Транспорт вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишдан ҳаво транспортида юк ташувлари рақобатбардошлигини ошириш, «Ягона дарча» тамойили асосида идоралараро маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш орқали бизнес жараёнларини соддалаштириш мақсади кўзда тутилган.
Мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари авиа юк ташувлари соҳасида ҳужжатларни электрон расмийлаштириш ва кузатиб боришнинг «E-freight» халқаро стандартини жорий этиш йўналишидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан фикр алмашди.
Халқаро авиация транспорти бирлашмаси (ИАТА) тавсиясига мувофиқ ҳаво транспортида юкларни электрон расмийлаштириш ва кузатиш «E-freight» стандартини жорий этиш бизнес жараёнларини соддалаштиришга, харажатларни камайтиришга ва маълумот алмашинувини тезлаштиришга қаратилган халқаро тармоқ дастурининг бир қисмидир.
Ушбу стандартнинг жорий этилишидан мақсад ишончлиликни ошириш, юкларни етказиб бериш вақтини ҳамда авиа юк ташувлари жараёнида ҳужжатларни электрон расмийлаштириш ва кузатиб бориш харажатларини қисқартиришга хизмат қилади. Қолаверса, назорат қилувчи органлар учун ахборот хавфсизлиги ва ишончлилигини оширишни таъминлайди.
Учрашув давомида илғор хорижий мамлакатларда ҳаво транспортида юк ташувларини расмийлаштириш жараёнида қўлланилаётган электрон платформаларнинг иш фаолияти юзасидан тақдимотлар ва ўрганишлар ўтказилди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.