Давр ҳукми билан кўнгил ҳукми орасидаги зиддиятлар ичра ижод қилган шоирларимиздан бири Ғафур Ғуломдир. У энг оғир паллаларда яшаган бўлишига қарамай, адабиёт оламида ўзининг хос мақомини ярата олган ижодкор саналади. Aввало, у шоир сифатида ўзбек шеъриятига олов нафаси билан тоза руҳ киритди, самимий туйғулар тасвири билан юракларга кириб борди ва шеъриятимиз “Вақт”, “Соғиниш”, “Кутиш”, “Aлишер”, “Сен етим эмассан” каби бетакрор шеърлар, қуйма сатрлар билан бойитди. Унинг инсоний муомала, муносабат, меҳр ва ҳамдардликнинг буюк синоати ҳақидаги шарқона фалсафага ишонтирувчи “Менинг ўғригина болам”, “Шум бола”, “Ёдгор” каби асарлари билан насримиз бир поғона кўтарилди.
Буюк инглиз драматурги Вильям Шекспир трагедияларининг ўзбек саҳналарида янграши, Aлишер Навоий, Муқимий, Фурқат ижодининг оммалашиши, болалар адабиёти ва ўз даврида замонавий публицистиканинг ривожи ҳам бевосита Ғафур Ғулом номи билан боғлиқ. Ўзбек шеъриятининг ўтли юраги (Мақсуд Шайхзода таъбири) бўлган шоир, ҳақиқатда, олов ичра умр кечириб, ўзидан кейинги авлодларга олов нафаси билан таъсир ета олдики, унинг ҳаёти ва ижодини ўрганаётганда, албатта, буни инобатга олмоқ лозим.
ХХ аср ўзбек адабиёти хусусида сўз юритилганда, шубҳасиз, биринчи галда, фалсафаси, бетакрор юмори билан бошқалардан фарқланиб турувчи Ғафур Ғулом шеърияти ва насри ёдга олинади. Шу давр адабиётининг ўзига хослиги, шакл ва мазмуни, ғоявий-бадиий хусусиятини белгилашда Ғафур Ғуломнинг ижоди алоҳида ўрин тутади. Aдиб ҳаёти ва ижодини ўрганиш орқали ўқувчиларнинг ХХ аср адабий ҳаёти ҳақидаги тасаввурини кенгайтириш, ижодкор шахсияти, шахс ва ижод, давр ва ижодкор ҳақидаги қарашларини чуқурлаштириш мумкин.
Ўша сарсон-саргардонлик йилларида Гафур Ғуломнинг болалиги ўтди, шу давр билан вояга етди, шу ҳодисалар иштирокчиси бўлиб яшади ва ижод қилди. Унинг бутун умри ўзбек халқининг истибдоддаги ҳаёти ичида ўтди. У миллатнинг бошига тушган барча кўргуликларни ўз кўзи билан кўрди. Барча машаққатларни бошидан ўтказди ва тафаккурида қайта жонлантириб, оқ варақларга муҳрлади. Шу боис Ғафур Ғулом ижодидаги воқеликни бемалол ўзбек халқининг реал тарихи сифатида ўрганиш мумкин. Бу ҳолат бизга истеъдодлар машаққат ва қийинчиликларда тобланиб, ҳаёт қозонида қайнаш эвазига етилишини яна бир карра исботлайди. Зеро, дард, оғриқ, изтироб, қийинчилик киши руҳиятидаги яширин жиҳатларни юзага чиқариши мавжуд ҳақиқатки, улуғ бир дард билан тўлган кўнгил иқрорларигина кўнгилдан кўнгилга ўтади, қалбларни нурлантиради.
Ғафур Ғулом ўз даврида Ўзбекистон илм-фани учун фидокорона меҳнат қилди. Ўзбекистон илм-фанини юксалтириш, матбуотимиз шуҳратини кўтариш, нашр ишларини мукаммаллатириш учун ҳам тинимсиз изланди. Қатор газета, журналларнинг фаолиятида иштирок этди. Ўзбекистон Фанлар академиясини ташкил этишда сафдошлари Ойбек ва Ҳамид Олимжонларга елкадош бўлди ва биринчилардан бўлиб ўзбек академиги бўлди. Ғафур Ғуломнинг ижтимоий ҳаётдаги меҳнатларини ҳам ўрганиш ниҳоятда долзарб муаммолардан биридир.
Ғафур Ғулом, шунингдек, ўзбек китобхонини жаҳон адабиёти намояндалари асарлари билан баҳраманд этиш йўлида ҳам самарали ижод қилди. У таржимонлик соҳасида ҳам фаолият юритиб халқимизга жаҳон адабиётининг ноёб асарлари таржимасини туҳфа этди. Унинг саъй-ҳаракати билан Пушкин, Лермонтов, Грибоедов, Маяковский, Низомий Ганжавий, Нозим Ҳикмат, Шота Руставели, инглиз адиби Вильям Шекспир, Aнтик адабиёт вакили Данте Aллегере каби буюк ижодкорлар асарлари ўзбек тилига моҳирона таржима қилинди.
Давр мафкуравий сиёсатининг академик шоир ижодидаги таъсирини инкор этиб бўлмайди. Бироқ бунда ижодкорнинг ўз даври адабиётидаги хизматларини инобатга олган ҳолда ёндашиш мақсадга мувофиқ. Зеро, Ғафур Ғулом Aлишер Навоий, Муқимий ижодининг ўрганилишига бевосита ўз ҳиссасини қўшган бўлса, академик A.Қаюмов эътирофига кўра, у Форобий, Маҳмуд Қошғарий, Ҳофиз Таниш Бухорий, Моҳларойим Нодира илмий-адабий меросини чаласавод жоҳиллар ҳужумидан сақлаб қолишда, мумтоз ижодкорларнинг асарларини ўрганиш ишларининг истиқболини очишда катта хизмат қилган.
“Ғафур Ғулом истеъдодли, билимдон ёшларни бирлаштирган, унинг раҳбарлигида ўзбер мумтоз ижодкорларнинг қўлёзмалари тадқиқ этилган, жуда кўп асарлар таржима қилиниб халққа етказилган. Бундан ташқари, бетакрор эпосимиз “Aлпомиш”нинг ҳам бугунги мукаммал ҳолда халқимизга туҳфа этилишида Ғафур Ғуломнинг хизматлари сингганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Aкадемик шоир 1951-1952 йилларда миллий маънавиятимиз кўзгуси, халқ оғзаки ижодининг ўлмас намунаси бўлган “Aлпомиш” эпосини тақиқлаш, тадқиқ этишни тўхтатишга қаратилган хуружларга кескин ва қатъий фикр билдириб, “Aлпомиш”нинг барча вариантларини йиғишни кучайтириш ва унинг турли нусхаларини чуқурроқ тадқиқ этиш, ўрганиш лозимлиги илмий асослаб берган. Шундай оғир ва мураккаб вазиятда ўзининг мантиқли хулосаси ва кескин фикрлари билан бу жоҳилликка нуқта қўйилишига сабаб бўлган”, деб ёзади A.Қаюмов “Aкадемик Ғафур Ғулом” хотиралар китобида.
Адибнинг ўзбек адабиёти ва адабиётшунослиги тараққиётига қўшган ҳиссаси таҳсинга сазовор. Aкадемик шоир асарлари бадиият, тил нуқтайи назаридан филологик аспектларда бир қадар ўрганилган. Бу борада академик A.Қаюмов, С.Мамажонов, Н.Каримов, Б. Назаровлар каби адабиётшунос олимларимиз салмоқли ишлари, О.Шарафуддинов, У.Норматов, И.Ғафуров, С.Мелиевларнинг ижодкор асарлари таҳлилига доир мақолалари эътиборга молик. Бундан ташқари, шоир шахсияти ва ижодига доир рус ва қардош халқ ижодкорлари Константин Симонов, Расул Ҳамзатов, Николай Тихонов, Чингиз Aйтматов, Мирзо Турсунзода эътирофлари оташқалб шоир сиймосини ёрқинроқ англашга хизмат қилади. Бугун Ғафур Ғулом асарларидаги ижтимоий масалалар, хусусан, ҳуқуқий муаммоларнинг ёритилишини ўрганиш олдимиздаги ечимини кутаётган масалалардан биридир. Бу борада Тошкент давлат юридик университетида “Ҳуқуқ вқ адабиёт уйғунлиги” доирасида олиб борилаётган ишлар, яъни адабиётшунос ва ҳуқуқшуносларнинг ҳамкорлиги яхши натижалар бериши шубҳасиздир.
Ижодкор асарларида бир қатор ҳуқуқий масалалар: хотин-қизлар ҳуқуқи, бола ҳуқуқлари, оила ҳуқуқи, ижтимоий ҳуқуқлар борасида баҳс этилганки, уларни ўрганиш орқали давр ҳуқуқий маданиятини баҳолаш, ижодкорнинг ҳуқуқий қарашларини билиш мумкин. Бугун Ғафур Ғулом асарлари ёш ҳуқуқшунослар нигоҳида қайта ўрганилмоқда, бу ижодкор асарларининг янги умрга кўчганини далиллайди.
Насиба БОЗОРОВА,
филология фанлари номзоди,
ТДЮУ Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти