«AOIKAI Medical Corporation» компанияси 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, фаолияти тиббиёт, ижтимоий ёрдам, меҳмонхона хизмати билан боғлиқ. Ҳозирги кунда компанияда 15 минг киши бандлиги таъминланган. Шундан 300 нафарга яқини чет эл фуқаролари. Япония бўйлаб 30 та касалхона, 81 та кексаларни парваришлар маркази, 11 та мактабгача таълим муассасаси, япон тил мактаби, коллеж ва тиббиёт соҳасига ихтисослашган университетлар, 3 та меҳмонхона, 4 та гольф майдончасига эга.

Учрашув давомида компания ижрочи директори Т.Шинтани Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида малакали кадрларни тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини қайд этди.

Хусусан, «AOIKAI Medical Corporation» компанияси Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент фармацевтика институти билан ҳамкорликни ўрнатиш, алмашувлар ташкил этишга қизиқиш билдирди.

Бундан ташқари, «AOIKAI Medical Corporation» компанияси Ўзбекистонда япон тили ва касб-ҳунарга ўргатишга ихтисослашган марказ ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш учун Япония компанияси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.