Эҳтимолли вазиятни тўлиқ назоратга олиш учун беморларни даволашга ихтисослашган 17 та давлат ва хусусий шифохоналарда 2590 ўринга мўлжалланган палаталар ташкил этилди.

Кейинги вақтда вирусга чалинганларнинг аксариятида пневмония кузатиламоқда. Шуларни назарда тутиб, тайёрланаётган шифохоналар сунъий нафас олдириш аппаратлари, кислород концентраторлари ва балонлари билан жиҳозланмоқда.

Бундан ташқари 10 та объектда 1823 та қўшимча жойлар ҳозирланмоқда. Улар ҳам зарур ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланади. Юқоридаги муассасаларда вирус юқтириб олганлар бевосита даволанади.

Четдан кириб келаётган ҳамда касалликка гумон қилинган фуқароларни 10 кунлик карантинда сақлаб туриш учун 10 200 та ўринли заҳира жойлар ташкил қилиниб, малакали тиббиёт ходимлари заҳираси ҳам шакллантириляпти.

Андижон шаҳридаги олимпия заҳиралари спорт коллежи манежида 700 ўринга мўлжалланган касалликдан зарарланган беморларни саралаш ва даволаш маркази ташкил этилди.

Мазкур марказда бир қатор ташкилотлар ходимлари иштирокида ўқув-машғулоти ўтказилди. Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, дунёдаги мураккаб вазият, унинг олдини олиш ва қарши курашиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди. Вилоятда бу борада кўрилаётган чоралар кўлами ҳақида гапириб ўтди.

Машғулот давомида беморларни қабул қилиш, саралаш, ёрдам кўрсатиш, умуман жараённинг барча босқичлари яна бир бор батафил синовдан ўтказилди.

— Бинода 700 ўринли жой ҳозирланди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алишер Эгамбердиев. — Уларни даволаш ишларига битта смена учун 100 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари жалб этилди. Беморларни саралаш ва даволаш марказида пневмония хасталигида қўлланиладиган кислород ишлаб чиқарувчи станция қурилди. Шифокорлар иш жараёнида индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдалнадилар.

Рустамжон ЭШОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.