Тожикистон асрлар давомида синовдан ўтган яқин қўшни ва Ўзбекистон учун ишончли стратегик шерикдир. Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар том маънода барқарор ривожланиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли сезиларли натижаларга эришди ва улар юқори даражага кўтарилди. Икки мамлакат юксак сиёсий мулоқотни ривожлантирибгина қолмай, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилиб, бир-бирининг мероси, маданияти ва тилларини ўрганиш орқали ҳақиқий дўстликни намойиш этмоқда.
Хўжандда бўлиб ўтган “Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий муносабатлари — ўзбек-тожик халқлари дўстлигининг олий намунасидир” мавзусидаги конференцияда шу ҳақда сўз борди.
Тарих, маданий ва маънавий қадриятларнинг умумийлиги, шунингдек, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничиликнинг ноёб, кўп асрлик анъаналари Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ҳозирги муносабатларига мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Мунтазам равишда олий ва юқори даражаларда сиёсий алоқалар ташкиллаштирилмоқда. Икки мамлакат Президентлари бир неча бор расмий ва ишчи ташрифларини амалга оширди. Давлат раҳбарлари даражасидаги қизғин мулоқот ва фаол сиёсий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам жадал ривожланмоқда. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари йилдан йилга ошиб боряпти. Иккала мамлакатда ҳам қўшма корхоналар сони муттасил ўсяпти. Тошкент ва Душанбе янги транзит йўлакларини шакллантириш ва замонавий логистика инфратузилмасини яратиш устида иш олиб бормоқда, натижада халқаро темир йўл ва автомобилда юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ўнлаб йиллар давомида йиғилиб қолган барча баҳсли масалаларни ҳал этишга киришилди. Бу ўзаро савдо ва инвестициялар, транспорт коммуникациялари, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида маданий-гуманитар ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга имкон берди.
Халқларимизнинг маданияти, анъаналаримизнинг умумийлигига шубҳа йўқ. Бу жиҳат биродар халқларнинг бир-бирини бойитиш ва яқинлашувига муносиб ҳисса қўшаётган бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Иккала мамлакатда ҳам миллий маданий марказларнинг муваффақиятли фаолияти учун зарур шароитлар яратилган.
Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан ташкил этилган икки мамлакат академик ва адабий доиралари вакилларининг учрашуви ҳам ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги, стратегик даражасига ўтиши шароитида янги ўсиш нуқталарини излашга бағишланди.
— Бугунги кунда Ўзбекистонда 1,5 миллиондан зиёд тожиклар, Тожикистонда эса миллионга яқин этник ўзбеклар истиқомат қилади, — дейди Ўзбекистон “Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси Одилжон Сатторов. — Бизда Тожик миллий-маданият маркази ва унинг вилоятларда филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Бир қатор мактабларда таълим тожик тилида олиб борилади, даврий нашрлар, теле ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилади. Ўзбекистон ва Тожикистонда бир неча бор маданият кунлари, машҳур рассомлар ва ҳунармандлар асарлари кўргазмалари, концертлар ва кинофестиваллар ўтказилди. Театр санъати соҳасида доимий равишда ўзаро саёҳатлар уюштирилмоқда. Тожикистон вакиллари Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро бахшичилик санъати фестиваллари ва мақом санъати форумларида, “Бойсун баҳори” ва “Шарқ тароналари” фестивалларида, “Истеъдод” халқаро танловида мунтазам иштирок этяпти.
Конференцияда тожикистонлик журналист, Б.Ғафуров номидаги Хўжанд давлат университети ўқитувчиси Озод Мелибоев шундай дейди: “Дунёда юзага келаётган мураккаб шароитларда Тожикистон ташқи сиёсатда Ўзбекистонни энг муҳим устувор шерик ва дўст деб билади. Биз буни нафақат мамлакатни ривожлантириш истиқболлари, балки минтақавий хавфсизликни таъминлаш билан ҳам боғлаймиз”.
2018 йилда мамлакатларимиз аҳолининг ўзаро саёҳатлари тўғрисида битим имзолади, унга мувофиқ 30 кунгача визасиз режим жорий этилди. Бу давлатлар ўртасидаги ҳаракатни сезиларли даражада осонлаштирди, сайёҳлик алмашинувининг ўсишида катализатор вазифасини ўтади. Бундай ўзгаришлар натижасида Тожикистон 2023 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади (2,15 миллиондан зиёд киши).
Виза режимини соддалаштиришдан ташқари, чегара масалалари тартибга солинди, бу эса чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларининг тўлиқ ишлашини тиклашга, автобус, темир йўл ва авиаташувларни кўпайтиришга ёрдам берди. Ҳозирги вақтда мунтазам рейслар амалга оширилмоқда, шунингдек, иқтисодий ва маданий алмашинувларни янада мустаҳкамлайдиган Тошкент — Хўжанд ва Қўқон — Шайдон халқаро автобус йўналишлари ҳам фаолият юритмоқда.
— Ўзбекистон ва Тожикистон БМТ, ШҲТ, ИҲТ, МДҲ ва Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси доирасида алоқаларни фаол қўллаб-қувватламоқда, — дейди фалсафа фанлари доктори, Хўжанд давлат университети профессори Аслиддин Пўлатов. — Ҳамкорлик Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида умумий ташаббусларни илгари суришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан тавсифланади. Муҳими, мазкур мулоқотнинг чуқур илдизлари, улкан тарихи мавжуд. Конференция доирасида икки даҳо — Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий меросининг геосиёсий муносабатлари ва ўзаро боғлиқлигини муҳокама қилаётганимиз бежиз эмас. Маълумки, қалам усталари бир-бирининг истеъдодидан ҳайратланган, уларни гуманистик қарашлар ва илмий изланишларга қизиқиш, шунингдек, янги адабий шакллар бирлаштирган. Кўп жиҳатдан аждодлар мулоқоти ҳозирги босқичда республикаларимиз ўртасидаги муносабатларни ва икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги мулоқотни акс эттиради. Бу тадбирнинг номланиши ҳам шу билан боғлиқ.
Таъкидланганидек, мамлакатлар фаол сиёсий-иқтисодий алоқаларни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ҳамкорликнинг асосий драйверлари бўлиш учун зарур шарт-шароитларга эга. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқаларнинг кучайиши Марказий Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
— Ўзбекистон Президентининг олиб бораётган ички ва ташқи сиёсати Марказий Осиёдаги дўстона муҳитни яхшилаб, ўзаро муносабатларнинг барча спектрига таъсир кўрсатди, — дейди О.Мелибоев. — Ўзбекистон раҳбарини давлатларимиз ўртасида янги даражадаги муносабатларнинг меъмори, десак муболаға бўлмайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги икки биродар халқларнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради. Бу эса минтақанинг тинчлиги, хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Конференция иштирокчилари Тожикистон ва Ўзбекистоннинг аниқ ва табиий фанлар соҳасидаги академик ҳамкорлиги ҳолати ҳамда истиқболлари, шунингдек, маҳаллий олимларнинг маданий-гуманитар соҳада дўст давлатдаги ҳамкасблари билан илмий алоқаларига бағишланган маърузаларни катта қизиқиш билан тинглади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Азиз Саиднинг икки мамлакат адабий, маданий ва маънавий алоқалари мавзусидаги фикри кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унинг таъкидлашича, ҳар икки давлатнинг бугунги куни ўзаро ижодий таъсирсиз, асрлар давомида мавжуд бўлган мустаҳкам биродарлик ришталарисиз қандай бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.
2018 йил август ойида давлатимиз раҳбари ўзбек ва тожик халқларининг “Дўстлик оқшоми”даги нутқида шундай деди: “Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак”.
Дарҳақиқат, бу заминнинг кўплаб авлодлари ўхшаш ҳаёт кечирган, болалигида уларга эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси ҳақида ўхшаш эртаклар айтилган, улар адабий дурдоналарнинг худди шу номдаги сюжетларини, эпик достонларни ўқиган ва Наврўз шарафига тантанали байрамлар уюштирган. Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин — ўзбекларнинг ҳам, тожикларнинг ҳам севимли қаҳрамонлари — буюк Навоий ва Жомий тилларида сўзлаган.
Ортга назар ташласак, Президентимизнинг сўзлари — бундай хайрли ишларга оқ йўл тилаши том маънодаги кўрсатма бўлиб, икки мамлакат ва уларнинг фуқаролари ўртасидаги муносабатлар ўша дамдан бери ривожланишда давом этмоқда.
— Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ва шериклик барча йўналишларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Бугунги кунда иложи борича куч, имконият ва салоҳиятни бирлаштириш, мамлакатларимиз тараққиётида муҳим таркибий қисм бўлиб хизмат қиладиган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишимиз лозим, — дейди О.Сатторов. — Сўнгги 30 йил ичида мамлакатларимиз мустақил ва суверен давлатлар сифатида ўзаро муносабатларнинг янги саҳифасини очди. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик вақт синовларидан ўтди. Эндиликда ҳамкорлик ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Биз ҳамиша кўп асрлар муқаддам асос солинган яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб келганмиз. Энг муҳими, мамлакатларимиз барча соҳаларда муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш зарурлигини исботлади. Икки давлат раҳбарларининг мунтазам расмий ташрифлари, уларнинг доимий ва яқин мулоқоти бу ишга туртки беради. Тожикистон ва Ўзбекистон абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзолади, бу муносабатларимиз даражасини ривожланишнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолаш тарихий аҳамиятга эга бўлди дейиш мумкин. Натижада жуда илиқ муносабатлар ўрнатилди, барча соҳаларда ишлаш учун қулай шароитлар яратилди.
Бир сўз билан айтганда, олдинда ҳали амалга оширадиган ишларимиз кўп, бу ҳурмат ва ўзаро тушунишга асосланган келгуси алмашинувлар, ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда очиқ мулоқотни назарда тутади.
Сабина АЛИМОВА,
“Правда Востока” мухбири
Тошкент — Хўжанд — Тошкент