Таъкидланганидек, сўнги тўрт йил мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси учун улкан ислоҳотлар йили сифатида тарихга кирди, соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббий хизмат, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, дори таъминотини яхшилаш, малакали кадрлар билан таъминлаш, тиббий таълимни ривожлантириш каби барча йўналишларида қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш вазифаси белгиланган. Бунда кафолатланган пакетга киритиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш, тажриба-синов натижаларидан келиб чиқиб ушбу амалиётни республикага татбиқ қилиш режалаштирилган.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доирасини белгилаб, пулли ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилмагани фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилаётган муаммолардан биридир. Депутатларнинг ҳудудлардаги учрашувларида ҳам фуқаролар томонидан даволаш-профилактика муассасаларида айрим ҳолатларда пулли хизмат кўрсатилаётгани, уларнинг туман шифохоналарида даволаниш чоғларида шифокор томонидан рецепт ёзиб бериб, зарур дори-дармонларни олиб келиниши сўралаётгани эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
Шунингдек, фуқаролар пулли ва бепул тиббий хизматларнинг турлари, пулли тиббий хизматлардаги нарх-навонинг шаклланиш асослари тўғрисида кўплаб саволлар билан мурожаатлар қилмоқда. Ҳаттоки, баъзи тиббиёт ходимлари ҳам қандай тиббий хизматлар давлат томонидан қопланиши тўғрисида аниқ тушунчага эга эмас эди.
Соҳада учраётган бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет ишлаб чиқилиб, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари билан келишган ҳолда тасдиқланди. Унга мувофиқ, аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлар кўрсатиш дастлаб, тажриба синов тариқасида Сирдарё вилоятида йўлга қўйиш белгиланди ва бу бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Аҳолига кафолатланган пакет доирасида мутлақо янги патронаж тизими, тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник харажат гуруҳлари бўйича киши бошига молиялаштириш тизими ва давлат тиббий суғуртаси жорий этилади.
Тадбирда иштирокчилар томонидан кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар, уларнинг қандай мезонлар асосида киритилгани, бу хизматлар қайси муассасаларда амалга оширилиши, қандай дори воситалари бу пакетдан жой олгани, уни амалиётга жорий қилиш тўғрисидаги масалалар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини янада оширишга қаратилган ишлар изчиллигини таъминлаш, жамиятимиз, халқимиз ва мамлакатимизнинг янада равнақ топишига хизмат қиладиган, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан мунтазам парламент ва депутатлик назорати олиб борилиши таъкидланди.
Давра суҳбатида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини жойларда ўрганиш ва унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилиб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.