Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, кинофестивалнинг сўнгги кунида ғолиблар эълон қилинди. Унга кўра, таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев «Самарқандда қовун таровати» бадиий фильми учун «Felix» бош мукофотига сазовор бўлди.
Ушбу кинофестивалнинг мақсади кино, дизайн ва маданият орқали инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборат. Фестивалда қатнашаётган фильмлар намойиши Миландаги машҳур кинотеатридан бири - «Антео» кино саройида бўлиб ўтади.
Жорий йилда ўтказилган «Premio Felix» халқаро киноанжуманига тақдим этилган кинолар продюссер Роберто Бесси, Италиянинг «24 Ore News» ахборот агентлиги бош муҳаррири Алессандро Трани, санъатшунос Влада Новикова, режиссёр Лучано Боскеттидан иборат ҳамкамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Фестивалнинг ёпилиш маросимини италиялик актриса Микела Ди Мартино ҳамда актёр ва қўшиқчи Георгий Чкареули олиб борди.
«Самарқандда қовун таровати» бадиий фильми оддий Самарқанд маҳаллаларидан бирида яшаётган одамларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.
Али Ҳамроев бу йил 85 ёшга тўлди. Унинг фильмлари ўзбек ва хорижий кино ихлосмандлари ўртасида жуда машҳур. Али Ҳамроев сўнгги йилларда Италияда яшаб келмоқда. Таниқли кинорежиссёр 1976 йилда Ўзбекистонга сафар қилган машҳур италян кинорежиссёри Микеланжело Антонионига ҳамроҳлик қилган ва у билан узоқ йиллар дўст тутинган.
Али Ҳамроев томнидан суратга олинган «Оқ, оқ лайлаклар», «Ёр-ёр», «Еттинчи ўқ», «Шижоат» «Инсон қушлар ортидан боради», «Тансоқчи», «Сени эслайман» каби фильмлари кўпгина мамлакатларда катта муваффақият қозонган.