Ўрганишлар давомида 20 дан ортиқ дорихона қамраб олинган бўлиб, уларнинг тахминан 25 фоизида спирт сўралганда унинг ўрнига лосьон берилган.
Қўмита маълум қилишича, дори воситаларини ишлаб чиқаришда GDP сертификатлари жорий этилиб, сифат назорати кучайтирилган даврда айрим спирт ишлаб чиқарувчилар лицензия олмаган ҳолда спирт ўрнига лосьон ишлаб чиқаришни бошлаган. Бу ҳақда истеъмолчиларга тўлиқ маълумот берилмагани уларни чалғитишга сабаб бўлган.
Маълумки, 70 фоизли тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан, инъекциялар олдидан терини ишлов бериш, асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш, яраларни даволаш ҳамда жарроҳлик амалиётларида қўлланилади. Лосьон эса таркибида спирт миқдори паст бўлган косметик маҳсулот бўлиб, асосан терини тозалаш, ортиқча ёғланишни камайтириш ва косметика қолдиқларини бартараф этиш учун мўлжалланган.
Мутахассисларга кўра, спирт ўрнига лосьон таклиф этилиши кутилган тиббий самарани бермаслиги ва истеъмолчилар соғлиғига зарар етказиши мумкин.
Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатларни истеъмолчиларга нотўғри маълумот берилиши ҳамда уларга зарар етказилишига олиб келувчи қонунбузарлик аломатлари сифатида баҳоламоқда. Мазкур ҳолатлар юзасидан дорихоналарга нисбатан тегишли иш қўзғатилиши мумкинлиги, шунингдек, бундай ҳолатларни олдини олиш бўйича Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат юборилгани маълум қилинди.
Қўмита дорихоналарни истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этмаслик амалдаги қонунчилик талабларини бузиш ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирди.