Суҳбат чоғида Америка томонига Ўзбекистон қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга қаратилган ҳуқуқни қўллаш чораларини кучайтириш тўғрисида батафсил маълумот берилди. Фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ҳолда пахта терими даврида мажбурий меҳнатни мониторинг қилиш механизмларини самарали татбиқ этиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш дастурларини амалга ошириш, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) ҳуқуқий ҳужжатларини имплементация қилиш ҳақида алоҳида қайд этилди.

Т.Ли сўнгги йилларда Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасида катта ютуқларга эришганини таъкидлаб, республиканинг ХМТ билан биргаликда муносиб меҳнат дастури ва уч томонлама ҳамкорлик механизмларини амалга оширишни давом эттириш бўйича режаларини олқишлади. Америка томони фуқаролик жамияти институтларини мониторинг жараёнига жалб этиш кенгайтирилгани, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ХМТ конвенцияларига мувофиқлигини текшириш амалиёти жорий этилганини ҳам юқори баҳолади.

Бундан ташқари, томонлар халқаро брендлар ишончини мустаҳкамлаш ва масъулиятли маҳсулот етказиб берувчиларни танлашда мамлакат рақобатбардошлигини таъминлаш учун мустақил касаба уюшмаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилдилар.

Учрашувда АҚШ Меҳнат вазирлигининг 2 миллион долларлик «Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш» лойиҳасининг амалга оширилиши ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа меҳнаткашларнинг (касаба уюшмалари ташкилотлари) жамоавий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, маҳаллий пахта саноати корхоналарида халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ тадбиркорлик ва меҳнат муносабатлари қоидаларига риоя этилишини ва лозим даражадаги корпоратив бошқарувни таъминлаш имконини бериши билан алоҳида аҳамиятга эга.

Учрашув якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, муносиб меҳнат шароитларини яратиш соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш юзасидан доимий алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.