Улар доим маҳсулотларимизга харидор. Аммо бизда маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш механизми йўлга қўйилмагани, аксарият қишлоқ хўжалик маҳсулотлари мавсумий етиштирилгани сабаб чет давлатлардан доимий импортёрларни топишда муаммолар ҳам бўлади. Ана шу масаланинг ечими сифатида давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан жорий йил бошида “Uzagrostar xolding” компанияси иш бошлади.

Пойтахтимизда мазкур компания ҳамда “Бизнесни ривожлантириш банки” AТБ ҳамкорлигида ўтказилган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг миллий брендини яратиш: экспорт салоҳиятини оширишда янги босқич” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида “Uzagrostar xolding” компаниясининг ўтган қисқа вақтдаги фаолияти натижалари таҳлил қилинди.

— Компаниянинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг миллий брендини яратиш ва экспортини ривожлантириш ҳисобланади, — дейди “Uzagrostar xolding” компанияси директори Фазлиддин Муҳиддинов. — Бунинг учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Компания уларга тупроқ таҳлилидан тортиб, экспортгача бўлган барча жараёнларда яқиндан кўмак беради. Холдинг муассислигида 16 та ихтисослашган компания ташкил этилган бўлиб, ҳар бир филиал маълум қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган ва улар 16 та базавий ҳамда 54 та қамраб олинган туманларда фаолият олиб бормоқда.

Ўтган давр мобайнида ҳудудий филиалларга бириктирилган туманларда 101 минг гектар ер майдонида ихтисослашган маҳсулотлар экилиши таъминланди. 16 та агростар компаниялари томонидан 693 гектар ер майдонида қиймати 608 миллиард сўмлик 20 та замонавий инновацион лойиҳа амалга оширилиши белгилаб олинган. Ҳозирда 8 та лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган.

Лойиҳаларнинг кўлами ҳам, қиймати ҳам катта. Уларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини замонавий, инсон омилисиз, энг сўнгги технологиялар ёрдамида етиштиришга эътибор қаратилмоқда. Асосан органик маҳсулотлар етиштирилади. Бундай маҳсулотларнинг жаҳон бозорида харидори кўп, даромади ҳам катта.

Шунингдек, агростар компаниялар томонидан базавий ва қамраб олинган туманларда “Томорқа мактаб”лари фаолияти ташкил этилмоқда. Жумладан, 7 та ихтисослашган компания ва лойиҳа офисларида “Томорқа мактаб”лари фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда томорқа ер эгалари, деҳқонлар маҳаллий ва хорижлик мутахассислар томонидан ўқитилади.

Матбуот анжуманида “Бизнесни ривожлантириш банки” AТБга бириктирилган “Янгийўл — Aгростар” МCҲЖ фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг дастлабки амалий натижалари ҳақида ҳам ахборот берилди.

Тадбир давомида журналистлар ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

        Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири