Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Адвокатлик фаолияти кафолатларининг кучайтирилиши — суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг муҳим босқичи” мавзусида семинар ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирлиги масъуллари, Адвокатлар палатаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Семинарда асосий эътибор Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган адвокатлик фаолиятининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасида илгари сурилаётган таклифларга қаратилди. Таъкидланишича, уни тайёрлаш жараёнида нафақат миллий қонунчилик асослари, балки АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Туркия, Россия ва бошқа МДҲ давлатларининг ижобий тажрибаси ҳам атрофлича ўрганилган.

Суд-ҳуқуқ тизимининг таркибий қисми бўлган адвокатура жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда адвокатларнинг касбий фаолиятларини муваффаққиятли амалга оширишлари учун зарур қонунчилик базаси изчиллик билан шакллантирилмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлақонли амалга ошириш, белгиланган мақсадларга эришишда адвокатуранинг институционал асослари ва фаолият принциплари замонавий талабларга жавоб бера олмаяпти. Чунончи, адвокат процессуал мақомининг заифлиги, адвокатура институти обрўсига путур етказадиган ва адвокатлар ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларнинг мавжудлиги, мамлакатда адвокатлар сонининг етарли эмаслиги оқибатида малакали юридик ёрдам олишнинг чекланганлиги каби ҳолатлар сақланиб қолмоқда.

Ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида адвокат мустақиллигига таъсир этмайдиган, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармайдиган ҳақ тўланадиган бошқа фаолият тури билан шуғулланишига бўлган чекловни олиб ташлаш, адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш стажи бўлиши талабини бекор қилиш, шунингдек адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш таомилларини “ягона дарча” тартибида Давлат хизматлари маркази орқали ҳисобга олиш таклиф этилмоқда.

Семинарда қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.