Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлмасин Ўзбекистон тақдирига бефарқ яшай олмайди. Хусусан, бугун чет элда таҳсил олаётган, илмий изланишлар қилаётган, умуман хорижда бўлсада юртимиздаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшаб келаётган ватандошларимиз кўплаб топилади.

“Янги Ўзбекистон” нашри дунёнинг турли нуқталаридаги ана шундай ҳамюртларимиз билан туркум суҳбатлар уюштиришни мақсад қилган.

Илк суҳбатдошимиз бугунги кунда Америка Қўшма Штатларидаги Чикаго шаҳрида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртимиз Икромжон Тухтасинов бўлди. Қаҳрамонимиз Наманган шаҳрида туғилган. 2017 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Жаҳон сиёсати” йўналиши, 2019 йил АҚШдаги нуфузли Notre Dame университетининг “Халқаро муносабатлар” йўналиши магистратура босқичини тамомлаган.

М.: Икромжон Ўзбекистондан саломлар! Аввало, интервьюга розилик берганингиз учун ташаккур. Энди бевосита саволларга ўтсам. Нима учун ҳозир айнан Қўшма Штатлардасиз?

И.Т.: Катта раҳмат! Океан ортидан мен ҳам салом йўллашдан ва “Янги Ўзбекистон” нашрига интерьвю бераётганимдан хурсанд бўлдим. Бир неча йиллардан бери хорижда бўлсам-да мамлакатимиздаги янгиликларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Сўнгги вақтлар юртимизда оммавий ахборот воситаларининг сони кўпаймоқда. Улар сафига “Янги Ўзбекистон” нашрининг қўшилгани ахборот маконида рақобат ва хилма-хилликка олиб келади ва соҳа ривожланишига хизмат қилади, деб ишонаман.

Саволингизга тўхталадиган бўлсам, жавоб сифатида ўнлаб сабабларни келтиришим мумкин. Лекин, энг асосий сабаблардан бири АҚШда юқори сифатли таълимнинг мавжудлиги бўлган. Ана шу таълимдан баҳраманд бўлиш учун ҳам бу ерга келдим.

Қарийб уч йилдан бери Чикагода истиқомат қиляпман. Ўтган йили Чикагода жойлашган Notre Dame университетининг “Халқаро муносабатлар” йўналиши магистратура босқичини тамомладим. Ҳозир ишлаш билан бирга докторонтурага кириш учун тайёргарлик кўряпман.

Очиғи бу ерга келиб кучли рақобат туфайли синовларда яхшигина тобландим. Чунки, ҳаёт бу ерда сизни аяб ўтирмайди, тўхтаб қолишга ҳаққингиз йўқ. Боиси харажатлар ҳам тўхтамайди. Шунинг учун меҳнатдан тўхтамаслигингиз лозим. Бироқ бошланиши доим қийин кечади. Аммо озгина вақт ўтиб мослашиб олганингиздан кейин кўп нарса осонлашади. Бу ерда қанча кўп меҳнат қилсангиз, шунча кўп даромад топа оласиз. Яъни, малакали ишчи бўлсангиз, малакасиз ишчига нисбатан кўпроқ маош беришади. Бу эса, ўз навбатида таълим олиш ва ўз устингизда узлуксиз ишлашга иштиёқ бағишлайди.

М.: Сизнингча, Ўзбекистонда АҚШнинг қандай тажрибаларини қўллаш яхши самара беради?

И.Т.: Бу саволга жавоб бериш бироз қийин. Чунки бир томондан Ўзбекистон ва АҚШ бошқа-бошқа минтақаларда жойлашган. Урф-одат, маданият, халқларимиз ўртасидаги дунёқарашлар ҳам турлича. Шунинг учун АҚШда муваффақият қозонган қандайдир ғоя Ўзбекистонда ҳам аниқ ютуқ олиб келади, деб бўлмайди. 

М.: Янги Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?

И.Т.: Очиғи, чет элда ва айниқса ривожланган давлатда турволиб баландпарвоз гапларни айтишни хоҳламасдим. Сиёсатшунос тадқиқотчи сифатида юртимизда қисқа вақтда эришилган ютуқларни олқишлайман. Муҳими, ислоҳотлар учун устувор йўналишлар белгилаб олинди. Энди эътиборни қилинган ишларга эмас, қилиниши лозим бўлган масалаларга қаратиш зарур.

Аслида Ўзбекистон яшаш учун бебаҳо маскан, келажагимни Ўзбекистондан узоқда тасаввур қилолмайман. Аммо мен тасаввур қиладиган “Янги Ўзбекистон” муаммолардан холи, афзалликлари фақат ўзбекистонликлар учун шунчаки она ватан сифатида эмас, ҳар қандай инсонга қулай яшаш жойи сифатида шаклланган давлат бўлиши керак.

М.: Бўш вақтларингизда нималар билан машғул бўласиз?

И.Т.: Бу ерда вақт жуда тез ўтади. Университетда ўқиш пайти бўш вақтим деярли бўлмас эди. Агар бўш вақт бўлиб қолса, сайр қилишни ёқтирардим. Одамлар билан суҳбатда бўлиш ҳам завқ бағишларди. Футбол ўйнаш эса ҳам жисмонан, ҳам маънан ёрдам берарди. Коронавирус пандемияси туфайли буларнинг бари йўқ бўлди ва мана икки ойдан бери уйдамиз. Уйда ўтирганда ўзимни фойдали ишлар билан банд қилишга ҳаракат қиляпман. Асосан мутахассислигимга оид илмий мақолаларни ва таҳлилий материалларни ўқияпман. Ундай ташқари, халқаро муносабатлар, иқтисод ва бадиий асарлар ўқиш ҳам кундалик иш-режамга киритилган.

Шу билан бирга ажойиб одатим бор. Яъни, бир китобни тугатиб иккинчисини бошлаб эмас, балки бир вақтнинг ўзида бир нечта китобларни мутолаа қилишни яхши кўраман. Масалан автомобилимдан ўқийдиган, ухлашдан олдин ва консентрациям тўла бўлганда ўқийдиган китобларим мавжуд. Шу сабабдан бир қанча китобларни бирдан бошлаб қўяман.

М.: Келгусидаги режаларингиз қандай?

И.Т.: Мақсадим илмий соҳа билан боғлиқ. Умид қиламанки, илмий ишлар ва ғоялар орқали жамиятга фойдаси тегадиган мутахассис бўламан.

 

Нурилло Тўхтасинов

суҳбатлашди