Шу билан бирга, аҳолининг уй-жой шароитларини янада яхшилаш, жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий бозор тизимини шакллантириш ва ривожлантиришни, уй-жойлар қурилишига хусусий пудрат ташкилотларини ҳар томонлама жалб қилиш ва бу тизимга тўлиқ ўтишни, тижорат банклари томонидан молиялаштиришни босқичма-босқич оширишни, шунингдек, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни кучайтиришни тақозо этмоқда.

Шуларни инобатга олиб 2019 йил 21 ноябрь куни президентимизнинг  «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармон билан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши белгиланди.

1 апрелдан бошлаб, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уй-жой сотиб олиш учун субсидия олиш учун аризалар қабул қилина бошлади.

Шу орқали аҳолининг субсидия олиш учун талайгина ҳужжатлар тўплаб, қатор идораларда сарсон бўлиб юриш ҳолларига чек қўйилди.

Шу кунга қадар Андижон вилояти бўйича субсидия олиш истагида 125 нафар фуқаро ҳужжат топширган. Айни пайтда уларнинг ҳужжатлари туман ҳокимликлари қошида ташкил этилган тегишли комиссиялари томонидан кўриб чиқилмоқда.

15 май куни Избоскан тумани ҳокимлиги қошидаги комиссия томонидан илк ариза кўриб чиқилди. Банк, молия, солиқ, меҳнат, маҳалла ва бошқа идоралар вакилларидан ташкил топган комиссия аъзолари иштирокида фуқарога субсидия бериш масаласи кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинди.

Муҳокамалар якунига кўра, комиссия мамлакатимиз бўйлаб биринчилардан бўлиб уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги илк қарорини қабул қилди.

Унга кўра, Давлат хизматлари марказига ҳужжат топширган Избоскан тумани, Марказ маҳалласида яшовчи Асқаржон Тошматовнинг аризаси қаноатлантирилиб, 200 миллион сўмдан юқори бўлмаган уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратилди.

- Тор бўлсада бир хонадонда уч оила истиқомат қиламиз, - дейди Асқаржон Тошматов. – Мана ўн йилдирки, кичик бўлсада ўзимнинг шахсий уйим бўлишини хоҳлайман. Бироқ бунга етарлича имкониятимиз йўқ эди. Оммавий ахборот воситалари орқали давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан биз каби ёш оилаларга ҳам субсидиялар ажратилаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Дастлаб ҳужжат топшириш борасида жуда кўп ўйландим, ҳижолат бўлдим. Шунда яқинлари чиқмаган жондан умид дейшиб, таваккал қилиб кўришимни сўрашди. Тўғриси комиссиянинг субсидия ажратиш бўйича қарор қабул қилишини кутмагандим. Бундан хурсандман. Энди биз ҳам замонавий уйларда яшаймиз. Бундай имкониятларни яратиб бераётган юртбошимизга ўз миннатдорлигимни билдираман. Келгусида фарзандларимни Ватан корига ярайдиган, мамлакатимизни дунёга танитадиган инсонлар қилиб вояга етказишга ҳаракат қиламан. 

Маълумот учун, субсидия учун жорий йил бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади ва умуман олганда республика бўйича 16 мингта оиланинг шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар сотиб олишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Рустамжон ЭШОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.