Олмалиқ шаҳри ўзининг кўп қиррали тоғ-кон оғир саноат металлургияси, замонавий металл ишлаб чиқариш технологиялари билан бугунги мустақил Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётида қанчалар катта аҳамиятга эга бўлса, унинг яқинида жойлашган қадимги Тункат шаҳри қора ва рангли металл ишлаб чиқаришда ундан ҳам ўн карра юксак аҳамиятга молик бўлган.
У Қурама тоғ тизмаларидан Оҳангарон дарёси томон оқиб тушган Отчопарсой билан Совуқбулоқсой оралиғида, баланд жарлик устида жойлашган. Бу ҳозирги Обиз қишлоғидан Қурама тоғ томон пандуссимон кўтарилиб борувчи адирликлар ҳудудига тўғри келади. Қадимги Тункат 200 гектар майдонни эгаллаган қадимги йирик металлургия шаҳри бўлган.
Археологик изланишлар шуни кўрсатадики, унинг ҳудудида минглаб руда эритиш ва ихтисослашган металл устахоналари мавжуд бўлган. Уларда ишлаб чиқарилган металл хомашёси ва ундан тайёрланган ҳарбий ҳамда меҳнат қуроллари яқингача жаҳон бозорининг камёб бозоргир маҳсулотлари эди. Тункатнинг тўртдан бир қисмида металлург-деҳқонзодаларнинг турар-жой қасрлари, хунармандлар кулбалари жойлашган бўлса, шаҳарнинг бешдан тўрт қисмида руда эритиш ўчоқлари (печьлар), эритилган металл хомашёсидан турли хил меҳнат ва ҳарбий қуроллар, уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш устахоналари, шаҳар бозори, савдо дўконлари, карвон саройлар ҳамда меҳмонхоналар жойлашган.
Тарихий манбаларда Оҳангарон водийсининг йирик металлургия шаҳри Тункатда VIII асрда “Маъдан аш-Шош” зарбхонаси ташкил топгани, унда соф олтин ва кумушдан зарб этилган динор ва дирҳамлар IX–XII асрларда Ўрта ва Яқин Шарқ ҳамда Ғарб мамлакатларига товар сифатида кириб борганлиги ҳақида кўплаб маълумотлар учрайди. Ҳатто у мамлакатларда Илоқ кумуш тангалари хазиналари топилган. X асрда Сомонийлар давлатининг зарбхоналари фақат Самарқанд ва Илоқнинг Тункат шаҳрида фаолият олиб борган.
XIII аср бошларида шаҳар Ўрта Осиёнинг қатор шаҳарлари қаторида Чингизхон босқини туфайли вайронага учраб, Тункат ўз ўрнида қайта тикланмади, фақат Оҳангарон дарёси соҳилида Обиз қишлоғи Дашти қипчоқ Шайбоний ўзбеклари даврида ташкил топган.
Тункат милодий IV–V асрларда қишлоқ сифатида шаклланади, милодий VI аср бошларидан металлурглар шаҳрига айланади. Бу улкан шаҳарнинг шимоли-шарқида V–XIII аср бошларига тегишли металл эритиш печьлари, улар атрофида металл тошқоллари уюм-уюм бўлиб ҳозиргача сақланиб қолган. Тункат ҳудудий доирасида мингдан ортиқ металлург-деҳқонзодаларнинг атрофи алоҳида мудофаа деворлари билан ўраб олинган мулки, рудадан металл эритиб олиш устахоналари, айни вақтда савдо карвонсаройлари бўлганлиги кўзга ташланади.
Металл ишлаб чиқариш сувсиз бўлмаслигини қадимги металлурглар яхши билишган. Шу боисдан Совуқбулоқсойдан Отчапорсой томон магистрал канал қазилган. Шаҳар ҳудуди ер рельефига кўра секторларга бўлиниб, уларнинг ҳар бирига магистрал қаналдан шаҳар майдони оралаб узунасига ва кўндалангига юзлаб канал қазилганлиги ҳақида гувоҳлик берувчи ариқ излари учрайди. Канал ва ариқлар бўйлаб ҳовузлар қазилиб, уларнинг ҳажми аслзода-металлург мулкининг ишлаб чиқариш имкониятидан келиб чиққан. Шунинг учун бир мулк олдида катта, бошқаси олдида кичикроқ ховуз бор. Ховузлар, ариқ ва каналлар ёқалари бўйлаб руда эритиш печьлари жойлаштирилган. Уларнинг тошқол-чиқиндилари ҳар бир руда эритиш печи теварак-атрофида сочилиб ётибди. Мазкур ҳолат Тункатнинг барча қисмларида яққол кўзга ташланади ва магистрал канал бўйлаб ғарбда то Совуқбулоқсойгача давом этган.
Афсуски, бугун қадимда 200 гектарли Тункат шаҳрининг жанубий чегарасидан ўтган канал ва мустақиллик йилларида шаҳарнинг қоқ ўртасидан ўтказилган Олмалиқ-Ангрен йўлига қадар бўлган ҳудудлар, шунингдек Тункат ғарбий майдонининг катта қисми фермер хўжаликларига берилиб, замонавий техникалар ёрдамида текисланиб, экин майдонларига ҳамда мевазор боғларга айлантириб юборилган.
Ҳозирги кунда қадимги Тункатнинг атиги тўртдан бир қисми сақланиб қолган. Бу туман мутасаддиларининг тарихий тафаккури ва миллий ғурури хаминқадар эканидан далолат. Чунки қонуний жиҳатдан маҳаллий жавобгар – масъул шахслар ноёб маданий мерос объектларини авайлаб асраш, сақлаш ўрнига уларни кўр-кўрона талан-тарож қилганини, тузатиб бўлмас жиноятга қўл урганини кўрсатади.
Яна бир бор афсуски, Оҳангарон туман ҳокимияти уларни сақлаш учун бирламчи давлат масъули бўлишига қарамай, Обиз қишлоғи аҳолиси томонидан Тункатнинг шимолий чегара районларини ўзлаштириб олиш ҳаракатларига ҳозиргача кўз юмиб келмоқда. Тункатнинг шарқий катта қисмини ноқонуний эгаллаб олган бир шахсга нисбатан Тошкент вилояти моддий маданият инспекцияси томонидан жиноий иш қўзғатиш учун тегишли ҳужжатлар билан мурожаат қилинганига бир йилдан ошди, аммо туман ва вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозиргача ўз хукмини чиқармади.
Бундай лоқайдларча муносабатга қачон чек қўйилади?
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган сиёсат, қатьиятлик билан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, чиқараётган умумбашарий фармон ва қарорлар қоғозда қолиб кетаверадими?
Аҳмадали АСҚАРОВ,
Ўзбекистон ФА ҳақиқий аъзоси,
Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби