Алишер Навоий нафақат буюк шоир, балки одил ва доно давлат арбоби сифатида тарихда ўз ўрнига эга. Унинг шахсияти, давлат бошқаруви ва ижодий мероси ўртасидаги боғлиқлик бугунги кунда ҳам тадқиқотчилар учун қизиқиш уйғотади. Шу муносабат билан биз Навоийшунос Орзигул Ҳамроева билан суҳбатлашдик ва қуйидаги муҳим жиҳатларни ўрганишга ҳаракат қилдик.

1. Алишер Навоийнинг давлат бошқарувида оғзаки ҳисобот амалиётини жорий этгани қай даражада тарихий манбалар билан тасдиқланган ва бу усул ўша давр учун қанчалик ноёб эди?

– Алишер Навоий шахсияти ҳақида гапирганда, нафақат шоир, балки кучли давлат арбоби, сиёсатчи бўлганини таъкидлаш лозим. Буни унинг асарлари ва Навоий шахсиятини ёритувчи манбалар тасдиқлайди. Масалан, «Вақфия» асари шоирнинг қурдирган иншоотлари, мадраса, масжид ва хонақоҳлари, шунингдек, сув таъминоти учун ажратилган маблағлар ҳақида муҳим маълумот беради. Таъбир жоиз бўлса, бу асар Навоийнинг амалга оширган бунёдкорлик ишлари ва харажатлари бўйича очиқ ёзма ҳисоботдир.

Оғзаки ҳисобот амалиёти Навоий даврида ҳам шоҳ саройларида мавжуд бўлган, фақат расмий номи ҳисобот эмас эди. Амир Темур салтанатидаги вазирлар, қўмондонлар ва солиқ бошлиқларидан ишлар, мавжуд камчиликлар ва аҳоли ҳолати ҳақида мунтазам маълумот олинган. Навоий одил бошқарувчи сифатида ана шу жараённи такомил етказган ва турли мансаб вакилларидан мунтазам ҳисоботлар қабул қилган. Бу фаолият «Вақфия», «Тазкират уш-шуаро», «Бадоеъ ул-вақоеъ», «Хулосат ул-ахбор», «Макорим ул-ахлоқ» каби асарларда батафсил ёритилган.

2. Навоийнинг сув таъминоти ва йўлсозлик ишларида шахсан иштирок этгани унинг давлат арбоби сифатидаги қиёфасини қандай янги жиҳатлар билан бойитади?

– Навоий одил раҳбар, ақлли сиёсатчи ва сахий тадбиркор эди. У фақат адолат тарафдори ва халқ ҳимоячиси бўлган. Хусусан, Хайробод мавзесида бошлаган тўғон қурилишида шахсан иштирок этгани унинг давлат ишларига яқинлигини кўрсатади. Афсуски, иғвогарлар туфайли Навоий бу қурилишдан четлатилган, аммо фаолият унинг ўз ташаббуси ва хайрияси эвазига амалга оширилган.

Темурий ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Навоийнинг йўлсозлик, сув таъминоти ва бунёдкорлик фаолиятини юқори баҳолайди: «фуқаро ва дарвешларнинг фаровонлиги учун ҳаракат қилиб, мунча бинойи хайр қилган». Шу билан Навоий одил бошқарувчи сифатида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга катта эътибор бергани аён бўлади. Натижада ҳудудлар сув билан таъминланган, экин майдонлари кенгайган ва халқ фаровонлиги ошган.

3. Давлат ишлари билан банд бўлган ҳолда Навоийнинг ижодий жараёни «жонли» тарзда кечгани унинг шеърияти мазмуни ва услубига қандай таъсир кўрсатган?

– Ижодий жараён билан давлат арбоби фаолиятини бир вақтда олиб бориш қийин бўлган. Навоий руҳий азобларни бошдан кечирган, ҳатто эркин ижод учун Ҳусайн Бойқародан озодлик сўраган. Аммо унинг юксак салоҳияти урушларнинг олдини олиш, шахзодаларни яраштириш ва халқ-ҳокимият муносабатларини тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Натижада, шоирнинг Ҳусайн Бойқаро сиймосидаги одил шоҳ ҳақидаги қарашлари «Садди Искандарий», «Сабъаи сайёр», «Ҳайрат ул-аброр», «Маҳбуб ул-қулуб» каби асарларга акс этган ва унинг ижодида ижтимоий масалаларга чуқур эътибор берилишига сабаб бўлган.

4. Навоийнинг турли тахаллусларни турли аудитория учун онгли равишда танлаши адабий стратегия сифатида қандай аҳамиятга эга?

– Навоий Форсий тильдаги асарларига Фоний, туркий тильдаги асарларига Навоий тахаллусини қўйган. Бу унинг икки тильда ҳам моҳирона ижод қилган бетакрор шоир эканлигини кўрсатади. У сарой тили даражасидаги форс тилидан фойдаланиб, туркий тильда ҳам юқори бадиий даражадаги асарлар яратган.

5. Навоий жорий этган китобларни вақтинча бепул фойдаланиш тизимини бугунги кутубхона маданияти билан қиёслаш мумкинми?

– Албатта. Бугунги кунда китоблардан бепул фойдаланиш тизими ёшларни китобга қизиқтиришда муҳим аҳамиятга эга. Навоийнинг асарлари орқали китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва билимга бўлган қизиқишни ошириш мумкин.

6. Айрим манбаларда Навоийнинг шахсий мулкларини жамоат манфаати учун беришга қарши бўлмагани қайси ахлоқий тамойиллар билан изоҳланади?

– Навоий кўзи тўқ раҳбар эди. У ўз меросини, подшоҳ томонидан берилган ер-сувларни мамлакат ободончилиги ва халқ фаровонлиги йўлида сарфлаган. Бобур ёзганидек, Навоий «мирзоға куллий маблағлар пешкаш қилур эди». Бу унинг одил бошқарувчи ва хайрия руҳиятини тасдиқлайди.

7. Навоийни фақат шоир эмас, балки менежер ва жамоат ислоҳотчиси сифатида ўрганиш навоийшуносликка қандай янги йўналишлар очади?

– Бугунги навоийшунослик нафақат шоирнинг адабий меросини, балки унинг давлат раҳбари ва жамоат ислоҳотчиси сифатидаги фаолиятини ҳам ўрганмоқда. Бу Навоий асарларини тўғри англаш ва унинг шахсияти билан бир бутун сифатида кўриш имконини беради.

8. Навоийнинг давлат бошқаруви ва ижод ўртасидаги мувозанати бугунги зиёли ва раҳбарлар учун қандай амалий сабоқлар беради?

– Навоийнинг ижод ва бошқарувдаги мукаммал мувозанати унинг умумбашарийлигини таъминлаган. У кўзи тўқ, адолатли ва тизимли бошқарув орқали ўз даврида юқори мансаб эгаларидан ҳам устун турган. Бугунги раҳбарлар учун бу масъулият, одиллик ва халқ фаровонлигини биринчи ўринга қўйиш сабоқларини беради.

Алишер Навоий шоир ва давлат арбоби сифатида ўзининг ноёб қиёфасини яратган, ижодий мероси эса нафақат ўтмиш, балки бугунги кун ва келажак авлод учун ҳам ибрат манбаи ҳисобланади.

 

Суҳбатдош: Зулхумор Акбарова