Учрашувда Америка томон Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси фаолияти билан батафсил таништирилди.

Республика комиссияси қисқа вақт ичида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни ишга жойлаштириш, хотин-қизларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган ишларни амалга оширди.

Оқ уй вакили Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш, қарор қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг ролини кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим олиш ва касбий билимларни ривожлантириш имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, оиладаги зўравонликка қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Иқтисодий имкониятлар, шу жумладан аёллар тадбиркорлиги ва касаначилигини кенгайтириш бўйича ташаббусларнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Р.Фогельштейн Ўзбекистоннинг Гендер тенгликни таъминлаш стратегияси ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан молиялаштириладиган миллий дастурлар қабул қилинганини олқишлади.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини гендер экспертизадан ўтказиш амалиёти, гендер бюджетлаштиришни жорий этиш ва гендер статистикасини юритиш жараёни муҳокама қилинди. Маслаҳатчи Ўзбекистонда гендер зўравонликка қарши курашишга қаратилган қонунлар қабул қилинишини қўллаб-қувватлади ва бу масала Президент Ж.Байден ҳамда вице-президент К.Харриснинг алоҳида диққат марказида эканлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Давлат департаментининг Хотин-қизларнинг глобал ишлари бўйича идораси директори К.Фатоват ҳам АҚШ Ўзбекистоннинг гендер сиёсатини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқчи эканини тасдиқлади. У айниқса қишлоқ жойларда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.

Айниқса, қўшма ташаббусларни амалга ошириш орқали «хотин-қизлар ва иқлим ўзгариши» кун тартиби доирасида Оролбўйи минтақасида аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар истиқбол эканлиги қайд этилди.

Гендер кун тартибини «C5+1» мулоқот форматида биргаликда тарғиб этишдан манфаатдорлигига урғу бериб, Давлат департаменти вакили Ўзбекистонда «C5+1» аёллар бизнес-форумини АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчи ва ишбилармон аёллари иштирокида ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.