Шу муносабат билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот хизмати ички бозорда шакар нархлари тўғрисида маълумот берди. Унда ташқи ва ички бозорларда шакар нархининг ўзгариш динамикаси ва унга таъсир қилувчи омиллар келтириб ўтилган.

Қўшни ва МДҲ мамлакатларида нархлар ошиши, ўз навбатида, Ўзбекистон ички бозорида аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ҳам шакар нархи бўйича инфляцион кутилмалар кучайишига муайян маънода таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлди.

Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорлиги кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди.

Хусусан, жорий йилда мамлакатимизда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январь-май ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоиз кўпроқ (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ошганига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган), шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилди.

Бунга, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархлари ўсиши таъсир кўрсатмоқда.

Вазият аслида қандай? Хавотир олишга қанчалик асос бор? Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган шакар аҳоли эҳтиёжларини таъминлай оляптими? Аҳолини шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари “Ангрен шакар” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхона фаолияти, ишлаб чиқариш қуввати билан яқиндан танишди.

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқарувчи иккита йирик завод — “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” масъулияти чекланган жамиятлари фаолият юритади. 2014 йилда ташкил этилган “Ангрен шакар” йирик ишлаб чиқариш қувватига эга завод.

“Ангрен шакар” МЧЖ фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда шакар ишлаб чиқариш жараёни замонавий немис технологияси, компьютерлаштирилган дастур асосида олиб борилишига гувоҳ бўлдик. Корхонада операторлар махсус технологиялар ва компьютерлар воситасида шакар ишлаб чиқариш жараёнини масофадан туриб бошқаради, жараённи назорат қилади. Заводда 650 киши ишлайди. Иш тўрт навбатда ташкил этилган. Корхонада икки хил — экстра ва ТС2 турдаги шакар ишлаб чиқарилади.

— “Ангрен шакар”нинг ишлаб чиқариш қуввати бир кеча кундузда минг тоннани ташкил этади, — дейди завод бош технологи Баҳром Қурбонов. — Ҳозирги пайтда аҳолининг шакарга бўлган талабини қондириш мақсадида корхонамиз бир суткада 1100 тонна шакар ишлаб чиқаряпти. Ҳар ойда 30 минг тоннадан зиёд маҳсулот тайёрланяпти. Бу йилига 360 минг тонна дегани. Демакки, аҳоли ортиқча хавотир олишига асос йўқ. Биз барча имкониятларимизни ишга солган ҳолда аҳолини шакар билан узлуксиз таъминлаяпмиз. Бунинг учун бизда етарли хомашё бор. Омборларимизда тайёр маҳсулот захираси кўп.

Мазкур корхонада шакар таркибида сахароза софлигига ниҳоятда катта эътибор қаратилади. Давлат стандарти талаби бўйича шакар таркибида сахароза миқдори 99,7 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Айни пайтда корхона маҳсулотида бу кўрсаткич 99,8 фоиздан баланд. Шакарқамиш, асосан, Бразилия, шунингдек, Мексика, Аргентинадан ҳам келтириляпти.

Статистик маълумотларга қараганда, мамлакатимиз аҳолисининг шакарга бир йиллик эҳтиёжи 650 минг тоннадир. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги жорий йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 720 минг тонна ёки ўтган йилдагига нисбатан 22 фоиз кўпроқни ташкил этишини маълум қилди. Демакки, аҳолининг шакарга талаби узлуксиз қондирилиши учун имконият ва салоҳият етарли даражада. Шундай экан, ташвишланишга ҳожат йўқ.

Шаҳзод Ғаффоров,

“Янги Ўзбекистон” мухбири