Маълумотларга кўра, бугунга қадар Андижонда 43 211 нафар уюшмаган ёшлар доимий меҳнат фаолияти билан шуғулланмаётгани қайд этилган. Уларнинг бандлигини таъминлаш асосий масала эканлигини ҳисобга олиб, вилоят ҳокими ўринбосарлари бошчилигида комплекс соҳалар томонидан ишсиз ёшлар оталиққа олинган.

Тадбирда маълум қилинишича, йил мобайнида ёшлар томонидан тақдим этилган 1234 та лойиҳага 60 млрд 140 млн сўм кредит маблағлари ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятлари йўлга қўйилган, 5239 та янги иш ўринлари яратилган. Якунланаётган йилга 12 437 нафар ёшларга ғалладан бўшаган ерлар, боғ қатор орасидан, адирликлардан жами 1928 гектар ер майдони берилган. Шунингдек, Улуғнор туманида фойдаланилмаётган қарийб 603 гектар ер майдони коператив фойдаланиш ҳуқуқи асосида 112 нафар ёшларга ажратилган. Ушбу ерларда бодом ва ёнғоқ боғлари ташкил қилиниб, боғ оралари сабзавот ва полиз экинлари етиштиришда фойдаланилган. Олий таълим муассасалари ва чекка ҳудудларда ўтказилган ёшлар билан учрашув мобайнида келиб тушган мурожаатлардан йил мобайнида 6206 та муаммо ҳал этилган.
Йил бошида ташаббускор ёшлар орасидан 10 кунга ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, депутат ва бошқа раҳбарлик лавозимларига тажриба асосида қўйилиб, бошқарув соҳасида ўзларини синаб кўришига имкон яратилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ушбу лойиҳада ўзини кўрсатган ёшларнинг маълум қисми тегишли лавозимларга тайинланди, қолганлари эса захира кадрлар рўйҳатига киритилгани таъкидлаб ўтилди.
Ёшлар ойлиги доирасида 30 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, спорт мусобақалари, ёш дизайнерлар ўртасида турли мода кўргазмалари, кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар вилоят ҳокими томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.

Форум мобайнида ёшлар турли соҳа бўйича савол ва таклифлари билан вилоят ҳокимига мурожаат йўллади ва масалаларнинг ижобий ҳал этилиши тўғрисида ҳоким ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тадбирнинг ўзида масъул ходимлар зиммасига тегишли вазифалар юклади.
– Биз ўз ихтироларимизни амалиётга тадбиқ этиш учун, шунингдек, шўрланган ерларда ўрмончилик ва боғдорчиликни ривожлантириш учун Улуғнор тумани ҳудудидаги ўсимлик ўсмайдиган, шўртупроқли майдонлардан 1 гектар ер ажратиб беришларини сўрадик. Ҳокимлик ташаббусимизни қўллаб-қувватлади ва тез орада ер ва моддий кўмак ажратилишини маълум қилди ҳамда бу бўйича тегишли масъулларга юклатилди. – дейди Билолиддин Эргашев, Андижон давлат университети магистранти, Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендияси совриндори.
Юлдуз Ўрмонова