Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT парк) замонавий техник инфратузилма, молиявий ва илмий ёрдамдан фойдаланиш мумкин бўлган макон сифатида барпо этилган.
Паркда ахборот, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.
Айни кунларда бу ерда мамлакат ахборот технологиялари соҳасининг марказига айланиши кутилаётган янги IT шаҳар мажмуаси қуриляпти. IT паркнинг дастлабки иккита биноси фойдаланишга топширилган. Уларда замонавий қулайликлар яратилиб, истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. Шаҳарча қурилиши 2022 йилда якунланиши режалаштирилган. Бу ерда босқичма-босқич ўн еттита иморат, жумладан, йигирма-йигирма беш қаватли офис бинолари, йигирма икки қаватли меҳмонхона, университет, конференция зали, коворкинг маркази ва бошқа объектлар барпо этилади. Жумладан, “Алоқабанк”, “Ўзбектелеком”, Ucell, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти Revotech офиси жойлашади. Иншоотлар тўққиз баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Ер остида уч қаватли автотураргоҳ қурилади. Мажмуа ҳудудида кафе ва ресторан, дўкон, спорт майдонлари, дам олиш жойлари ҳам бўлади.
— Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ягона ахборот технологиялари жамиятини барпо этиш, истеъдодли ёшларни жамлаш, уларга имконият бериш, инновацияларни жорий этиш мақсадида қилинмоқда, — дейди Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси раҳбари Фарҳод Иброҳимов. — Мамлакатимизда бундай марказлар фаолияти йўлга қўйилаётгани бежиз эмас. Бу ҳар бир киши ўқиб-ўрганиши, ахборот технологиялари дунёсига қўшилиши ва, энг муҳими, бу орқали пул ишлаш имкониятига эга бўлиши учун амалга оширилмоқда. Зеро, бу реал даромад манбаи, иқтисодиёт ва экспортни ривожлантиришнинг энг қисқа ва самарали йўли ҳисобланади.
Стартаплар экотизими
Юртимиздаги стартапларнинг асосий қисми ахборот технологиялари соҳаси билан боғлиқ. Молиявий технологиялар йўналиши мамлакатимизда яхши ривожланяпти. Paynet, Payme, Click каби электрон тўлов платформалари оммалашиб кетгани бунга мисол. Демак, бундай лойиҳаларга талаб, эҳтиёж бор. Аммо ҳали стартап экотизимини ривожлантириш борасида кўплаб кўрсаткичларга эътибор қаратилиши лозим. Зеро, Ўзбекистонда тўлақонли бизнесга айлана олган стартаплар ҳозирча ниҳоятда кам. Бори ҳам, асосан, маҳаллий истеъмол бозорига мўлжалланган.
Айни пайтда технопарк томонидан барча стартап ғоялар, лойиҳалар кичик ва ўрта бизнес ҳамда стартап экотизимини ривожлантириш учун яратилган инкубация ҳамда акцелерация дастурининг бир қисми сифатида қўллаб-қувватланмоқда. Ахборот технологиялари парки лойиҳаси ғоясини тўлақонли тижорий маҳсулотга айлантиришга қаратилган инкубация ва акцелерация дастурлари амалга оширилмоқда.
Бундай дастурларнинг жорий йилда бўлиб ўтган иккинчи даврасида иштирок этиш учун бир юз етмишта ариза келиб тушди. Улардан маслаҳат кенгаши томонидан йигирма учта, инкубация дастури учун тўққизта ва акцелерация дастури учун ўн тўртта стартап лойиҳа танлаб олинди.
— Ҳозирги кунда инкубация ва акцелерация дастурлари онлайн режимга ўтказилган, — дейди Фарҳод Иброҳимов. — Ҳиндистоннинг iCreate компанияси билан ҳамкорликда стартаплар учун очиқ онлайн маърузалар ҳам ўтказилмоқда. Шунингдек, молиялаштириш жараёнини ойдинлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир янги лойиҳа тақдимотини ўтказиш учун имконият яратилган, уларга ишонч билдириб, молиялаштиришни йўлга қўйишимиз керак.
Ахборот технологиялари академияси
Ахборот технологиялари инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш давр талабидир. Технопарк аҳолининг барча қатлами учун қулай бўлган сифатли таълимга катта эътибор қаратмоқда. Ахборот технологиялари соҳасида зарур кўникмаларга эга бўлиши ва ўз ўрнини топиши учун йигит-қизларга барча зарур шарт-шароит яратилган, ўқув марказлари ҳамда таълим лойиҳалари йўлга қўйилган. Масалан, академия катталар ва болалар учун дастурлаш курсларини тақдим этади. Уларга барча зарур кўникмани ўргатади, ахборот технологиялари соҳасидаги келгуси ишлари учун фойдали билимларни беради. Ахборот технологиялари академияси талабаларга веб дастурлаш, фойдаланувчи интерфейси дизайни ва маълумотлар билан ишлашда кутилган касбий маҳоратга эга бўлиш имконини берувчи таълим муассасасидир.
— Академиянинг асосий мақсади — таълим майдонини мижозлар ва натижаларга йўналтириш, — дейди Фарҳод Иброҳимов. — Талабалар услуб ва муаммоларга янгича қарашга эга бўлган ҳолда ўқув дастурини якунлайди. Натижада янги иш ўринлари, эгаллаб турган лавозимларида эса юқорилаш ва бошқа кўплаб янги имкониятларга эришади.
Бугунги кунда Ахборот технологиялари академиясида бир қанча ўқув курслари ташкил этилган. Шулардан бири Frontend дастурчи курсидир.
Бунда HTML/CSS ёрдамида оддий сайтларни ишлаб чиқиш, JavaScript/React ёрдамида сайтлар ва иловалар учун фойдаланувчи интерфейсларни яратиш, фреймворк ёрдамида сервер билан ишлаш ва тайёр веб лойиҳаларни синаб кўриш; Backend дастурчиси машғулотидан сўнг эса анимацияли сайтлар яратиш, маълумотлар базалари билан ишлашнинг асосий тамойилларини тушуниш, изоҳ ва қатъий форматланган кодни ёзиш мумкин.
Бундан ташқари, Ахборот технологиялари академиясида таълим блоги бор. Унда етти ой ичида дастурий таъминотни ишлаб чиқишнинг барча кўникмаларини ўрганиш, веб иловаларни нолдан яратиш ва касбий маҳоратни ошириш имкони мавжуд.
— Юртимизда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Биз ахборот технологиялари хизматларини экспорт қилиш билан шуғулланмоқчимиз, Шунинг учун нафақат катта миқдордаги инсон капиталига, балки сифатли инсон ресурсларига эга бўлишимиз керак, — дейди Фарҳод Иброҳимов. — Ахборот технологиялари мутахассисларига талаб ҳар йили ортиб бормоқда. Агар чет элдаги таниқли компаниялар юртимизда ўз ваколатхоналарини очишини ва ахборот технологиялари маҳсулотларини экспортга чиқаришни истасак, мутахассислар сони ва сифатини оширишимиз шарт.
Ахборот технологиялари марказларида ўқитиладиган ёшларга келгусида мустақил ишлаш имконияти берилади. Улар маҳаллий компанияларнинг ҳам, хорижий компанияларнинг ҳам буюртмаларини бажариши мумкин. Бундан ташқари, ахборот технологиялари паркининг резидент компанияларида амалиёт ўташи ва ҳатто доимий иш билан таъминланиши учун имконият яратиш кўзда тутилган.
Венчур фондлар билан ҳамкорлик
Технопарк айни пайтда бир қатор венчур фондлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, TUZ Ventures ва Sturgeon Capital фондлари жуда фаол ҳамкорлардандир.
TUZ Ventures билан бирга дастлабки босқичдаги стартапни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатда бизнес экотизимини яратиш мақсадида иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳамкорликда Ўзбекистоннинг стартап экотизими борасидаги муаммо ва имкониятларни ўрганиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудида тадқиқот олиб борилди. Унинг натижасида икки юзта стартап дастур йиғилди.
Ушбу тадқиқот нафақат стартапларга, балки венчур фондлар, давлат ташкилотлари ва тадқиқотчиларга ҳам тақдим этилади. Ушбу лойиҳалар барча мезонларга жавоб берса, TUZ Ventures сармоя киритиши кўзда тутилган.
Яна бир венчур фонд — Sturgeon Capital эса Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида инвестиция имкониятлари ихтисослашган хусусий инвестициявий бутик ҳисобланади. Инвестиция жамоаси Лондон ва Тошкент ўртасида асосланган тажрибали мутахассислардан иборат. Sturgeon асосчиси ва раиси Клементе Каппелло кўп йиллик тажрибага эга, Марказий Осиё ва Кавказга сармоя киритган мутахассис бўлиб, мисли кўрилмаган маҳаллий тармоқни яратган. Sturgeon Capital тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ихтисослаштирилган ўзбек фондини таклиф қилувчи ягона инвестиция менежери ҳисобланади.
— Sturgeon Capital билан IТ-park мунтазам қизиқарли ҳамда истиқболли лойиҳалар хусусида фикр алмашиб келмоқда — дейди Фарҳод Иброҳимов. — Келажакда технопарк, шубҳасиз, ушбу фонд билан ҳамкорликни давом эттиради ва турли қўшма лойиҳаларни ташкил этади. Электрон бозор платформалари тизимини такомиллаштириш, фойдаланувчиларнинг ўз лойиҳаларини кўрсатиш ва платформа орқали буюртма олиб, пул топиш имкони ортади.
Айни пайтда замонавий ва талабгир ўқув дастурларини жорий қилиш ва шу асосда ёшларни келажак касбига тайёрлаш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Навқирон авлод вакилларига ўз тажрибаларини улашадиган ментор, трекер ва тадбиркорликда муваффақиятга эришган инсонларни жалб этган ҳолда ахборот технологиялари ҳамжамиятини шакллантириш технопаркнинг энг устувор йўналишлардан бири саналади.