Одатда бу каби статистик маълумотлар одамлар учун қизиқ бўлибгина қолмай, муайян даврга оид қайдлар, демографик ва бошқа кўрсаткичларнинг умумий манзарасини кўрсатиб берадиган асосий омилдир.
Статистик рақамлар аниқ ва шаффоф бўлиши керак. Бунинг учун қадимдан турли усуллардан фойдаланиб келинган, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбаларни ярата олмаган. Бу даврлар, турли сиёсий вазиятлар, тарихий ноаниқликлар, шароит ва имкониятлар каби қатор омиллар билан боғлиқ. Аммо бугун энг замонавий, рақамлашган технологиялар асрида яшаяпмиз. Демак, статистикани ҳам аниқ маълумотлар асосида шакллантириш учун имкониятлар етарли. Кейинги йилларда юртимизда бу нафақат одамларнинг статистик рақамларга ишончини ошириш, балки мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бирига айланди.
Жорий йил бошида Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ҳам шу жиҳатдан юртдошларимиз орасида катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан жорий йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар давом этган мазкур тадбир бир ярим ой давомида мамлакатимиз ҳаётидаги тарихий ҳамда муҳим воқелик сифатида диққатимиз марказида бўлди. Юртдошларимиз унда фаол иштирок этиб, жараёнларга кутилганидан кўра юқори қизиқиш билдиргани, рўйхатдан ўтиш талабларига жиддий ва масъулият билан ёндашганига гувоҳ бўлдик.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги икки босқичда — онлайн ҳамда тегишли ходимлар уйма- уй юрган ҳолда рўйхатга олинди. Аввалига ҳамюртларимиз 15-31 январь кунлари census. stat.uz махсус ахборот тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтди. Натижаларга кўра, атиги 17 кунда мамлакатимиздаги жами хонадонларнинг 82,3 фоизида истиқомат қилувчи 30 миллиондан ортиқ киши онлайн рўйхатдан ўтган ва бу МДҲ давлатлари орасида ўзига хос рекорд кўрсаткичдир.
Рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи эса 4 февралдан 28 февралга қадар анъанавий, яъни хонадонма-хонадон юриб маълумот тўплаш тарзида давом этди. Бунда асосий эътибор онлайн босқичда иштирок этмаган ёки қўшимча аниқлаштириш талаб этилган хонадонларга қаратилган. Рўйхатга олувчи лар ҳар бир хонадонга кириб, тегишли маълумотларни махсус планшетлар орқали ягона электрон тизимга киритиб борди.
Очиғи, бир ярим ой давомида рўйхатга олиш тадбирлари халқимиз эътибори марказида турди. Қизиқиш юқори экани ўзаро муҳокамалар, интернет платформалари орқали билдирилган фикрлар, қатор саволларда ҳам кўзга ташланди. Мазкур саволларга мутасаддилар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформаларда мунтазам жавоб бериб борди. Тадбирларни ўтказишдаги очиқлик ва шаффофлик эса одамларнинг жараёнларга дахлдорлик ҳиссини янада оширди. Умуман, юртимизда илк бор бундай йирик форматда, жаҳон стандартлари асосида ўтказилган рўйхатга олиш тадбирларини кенг жамоатчилик, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда экспертлар фаол кузатиб борди.
Шу йил 28 февраль куни аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни расман якунланди. Энди унинг натижалари, кейинги жараёнлар ҳам кўпчиликни қизиқтирмоқда.
— Дастлабки маълумотларга кўра, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш умуммиллий тадбирида жами 8,3 миллион хонадонда яшовчи аҳоли тўлиқ қамраб олинди, — дейди Миллий статистика қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. — Бу жараёнда қўшимча турар жой объектлари, жумладан, янги қурилган уй-жойлар аниқланди. Аммо айрим ҳолатларда хонадон аъзоларининг вақтинча хорижда бўлиши ёки бошқа объектив сабаблар туфайли уйда бўлмаслиги натижасида кам сонли фуқаролар рўйхатга олишда иштирок эта олмаган бўлиши мумкин. Ушбу фуқаролар аҳолини рўйхатга олиш бўйича ташкил этилган колл-марказининг 1851 қисқа рақамига қўнғироқ қилиши лозим. Қайта ўрганишга масъул статистика органи ходимлари уларнинг хонадонига бориб, рўйхатга олади. Бундай ҳолатлар халқаро амалиётда ҳам учрайди ва умумий натижаларнинг ишончлилигига таъсир кўрсатмайди.
Айтиш жоизки, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш Ўзбекистон тарихида тўлиқ рақамлаштирилган, замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этилган ва қамрови бўйича энг йирик тадбирлардан бири бўлди. Жараён тўлиқ рақамли тизим асосида амалга оширилиб, инсон омилини камайтирувчи автоматик назорат механизмларидан фойдаланилди.
Энди маълумотларнинг аниқлиги ва сифатини баҳолаш мақсадида рўйхатга олиш натижалари қайта ўрганилади. Бу халқаро тавсияларда кўрсатилган бўлиб, март ойи давомида тасодифий танлаб олинган хонадонларга мутахассислар қайта боради. Одатда бундай қайта текширувлар умумий қамровнинг ўртача 5-10 фоизи доирасида бўлади. Бизда ҳам 10 фоизгача қамров асосида қайта ўрганиш режалаштирилган. Одамлар буни тўғри тушуниши, хонадонларга борадиган ходимлар қайта берадиган қисқа саволларга жавоб беришларини сўраймиз. Чунки рўйхатга олиш жараёни ниҳоятда жиддий бўлиб, ундаги ҳар бир маълумот аниқ ҳамда тўғри бўлишига эътибор қаратиляпти. Бунинг учун катта куч, ҳаракат ва ресурслар йўналтирилгани ҳолда, аниқ статистик маълумотларни шакллантириш зарур.
Рақамлар фарқланиши мумкинми?
— Рўйхатга олиш умуммиллий тадбир ва қамров ҳам шунга яраша бу — Ўзбекистоннинг 38 миллиондан ортиқ фуқароси ҳамда уларга тегишли мол-мулк, қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги маълумотлар дегани. Бу қўлимизга телефон қурилмасини олиб, сўровномадаги саволларга исталган рақамларни киритиб юборганимиз билан битадиган иш эмас. Ҳар бир рақам аниқ, текширилган, бир-бирини инкор этмайдиган бўлиши керак. Бунда шошма-шошарлик иш бермаслигини ўзимиз ҳам биламиз, керак бўлса, шуни талаб қиламиз. Рўйхатга олиш бир неча босқични қамраб олгани, маълумотлар қайта текширилиб, таҳлил қилиниши боиси шунда, — дейди Усмон Абдурасулов.
Биргина мисол: жараённинг иккинчи босқичида аҳоли онлайн тўлдирган сўровноманинг кўпида хатоликлар аниқланиб, тузатишлар киритилган. Танишларимдан бирининг айтишича, онлайн рўйхатдан ўтганида амалиёт якунланган, аммо бошқаларникидан фарқли тарзда экранда исм-фамилияси кўрсатилмаган. Кейинроқ уйига келган маҳалла ходими бу ҳолат сўровномани нотўғри тўлдиргани, айрим маълумотлар чиқариб юборилгани, айримлари эса хато киритилгани билан боғлиқлигини айтган. Қўлидаги планшет орқали бир неча дақиқада унинг маълумотларини қайта киритиб, рўйхатдан ўтиш жараёнини тўлиқ якунлаб берган.
Гап шундаки, танишимнинг аввал онлайн рўйхатдан ўтгани ишни осонлаштирган. Чунки маълумотларни бошидан киритгандан кўра, хатоларнинг ўзинигина тузатиш ходимга ҳам осон кечган. Қолаверса, унинг рўйхатдан ўтиши бутун оиласи учун етарли бўлиб, хонадоннинг бошқа аъзолари безовта қилинмади. Боиси, улар ҳақидаги маълумотлар ҳам бир шахс орқали параллел тарзда киритилган.
Яъни рўйхатга олиш жараёни бирдан анъанавий тарзда эмас, аввал онлайн амалга оширилгани шу жиҳатдан қулайлик бўлган. Қолаверса, жараён одамлар учун қийинчилик туғдирмади, ходимларнинг ўзи хонадонларга бориб, рўйхатга олди. Бунга кўп вақт ҳам керак бўлмади. Аммо биргина ана шу ҳаракат орқали юртимиз ҳаётидаги катта ва муҳим жараёнда иштирок этиб, энг тўғри статистик маълумотлар тўпланишига ҳисса қўшаётганимизни ҳис қиламиз. Ахир, рўйхатга олиш бу — амалда мамлакат ҳудудида яшаб турган аҳолини тўғридан тўғри ҳисобга олиш бўлиб, демографик ҳисоб-китобларни аниқлаштиришга хизмат қилади ва келгуси йиллар учун ишончли статистик базани яратади.
Тўғри, шу вақтга қадар ҳам мамлакатимизда аҳоли сони статистикаси эълон қилиб борилган, аммо у эскича усулларда ҳисобланган. Демак, ҳозирги рўйхатга олиш натижасида бу рақамлар ўзгариши ва аввалги расмий маълумотлардан фарқ қилиши ҳам мумкин.
— Мустақиллик йилларида аҳоли сони тўлиқ рўйхатга олиш орқали эмас, балки демографик ҳисоб-китоб усули асосида аниқлаб келинган, — дейди Миллий статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Зойир Йўлдошев. — Бунда асос сифатида 1989 йилги сўнгги рўйхатга олиш натижаларида аниқланган 19,7 миллион фуқаро сони қабул қилинган. Кейинги йилларда 1989 йили қайд этилган 19,7 миллион киши сони демографик баланс усули асосида янгилаб борилган. Яъни ҳар йили туғилганлар сони қўшилган, вафот этганлар сони айирилган, хориждан доимий яшаш учун кўчиб келганлар қўшилган ҳамда мамлакатдан доимий яшаш учун чиқиб кетганлар сони айириб борилган. Шу тартибда аҳолининг жорий сони ҳар йили янгилаб келинган ва 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 38 миллион 236 минг 704 кишини ташкил этган.
Рўйхатга олиш натижасида аҳоли ёки чорва сони расмий жорий маълумотлардан муайян даражада фарқ қилиши мумкин. Бу — табиий ҳолат. Чунки шу вақтгача аҳоли сони демографик ҳисоб-китоблар асосида, чорва сони асосан ҳисобот топшириш орқали шакллантирилган. Рўйхатга олиш эса амалдаги ҳолатни манзилга чиқиб, бевосита ҳисобга олиш жараёни бўлиб, аввалги баҳолашлар билан реал натижалар ўртасида фарқ кузатилиши эҳтимоли мавжуд. Бу фақат Ўзбекистонга хос эмас, хориж тажрибасида ҳам рўйхатга олишдан кейин айрим ҳудудларда аҳоли сони кутилгандан кам ёки кўп чиққан ҳолатлар учрайди. Аммо рўйхатга олишдан мақсад рақамни ўзгартириш эмас, балки уни аниқлаштиришдир.
Дастлабки статистика июлга қадар чиқарилади
Шундай қилиб, узоқ тайёргарлик кўрилган ва юртдошларимиз катта қизиқиш билан кутиб олган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири фаоллик билан ўтказилди ва февраль сўнгида расман якунланди. Одамлар эса олинган статистик маълумотлар бирдан эълон қилинишини кута бошлади. Аммо мутасаддилар қайта ўрганиш, барча маълумотлар йиғилгандан кейин уларни қайта ишлаш, текшириш ва таҳлил қилиш муайян муддат талаб этишини билдирди. Маълумотларга кўра, айрим хорижий давлатлар тажрибасида рўйхатга олиш натижалари 2-3 йил мобайнида қайта ишланиб, шундан кейин босқичма-босқич эълон қилинган. Бироқ бизда бу жараён узоққа чўзилмаслиги айтилмоқда.
— Бизда маълумотларни киритиш жараёнининг ўзидаёқ мантиқий назорат механизми жорий этилгани, яъни реал вақт режимида огоҳлантиришлар орқали хато ва камчиликлар дарҳол тузатиб борилаётгани маълумотларни қайта ишлашни сезиларли даражада тезлаштиради, — дейди Усмон Абдурасулов. — Ҳозир онлайн ва уйма-уй юриб йиғилган маълумотлар ягона базада жамланмоқда, техник ва мантиқий текширувдан ўтказиляпти. Шунингдек, номувофиқлик ҳолатлари бўйича қўшимча таҳлиллар амалга оширилмоқда. Дастлабки натижалар жорий йилнинг 1 июлига қадар, якуний ва тўлиқ таҳлил қилинган расмий маълумотлар эса 2027 йил 1 июлга қадар эълон қилиниши режалаштирилган. Бу рақамлар шунчаки йиғилган маълумот эмас, балки бир неча босқичли текширувдан ўтган, аниқлаштирилган ва расмий тасдиқланган ишончли натижалар бўлади.
Яъни ҳар биримиз ҳақимиздаги маълумотлар асосида мамлакатимизнинг умумий статистикаси шакллантирилади. Бу қанчалик катта база экани, ундаги ҳар бир рақам муҳимлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бошқа жиҳатдан, бу маълумотларни хавфсиз сақлаш ҳам жиддий масала эканини яхши тушунамиз.
Мутасаддиларнинг изоҳлашича, фуқаролар тақдим этган барча маълумот амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади. Шахсий маълумотлар махфий сақланиб, фақат умумлаштирилган статистик кўринишда ишлатилади. Уларни сақлашда ҳам барча чоралар кўрилган. Ахборот тизими юқори ишончли ва захираланган маълумотларни қайта ишлаш марказида жойлаштирилган бўлиб, миллий сертификатга эга криптомодуль орқали маълумотлар шифрланган ҳолда сақланади. Статистик қайта ишлашдан олдин маълумотлар шахссизлантирилиши, яъни умумлаштирилган кўринишга келтирилиб, муайян фуқарони аниқлаш имконияти тўлиқ чекланиши айтилмоқда.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири