Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 804-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жорий йил бошидан бугунги кунгача сув таъминоти корхоналари томонидан хорижий кредитлар бўйича 139,3 млрд сўмлик мажбуриятлар бажарилган. Жами 1 729 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 20 363,6 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилган ҳамда реконструкция қилинган.

Ичимлик суви таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилишни назоратга олиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан “Smart qurilish” электрон платформаси орқали «онлайн» режимда назорат ишлари олиб борилмоқда. Соҳада коррупциянинг олдини олиш ва тендер савдолари жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида комплаенс тизими жорий этилган.

2021 йилнинг январь-май ойларида 97,6 минг абонент (ёки 258,2 минг нафар аҳоли) ва 342 та юридик корхона билан икки томонлама шартномалар тузилган бўлиб, “Watercontrol” биллинг дастурига киритилган.

Жорий йилнинг январь-май ойларида ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сув тармоқларига 367 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб, жами 1,4 млрд сўмлик зарар ундирилган.

Маълумотлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида истеъмолчилар шахсий кабинети (cabinet.uzst.uz) саҳифаси яратилган.

Истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upаy, oson вa бошқалар) билан шартномалар тузилиб, биллинг базасига интеграция қилинган.

Натижада электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upаy, oson) орқали жорий йил январь-май ойларида 66,8 млрд сўм келиб тушиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (34,2 млрд сўм) нисбатан 95 фоизга ошган.

Ушбу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.