Куни кеча Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев Хўжаобод туманидаги “NIL-GRANIT” МЧЖ мутасаддилари билан учрашди. Унда корхона қошида “SAMO” кластер инновацион технологиялари институтини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда “NIL-GRANIT” МЧЖ вакиллари собиқ Хўжаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи биноси негизида таълим жараёнининг илм-фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини кучайтириш ҳамда ўқитиш соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш мақсадида нодавлат институт ташкил этиш бўйича режаларини сўзлаб берди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи маҳаллий тадбиркорларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирар экан, нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, уларда таълим фаолиятини ташкил этиш ва унинг назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида маълумотлар билан ўртоқлашди ва тегишли тавсиялар берди.
Қолаверса, нодавлат институт очиш учун керакли шарт-шароитлар (ўқув аудиториялар, моддий-техник база, профессор-ўқитувчилар таркиби, ўқув адабиётлар ва ҳоказо) мавжуд бўлса, таълим фаолияттни лицензия асосида бошлаш мумкинлигини таъкидлади.
— Тадбиркорларнинг олий таълим муассасаси ташкил этиш борасидаги ташаббусини доим қўллаб-қувватлаймиз. Ишлаб чиқариш ва таълим интеграциясини ривожлантириш малакали кадрларни тайёрлаш жараёнида самара беради, — деди Улуғбек Тошкенбоев. — Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда ҳам нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш, аттестация ва аккредитациядан ўтказиш жараёни билан боғлиқ қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Чунки нодавлат таълим ташкилотларининг кўпайиши соҳада рақобат муҳитининг юзага келишини таъминлайди.
Бу эса ўз-ўзидан сифат кўрсаткичларининг мунтазам кўтарилишига замин яратади. Шу нуқтаи назардан биз бу борада қўлимиздан келганча ёрдам ва тавсиялар беришга тайёрмиз.
Учрашувда, шунингдек, таълим узвийлигини таъминлаш мақсадида енгил саноат соҳасида ўрта бўғиндаги кадрларга эҳтиёж юқори эканини инобатга олиб, нафақат олий таълим, балки профессионал таълим билан ҳам шуғулланиш бўйича тавсиялар берилди.