Биз ҳозиргача расмий хулоса эълон қилинмагани ва жиддий ўзгариш қилиш учун вақт оз қолганини айтиб уларни тинчлантирдик. ЎзЖОКУ қабул комиссияси эса ҳужжат топширган абитуриентларни ижодий имтиҳон бўлмаслиги хусусида тинмасдан огоҳлантираверди. Орада ноқулай вазият юзага келди. Абитуриентларни иккиланишлар руҳан қийнаб юборди. Ниҳоят, университет проректори Алишер Матёқубов мавжуд вазиятни изоҳлашга уринди. Лекин У киши томонидан ҳам дангал хулоса айтилмади. Шунинг учун бўлажак журналистларни ҳамон иккиланишлар олови куйдирмоқда.
Хўш, бўлажак журналистлар учун ижодий имтиҳон ўтказиб бўлмайдими, ижодий имтиҳон ўтказиш учун имконият йўқми?
Юқоридаги саволга астойдил жавоб изланса, имконият топиш мумкинлиги ойдинлашади.
Аввало, ижодий имтиҳонни қолдириш абитуриентларга руҳий жиҳатдан қаттиқ зарба бўлади. Чунки Президент Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус пандемияси шароитида кириш имтиҳонларини енгиллаштириш ҳақидаги ташаббусидан кейин бўлажак журналистлар бениҳоя хурсанд бўлиб эссе ёзишни астойдил ўргана бошлашганди. Очиғи, ўтган уч ой мобайнида улар чет тильдан тест синовига тайёрланишни бир четга суриб қўйишди. Асосий эътиборни она-тили ва адабиёт фанига, эссе ёзишга қаратишди. Демоқчимизки, чет тил бўйича аввал ўрганилган билимлар ҳам уларнинг ёдидан кўтарилди. Интеллектуал – руҳий жараёнлар маълум мақсадга йўналтирилганда шундай ҳолат юз беради ва бунинг учун бўлажак журналистларни айблаш ноўрин. Катталар нима дейишса, улар шунга кўнишди. Афсуски, бўлажак журналистларнинг сокин руҳият осмонида бирдан чақмоқ чақди. Тўқмоқ билан бир туширишди гўё уларнинг бошига! Йўқ, бундай бўлмаслиги керак! Ижодий имтиҳонни қолдириш – муаммодан қочиш демакдир, ечим учун чора изламасликдир!
Бошқа олий юртлари қабул комиссиялари ижодий имтиҳонларни ўтказишга астойдил ҳозирланмоқда, шу мақсад йўлида мақбул чораларни топишмоқда. Шундай вазиятда бўлажак журналистлар ҳам ижодий имтиҳон топширишлари учун имкон топиш мумкин.
Бу борада энг яхши имконият – Давлат Тест маркази билан ҳамкорлик қилиш. Агар мутасаддилар мавжуд вазиятни ҳисобга олиб бир-бирлари билан тил топишишса, муаммони ҳал этиш енгил кўчади. Биздаги маълумотларга кўра, барча олий ўқув юртлари таркибидаги журналистик йўналишларга ҳудудлар кесимида ўртача 400-500 нафар абитуриент ҳужжат топширган. ДТМ билан келишган ҳолда кириш тест синовлари ўтказиладиган биноларда бу миқдордаги абитуриентдан ижодий имтиҳон олиш қийинчилик туғдирмайди. Кундузги, кечки ва сиртқи бўлим абитуриентларининг барчасидан бир кунда ижодий имтиҳон олиш имконияти мавжуд. Яна такрорлаймиз: бунинг учун ДТМ билан келишилса, бас! Кириш тест синовлари учун уч соат вақт ажратилганда, ижодий имтиҳон учун алоҳида бир кунни белгилаш ва барча абитуриентларни ўз ҳудудларидаги тест топшириладиган биноларга йиғиш қийинми? Бизнингча, бунинг қийин жойи йўқ. Фақат ижодий имтиҳон ўтказиш учун хоҳиш бўлишининг ўзи етарли. Ижодий имтиҳонни ДТМ томонидан тайинланган аудитория раҳбарлари ва назоратчилари ЎзЖОКУ вакиллари иштирокида ўтказишади. Ижодий имтиҳон материаллари абитуриентлар кузатувида тегишли қутиларга жойланади ва тест синовида бўлгани каби муҳрланган ҳолатда текшириш учун олиб кетилади.
Якуний хулоса шуки, коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни ижодий имтиҳонни ўтказмаслик учун сабаб қилиб кўрсатмаслик лозим. Мутасаддилар масъулиятдан қочишмасин ва ёшларни иккилантирмасин! Ҳаёт тўхтаб турмайди. Бугунги вазифа – эҳтиёт чораларни қўллаган ҳолда аввалги белгиланган режаларни рўёбини таъминлашдан иборат – уларни ўзгартириш эмас асло!
Муҳаммад ВАЛИ
.