорида келтирилган мана бу гапига яна бир бор эътибор қаратмоқчимиз: “Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади”. Демак, биз, аввало, шу мақсадлар учун муносиблик йўлидан боришимиз керак. Токи бу — Қувват рамзи сифатида тарихда қолсин.

АРБОБ ВА ЖАДИД ЭДИ

Арбоблиги шундаки, Ботир Зокиров ўзбек эстрада санъатига асос солди, куй ва қўшиқларини академик маҳорат билан куйлади. Шу тариқа мақом ва халқ оғзаки ижодини янги ўзанга бурди — ўз замондошлари қалбига сингдириб кетди.

Дарвоқе, Ботир Зокировни хотирлаганда мақом ва фольклор қуввати ҳақида ҳам айтмасак бўлмайди. Бунга сал кейинроқ тўхталамиз.

Ботир Зокировни жадид боболаримиз сафига қўшиш учун ҳам ҳақлимиз. Унинг миллат келажаги учун қайғуриб айтган мана бу фикрини бир эслайлик: “Ўзимиз ўзлигимиз илдизини қирқсак, маданият ва санъатимизни оёқости қилсак, ғуруримизни бемаъниларча топтасак, истеъдод бошида бюрократларча қилич яланғочлаб турсак, қачон халқ бўламиз? Қачон қад ростлаймиз? Қачон?..”.

Бугун маънавий тараққиёт ҳақида кўп гапиряпмиз. Сиёсий тутумларнинг ўзгараётгани, таҳлика уммонида яшамоқ шартлари ҳақида ўйлаяпмиз, қайғуряпмиз. Шундай бир даврда ҳар биримиз ўзимиз[1]ни қайта-қайта сўроққа тутмоғимиз талаби пайдо бўлаверади: қачон халқ бўламиз, қачон қад ростлаймиз? Бу ҳеч унутиб бўлмас, ўзимизни ҳар доим, ҳар он тафтиш қилмоқ учун энг тўғри йўлдир.

Бизга қисмат йўли — синовдир. Не тонгки, олдимизда катта синовлар бор.

Халқимиз бугун ва эртага ҳам яхши яшаши йўлидаги катта заҳмат чеки бизнинг гарданимизга тушиб турибди. Шундай экан, бу йўлда Ботир Зокировнинг жадидона руҳда айтган ушбу даъвати замиридаги ҳақиқат йўли ҳар доим бизга йўлдош бўлиши керак.

ХАЛҚИМИЗ НЕГА УНИ СЕВИБ ЯШАМОҚДА?

Ботир Зокировда мажнунлик орзуси бўлгани ҳақида биламиз. Бир сўз билан айтганда, унинг номи — Ботир, қалби — Мажнун эди.

Ҳар иккисида ҳам тақдир битиклари ёзилган бу инсоннинг ботирлиги, аввало, санъат йўлидаги қаҳрамонлигида акс этади.

Ҳа, биз Ботир Зокировни миллий санъатимизни дунёга танитган чинакам қаҳрамон, деб айтгимиз келади. У санъат учун ҳаётини бағишлади. Ўзини, соғлиғини ўйламади, умрининг сўнгги нафасигача куйлади, баралла куйлади. Дунё санъат саройларини забт этди, инсонлар қалби унинг овози билан жунбишга келди.

“Шарқ тарихини ўқияпман. Жуда кўп нарсаларни билмаслигим аён бўлди. Ўз тарихимизни ғурурланиб, фахрланиб ўқиб-ўрганишни бошладим. Қанча-қанча очилмаган тенгсиз хазиналар. Ўз маданиятимизни ҳали жуда юксакларга кўтаришимиз керак. Албатта, кўтариш керак! Қандай қилиб? Ҳамма гап шунда.

Яна кўп нарсалар ҳақида фикр-мулоҳазалар юритишга ҳали имкониятим бор. Бир нарсани англадим. Шу пайтгача олган билимларим ҳеч нарсага арзимас экан. Ҳаммасини имкон қадар қайтадан бошлаш керак”, дея яшади, шунга интилди ва умри етгунича уддалади.

Юқорида умуммиллат ўйлари, муштарак соғинчларни тилга олиб, вужудий ҳиссиёт бирлиги ҳақида сўз очганимиз тасодиф эмас эди. Зеро, бизнинг бой маънавий меросимиз бир бутун вужуд касб этади.

Гапимиз исботи сифатида мақом ва бахшичилик санъатини олайлик. Мақомни ҳам, бахши айтимларини ҳам қалби пок ва нияти эзгу инсон эшитади. Нега шундай, дейсизми?

Халқимиз азал-азалдан самимийлик, табиийликни севиб яшаган. Жайдарилик, тўғрисўзлик бизга отамерос. Бу туғма моҳият ҳосиласи сифатида халқ оғзаки ижоди — достонлар, куй-қўшиқлар, мақом санъати яралган. Шу-шу мақому достонлар бизнинг вужудимизга айланган.

Унутилмас Ботир Зокировда ана шу оҳанг фалсафаси, ўзлигимизнинг ўлмас ах[1]бороти бор эди. Мана шу ўзлик куйи узоқ йиллардан буён “чангланиб” келмоқда. Бугун ҳам бу қутлуғ анъана бардавомлиги бизнинг бойлигимиз, борлиғимиздир. Шу боис, халқимиз Ботир Зокировни севиб эшитади, эшитаверади.

Дарвоқе, у кишининг мажнунлиги ҳақида. Мажнунлиги ҳаётга муҳаббат, инсонларда самимийлик ва ҳамжиҳатлик меҳрини, ватанпарварлик ҳиссини сингдириб кетди. Мажнунлиги билан халқимиз орзуларини куйлаб ўтди.

Ҳозир шулар ҳақида ўйлар эканмиз, бизнинг қандай буюк тарихимиз борлиги, қандай улуғ аждодларимиз яшаб ўтгани ва уларнинг дунёни уйғотувчи бой илмиймаънавий мероси давомчилари эканимизни ўйлаб, қалбимиз фахрга тўлиши шубҳасиз.

БУЮКЛИК ТАФТИ

Пойтахтимизда Ботир Зокиров ҳайкали очилиши маросими ўзига хос яхлит композиция касб этди. Президентимиз Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти фаолияти, Киночилар саройидаги Ўзбекистон кино санъати музейи ҳамда “Тирик тарих” лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Ўқитувчи ва талабалар, режиссёр ва актёрлар, киношунослар, соҳа мутасаддилари билан суҳбатлашди.

Жумладан, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтидаги мулоқот чоғида ёшларга қарата “Аввало, мана шундай даргоҳ билан сизларни, бутун санъатсевар ёшларимизни табриклайман. Биз бу ишларни нима учун қиляпмиз? Санъатимизнинг буюк меросини, ёшларимизнинг нималарга қодирлигини дунёга тараннум этиш учун. Институтга миллий санъатимизда феномен бўлган Ботир Зокиров номини берганимиз ҳам бежиз эмас. Бу ерда унинг муносиб издошларини тарбиялашни, истеъдодини юзага чиқаришни мақсад қилганмиз”, деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, Ботир Зокиров феномени барчамизга, ёшларимизга ибрат намунасидир. Унга муносиб издошларни тарбиялаш мақсадимиз замирида ҳам жуда катта марралар борлигини ҳар биримиз, айниқса, ёшларимиз чуқур таҳлил қилиб, бу ҳақиқатни онгига сингдириб олиш фурсати келган.

Биз Учинчи Ренессанс йўлидамиз. Унинг бунёдкорлари эса, ҳеч шубҳасиз, бугунги ёшларимиз бўлади. Шу боис, уларга катта йўллар очилмоқда, барча зарур шароитлар яратилмоқда.

Мақом ва бахшичилик санъатимизни поклик, самимийлик ва кўнгил ободлигига менгзадик. Унинг ўқилдизлари вужудимизда тобора мустаҳкамланиши йўлида яна бир мулоҳаза.

Ботир Зокиров ижоди, унинг ҳаёт йўли, матонати, сабру бардоши, жасорати, хуллас, биз ҳали билган-билмаган маънавий чизгилари ҳар биримиз учун катта ҳаёт мактаби бўлиши керак. Чунки ҳар бир миллатнинг, ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамонлари, феноменлари бўлади. Улар миллатни миллат, элни эл сифатида танитувчи БАХТ саналади. Ботир Зокиров ҳам ана шундай шахслардан бири эди.

Ўша бахт бизни тарк этган эмас. Аксинча, бугун тобора чўғланмоқда, шукуҳланмоқда. Келажакда буюклик тафтини таратгусидир.   

Салим ДОНИЁРОВ