Бундай тиббий хизматлар орқали аҳолида учрайдиган юқумли ҳамда юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, олдини олиш ва ўз вақтида даволашга эришилади.

Давлат аҳоли саломатлигини сақлаш ва ҳаёт сифатини ошириш мақсадида қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда. Жумладан, Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилишидан асосий мақсад ҳам давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган хизматлар харидини йўлга қўйиш.

Бошқа давлатлар амалиётини кузатадиган бўлсак, тиббий суғуртанинг бир неча турлари мавжуд. Масалан, Франция, Германия, Россия, Қозоғистонда мажбурий тиббий суғурта, Буюк Британия, Испания, Украинада эса давлат тиббий суғуртаси жорий этилган. Хусусан, Буюк Британияда тиббий хизматлар кўрсатилиши умумий солиқ тушумларидан молиялаштирилиб, аҳолига бепул тақдим этилади. Харажатларни эса Миллий саломатлик хизмати қоплайди. Францияда аҳолига тиббий хизматлар мажбурий тиббий суғурта асосида кўрсатилади ва ушбу тизим аҳолининг қарийб 90 фоизини қамраб олган. Суғурталанган шахслар тиббий ёрдам харажатларининг 80 фоизгача бўлган қисмини Бирламчи тиббий суғурта жамғармаси қоплаб беради.

Кўриниб турибдики, ҳар бир давлатда соғлиқни сақлаш тизимининг ўзига хос жиҳатлари бор. Ўзбекистонда эса ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Давлат тиббий суғуртаси модели танланган. Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, аҳоли маблағ (бадал) тўлаши кўзда тутилмаган ва мажбурийлик характерига эга эмас. Тиббий хизматлар кўрсатилиши давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан молиялаштирилади. Давлат тиббий суғуртаси аҳолини соғломлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тизим бўлиб, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, тиббий хизматлар кўрсатилишида очиқлик ва шаффофликни таъминлайди. Бунда Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябр даги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Унга кўра, Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси механизмларини тажриба-синов тариқасида жорий этишда бир қатор ютуқларга эришилди. Энг аввало, ушбу тизим учун тиббиёт муассасаларини тўлиқ ахборотлаштириш талаб этилгани сабабли рақамлаштириш йўлга қўйилиб, аҳолининг электрон рўйхати ва беморларнинг маълумотлар базаси яратилди. Тизимдаги поликлиника ва шифохоналарни миллий ягона ахборот тизимига улаш, ўзаро ахборот алмашинувини таъминлашга эришилмоқда.

Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнида Сирдарё вилоятида илк бор реимбурсация дастури амалиётга татбиқ этилган. Бунда сурункали касалликлардан гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги билан диспансер назоратида турган беморларни мунтазам ва бепул дори воситалари билан таъминлаш йўлга қўйилди.

Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, илгари сурункали беморлар рўйхатга олиниб, даволаниш буюрилган ва назоратга олинган. Афсуски, ҳамма бемор ҳам дори-дармонни ўз вақтида, қабул қилмагани сабабли уларда турли асоратлар пайдо бўлган. Эндиликда беморлар дорихонадан электрон рецепт асосида дори воситаларини бепул олмоқда. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси эса дорихоналарга берилган дори қийматини референт нархлар асосида қоплаб бермоқда.

Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш ҳамда аҳолининг барча қатламини сифатли тиббий ёрдам билан қамраб олиш мақсади қўйилган эди. Шунга кўра, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилиш, профилактика ва скрининг амалиётлари сифатини ошириш, оилавий шифокорлар ваколатини кенгайтиришга эътибор қаратилди. Оилавий шифокор беморларга тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтиши ва даволанишга муҳтож беморларга шифохонада даволаниши учун йўлланма бериши йўлга қўйилди.

Амалга оширилган изчил чора- тадбирлар натижасида юқумли бўлмаган касалликлар камайди. Шифохоналарга йўлланма асосида мурожаат 45 фоиздан 85 фоизга ошиб, беморларни асоссиз ётқизиш 45 фоиздан 20 фоизга камайди. Тор соҳа мутахассисларига мурожаатлар 16 фоизга камайгани ҳолда, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари кундузги шифохоналарида даволанганлар сони 75 фоизга ошгани ислоҳотларнинг ижобий жиҳатларини ўзида акс эттиради.

Жамғарма тиббий хизматлар хариди орқали тиббиёт муассасаларини бир сатрда молиялаштирмоқда. Бу учун маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар консолидация қилиниб, тиббиёт муассасаларига шу маблағлардан эркин фойдаланиш ваколати берилди. Йил охирида тиббиёт ташкилотларининг ғазна ҳисобварақларида фойдаланилмай қолган маблағлар қайтариб олинмайди ва улар тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, тиббиёт муассасасини ривожлантириш, ходимларни моддий рағбатлантириш учун ишлатилиши мумкин.

Янги тизимнинг яна бир ижобий жиҳати давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўртасидаги соғлом рақобатни вужудга келтиришидир. Бу билан давлат ҳар бир фуқарога ўзи хоҳлаган клиникада даволаниш, истаган шифокоридан тиббий маслаҳат олиши учун имконият яратмоқда. Зеро, аҳоли учун ишлаб чиқилаётган электрон дастурлар орқали касаллик бўйича қайси шифо масканига мурожаат қилиш, шифокор қабулига ёзилиш, буюрилган дориларни топиш каби масалаларга ҳам осон ечим топилади. Энг муҳими, амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлардан, яратиладиган қулайликлардан аҳоли беминнат баҳраманд бўлади. Бундан ташқари, беморлар узоқ вилоятлардан катта маблағ сарфлаб пойтахтга келиб, сарсон бўлишининг олди олинмоқда. Эришилган натижаларга асос ланиб, давлат тиббий суғуртасини бошқа ҳудудларга жорий этиш учун тайёргарликлар бошланган.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “...Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтишни тезлаштирамиз. 2023 йилдан бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади”, дея таъкидлаган эди.

Ҳозирда пойтахтнинг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олиниб, тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш, локаль тармоққа улаш, тиббий ҳужжатлар электрон айланишини йўлга қўйиш, замонавий молиялаштириш масалалари ҳамда реимбурсация дас турини амалиётга жорий этишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, бошқа ҳудудларда ҳам натижага асосланган молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, реимбурсация тизимидаги дори воситалари рўйхатини кенгайтириш ишлари босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.

Мамлакатимизда давлат тиббий суғуртаси механизмини жорий этиш янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланаётгани фуқаролар соғлиғини сақлаш, уларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун ҳуқуқий асос ва кафолат бўлиб хизмат қилади. Аслида ҳам инсон қадри ва халқ манфаати улуғланадиган юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотда аҳоли эҳтиёжлари  ҳисобга олинмоқда.

Фаррух ШАРИПОВ,

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори.

("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2023 йил 20 апрель, 76 сони.)