28 октябрь “Халқаро анимация куни” муносабати билан Қозоғистон Республикаси Туркистон шаҳрида 29-30 октябрь кунлари “AMEN” ( “International Animation Film Festival”) учинчи анъанавий халқаро анимацион фильмлар фестивали бўлиб ўтган эди. 

Унда режиссёр Азизбек Муҳамедовнинг “Ғилдиракли уй” ҳамда “Сеҳрли танбур” мультфильмлари иштирок этди. “Ғилдиракли уй” мультипликацион фильми “Энг зўр анимацион фильм” номинациясида фестивалнинг  бош соврини “Гран при” билан мукофотланди. “Сеҳрли танбур” мультипликацион фильми эса “Энг зўр бадиий ечим” номинациясида биринчи ўринни эгаллади. Режиссёр фестивалдаги таассуротлари ҳақида гапириб берди:

— Ўзбек мультфильмларининг халқаро фестиваллардаги иштироки биз учун доим қувонарли ҳодиса. Чунки биз ўзимизнинг фильмларимизни салоҳияти ва сифатини малакали мутахассислар баҳолагандагина аниқ билишимиз мумкин. Фестивалнинг бош соврини билан тақдирланишимизни кутмаган эдик. 

"Ғилдиракли уй" анимацияси Дмитрий Власовнинг сценарийси асосида яратилган. Моҳият жиҳатидан бу фильм нафақат ёш томошабинни балки, катталарни ҳам ўйлантириб қўяди ва тарбиялайди. “Сехрли танбур” анимацияси эса Обид Ассомовнинг сценарийси асосида яратилган мураккаб бадиий эртак. Бундай натижаларга эришиш осон бўлгани йўқ, албатта. Бунинг учун фильмларимизнинг яратилишида иштирок этган барча хамкасбларимга, дўстларимга ва устозларимга миннатдорлигимни билдираман.  

Фестиваль доирасида Марказий Осиё ва Туркия аниматорлари билан давра суҳбати ташкил этилди. Бу учрашувда экспертлар ўзбек мультипликациясига бўлган қизиқишлари ҳақида гапиришди. Қозоғистонлик дўстларимиз айтишича: “Фильмлардаги ўзбек миллий нақш ва миниатюра санъати элементларининг иштироки ва рангларнинг уйғунлиги барчамизга жуда манзур бўлди. Миллий маданиятингизни анимация санъати орқали танитишингиз биз учун жудаям қувонарли. Чунки хозирги пайтда замонавий тарзда ишлаб, миллий маданиятини шакллантириш, сақлаб қолиш анча мушкул. Ўзбек анимацияси салоҳияти хозирда етакчи ўринда туриши шунинг учун бўлса керак. Ўзбекистонда ҳам халқаро анимацион фильмлар фестивали ўтказилса жуда хурсанд бўлиб иштирок этардик”. 

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати.