Мулоқот давомида Ўзбекистондаги ислоҳотлар йўналиши ва кўлами, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлаш, давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Чакрабартининг таъкидлашича, ўз фуқароларининг хоҳиш-истакларини эшитадиган давлат уларнинг фикрларига муносабат билдиради. Бу йўналишни кучайтириш зарур, сабаби аҳолининг муайян қатламлари, хусусан, ёшлар ўзлари маъқул кўрадиган алоқа каналларига эга.

«Ташкилотингизнинг тажрибаси ва имкониятлари бу борада асосий роль ўйнайди», — дея таъкидлади маслаҳатчи.

А.Ходжаев ўз ўрнида, кейинги йилларда мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимиз раҳбари томонидан очиқлик давлат сиёсати даражасига олиб чиқилаётганини қайд этди.

Суҳбат якунида ахборот соҳасини янада ривожлантиришга доир қатор лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда барча йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.