Учрашув аввалида Хитой корпорацияси вакилларига Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароит ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўз навбатида, хорижлик меҳмонлар Alibaba платформасининг имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказди. Шунингдек, Alibaba.com сайтида компанияларни рўйхатдан ўтказиш бўйича батафсил маълумот беришди.

«Alibaba Group» корпорациясининг МДҲ мамлакатлари бўйича менежери Мария Каданцева Ўзбекистон иқтисодиёти бугунги кунда Осиёда жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири бўлиб, ишлаб чиқариш ва сармоявий салоҳият, экспорт ҳажми борасида юқори натижаларни кўрсатаётганини таъкидлади. «Шу сабабларга кўра биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Онлайн платформамизда тайёр чарм, чарм буюмлар ва пойабзалларга талаб ортиб боряпти. Айни турдаги маҳсулотлар савдосидаги энг йирик харидорлар учлигида АҚШ, Испания ва Хитойни кўриш мумкин. Етказиб берувчилар орасида эса Хитой ва Ўзбекистон етакчидир. Маҳсулотларнинг рақобатбардошлик даражаси бўйича платформада Ўзбекистон катта устунликка эгадир. Умид қиламизки, Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал корхоналари бизнинг платформамизда энг яхши савдо натижаларига эришади».

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати корхоналарининг оммабоп онлайн савдо майдончасига кириши экспорт ҳажмини қўшимча 50-80 миллион долларга оширади. Пойабзал, чарм буюмлар, мўйнали кийимлар экспорт географиясини кенгайтиради. Улгуржи ва чакана савдо корхоналарининг 190 га яқин хорижий давлатларнинг истеъмолчилари билан тўғридан-тўғри савдо алоқаларини ўрнатишига хизмат қилади.

Айни вақтда Alibaba.com Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал ва мўйна корхоналарини рўйхатга олиш ва уларнинг маҳсулотларини жойлаштиришни бошлади. Alibaba Group мутахассислари Ўзбекистонлик тадбиркорларга платформадан фойдаланиш ва ишларни оптималлаштиришда техник кўмак беради.

Корпорация вакилларининг маълумотларига кўра Alibaba Group Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги экспортни рағбатлантириш агентлиги билан келишган ҳолда йил охирига қадар субсидия ажратиш бўйича яна 100 та квота ажратади, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.