Кластер маъмурияти томонидан 25 дона замонавий сеялкали трактор чигит экиш жараёнига жалб этилди. Дастлаб кластернинг Юсуфжон Шодмонов мавзесида жойлашган 27-бўлим дала шийпонида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда тизим ходимлари ва мутахассислар, минерал ўғитлар ҳамда ёнилғи ва ёнилғи-мойлаш материаллари омборлари мудирлари, Бўстон туман фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда соҳага алоқадор барчага чигит экиш ишларини тўғри ташкил этиш, техникалардан унумли фойдаланиш мавсумни уюшқоқлик билан олиб боришда муҳим омил экани борасида фикр юритилди. Шундан сўнг 27-бўлим дала майдонларида чигит экиш ишларига киришилди.

Бугунги кунда “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери тасарруфидаги умумий экин майдони 1 минг 700 гектарни ташкил этади. Жорий йилда шу экин майдонининг қарийб минг гектарида ғўза парваришланади. Шундан 600 гектарда плёнка остига чигит экилиб, қолган 400 гектарда очиқ майдонда чигит қадаш кўзда тутилган.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

“Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси

пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери

матбуот хизмати ходими