Анжуманда Ўзбекистон элчиси Баҳодир Абдуллаев, ИҲТ Маданият институти раиси Сарвар Бахти, Эрон парламенти депутати, Форс тили ва адабиёти академияси ва «Саъдий» халқаро жамғармаси президенти Ғулом Ҳусейн Ҳадод Одил, Эронда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ҳамда Ўзбекистон, Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва минтақамизнинг бошқа давлатларидан етакчи навоийшунос олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистонда Алишер Навоийнинг илмий ва адабий меросини сақлаш ва уни кенг тарғибот қилиш борасида далатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга юксак баҳо берилди. Ушбу амаллар нафақат Ўзбекистон, балки ИҲТ минтақаси мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Алишер Навоий ижодий меросини ўрганиш бўйича таниқли тадқиқотчи, кўплаб мақола ва китоблар муаллифи, «Дўстлик» ордени соҳиби Муҳаммадзаде Ҳусейн Сиддиқ билан ҳамкорликда Навоийнинг «Қирқ ҳадис» асарига бағишланган китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Конференция иштирокчилари Алишер Навоийнинг бой меросига оид фикр-мулоҳазаларини изҳор қилди.
Сарвар Бахти, ИҲТ Маданият институти раиси:
- Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси бутун минтақанинг умумий ютуғидир. Навоий нафақат ўзбек, балки форс тилида ҳам кўплаб асарларнинг муалифидир. У Навоий тахаллуси остида ўзбек тилида ижод қилган бўлса, унинг форсий тилдаги ижоди Фоний тахаллуси билан танилган.
Осиё ренессанс даврининг илғор мутафаккири саналган Навоийнинг жаҳон адабиётига қўшган ҳиссаси маданиятларнинг ўзаро таъсирининг ёрқин намунасидир.
Навоий бутун ҳаётини туркий тилнинг равнақи учун бағишлади ва бу борада улкан ютуқларга эришди. Унинг туркий тилдаги ноёб ёзув услуби ўз даврида нафақат темурийлар салтанатида, балки Қашқардан тортиб то Табриз ва Истанбулгача жудда катта ҳурмат ва эҳтиромга эга бўлган.
Буюк шоирнинг асарлари ҳам жаҳон миқёсида жуда кенг тарқалган. Унинг асарлари форс, итальян, немис, француз, ҳинд, турк, инглиз, рус, озарбайжон, туркман ва бошқа тилларга таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилмоқда.
Ғулом Ҳусейн Ҳадод Одил, Эрон парламенти депутати, Форс тили ва адабиёти академияси ва «Саъдий» халқаро жамғармаси президенти:
- Мен Алишер Навоий каби буюк маданият элчилари тушунчаси тўғрисида ўз фикрларим билан бўлишмоқчиман.
Маданият элчилари жисмонан мавжуд бўлмаслиги мумкин, яъни улар ўтган асрларда яшаган бўлиши мумкин.
Аммо уларнинг руҳи, фикрлари, хотиралари ва асарлари халқларнинг онгида қолади. Навоий Ўзбекистон, Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва минтақамизнинг бошқа халқлари ўртасидаги маданият элчиси ҳисобланади ва улар томонидан ардоқланади.
Буюк шоир туркий ва форсий тилларда сўзлашувчи халқлар ўртасида маданий алоқаларни ўзининг ушбу тиллардаги турли ғазал, шеър ва асарлари орқали мустаҳкамлашга ва ривожлантиришга муваффақ бўлган.
Шунинг учун, Алишер Навоийни абадиятга йўғрилган миллатлараро маданият элчиси десам, ҳеч муболаға бўлмайди.
Алишер Навоийнинг бой ижодий меъросини чуқур ўрганиш ва уни қайта нашр этиш ҳамда мутаффакирнинг илмий ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича марказларни бутун минтақамиз бўйлаб очиш мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйламан.
Баҳодир Абдуллаев, Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси:
- Буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат ўзбек халқи, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади.
Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда қатор хорижий давлатларда Навоийнинг ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимиздаги улкан воқеаларга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилди.
Бундан ташқари, буюк шоир ва мутафаккир ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий орденини ҳам таъсис этилди.
Муҳаммадзаде Ҳусейн Сиддиқ, навоийшунос олим, профессор
- Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиёти тараққиёти тарихида алоҳида аҳамиятга эгадир.
Санъат ва мафкура нуқтаи назаридан Алишер Навоий бутун дунё маданиятига ўз ҳиссасини қўшган бўлса, тил нуқтаи назаридан туркий халқлар маданиятига улкан хазина тақдим этди. Шунинг учун ҳам Навоий тили, яъни ўзбек адабий тили, ҳозирги кунда ҳам жаҳон тилшуносларининг ва илмий тадқиқотчиларининг диққат марказида бўлиб келмоқда, жумладан менинг ҳам.
Навоий ўзбек адабий тилининг ажралмас бўлаги бўлган ўзбек атамашунослигининг шаклланиши ҳамда тараққий этишига катта хизмат қилган шахсларнинг сардоридир. Унинг асарларини таҳлили шуни кўрсатадики, бугунги ўзбек терминологияси, хусусан, китобатчилик терминологияси шаклланишини ўрганишда асосий манба сифатида хизмат қилмоқда.