Бу йил Самарқанд дунёни ўзига қаратди, қарата олди. Кетма-кет йирик тадбирларга мезбон бўлаётган шаҳар бугун яна бир катта анжуманга ҳозирлик кўрмоқда. Биз мазкур тадбирлар доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишлари барчани бирдек ҳайратга солаётгани, дунёнинг мана-ман деган сиёсатчиларининг эътирофи-ю, оммавий ахборот воситалари бири олиб, бири қўйиб Самарқанд ҳақида мақолалар бераётгани, фильмлар суратга олаётгани тафсилотларини ёзмоқчи эмасмиз. Бугунги ҳикоямиз ана шу ишларга сабаб бўлаётган, мезбонликни жойига қўяётган Самарқанднинг кўпмиллатли халқи, уларнинг ҳамжихатлиги, аҳил-иноқлиги ҳақида.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик ўз-ўзидан вужудга келадиган ҳодиса эмас, балки у давлат томонидан олиб бориладиган миллий сиёсатнинг ҳосиласидир. Бугун ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар бу йўлда янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига хизмат қилмоқда. Мазкур тизимнинг муваффақияти эса тинчликни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожланиш учун асос яратади.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Самарқандга пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар вилоят марказидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда миллий маданий марказлар жойлашган “Дўстлик уйи” фаолияти билан атрофлича танишиш имконига эга бўлди.

Бу ташкил этилган тадбир бежизга эмас, албатта. Зеро, вилоятда маҳаллий аҳоли билан биргаликда яҳудий, форс-тожик, қозоқ, туркман, араб, юнон ва бошқа миллат вакиллари тинчлик-тотувликда яшамоқда. Аждодларнинг бағрикенглик анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда бугунги кунда 400 минг нафардан ортқ турли миллат вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида меҳнат қилаётир. 

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий ҳужжатлар турли миллат вакилларининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаоллигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров. – Вилоятда 11 та миллий маданият маркази фаолият юритади. Ҳудудимиздаги 137 та мактабда қардош тилларда таълим йўлга қўйилган. Самарқанддаги бирорта маънавий-маърифий тадбир, миллий байрам тантаналари уларнинг иштирокисиз ўтмайди.

– Бугун “Дўстлик уйи”да 11 та миллий маданият марказ билан бирга 36 та нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди “Дўстлик уйи” директори Достон Маликов. – Бу ерда музей, кутубхона, коворкинг маркази ва бошқа қатор қулайликлар мавжуд. Миллий маданий марказлар ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган бўлса, нодавлат нотижорат ташкилотлари аёллар, ёшлар, соғлиқни сақлаш, спорт, сайёҳлик соҳасида самарали фаолият кўрсатмоқда.

Дўстлик ва меҳр гўшасига айланган бу масканда одамлар ўзбек тили билан бирга тожик, рус, қозоқ, корейс, поляк, турк, татар, бошқирд, озарбайжон, араб ва бошқа кўплаб тилларда мулоқот қилади, ушбу тилларда қўшиқлар баралла янграйди. Тўрт қаватли бинода ишлаш, фаолият юритиш учун барча шароитлар яратилган, хоналар техника ва мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган, жамоаларнинг ҳудудлар бўйлаб харакатланиши учун автобус ажратилган.

Фурсатдан фойдаланиб, турли миллат вакиллари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Уларнинг самимий мулоқотга киришишлари, суҳбатдошга эса қадрдонлардек муносабатда бўлишлари, ўзларига яқин олиб гапиришларида халқимизга хос умумий фазилатлар намоён эди.

– Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган, – дейди Татар-бошқирд миллий маданият маркази раҳбари Ахмед Субхонқулов. – Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари бир тану бир жон бўлиб яшаб келмоқда. Ўзбекистонда миллати, тили, динидан қатъи назар барча миллат вакиллари тенг ҳуқуқли. Бунинг учун давлат раҳбарига раҳмат. Биз шундай тинч, осуда юртда яшаётганимиздан бахтиёрмиз. 

– Биласизми, маҳалламизда ўндан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади, – дея гап бошлади ўзини Полина Сайкина деб таништирган навбатдаги суҳбатдошимиз. – Яқинда бир қўшнимизнинг бошига катта ташвиш тушиб, қарзга ботди, моддий томондан жуда қийналиб қолди. Ёрдам сўраб турли ташкилот ва идораларга бормади, биз ўзимиз маҳалла, қўшнилар маслаҳатлашиб, унга ёрдам кўрсатдик, муаммосини кўплашиб бартараф қилдик. Менимча, одамлари бағрикенг бундай юртда, мамлакатда яшаётган турли миллат кишилари доим дилдан шукрона келтирадилар.

Дарҳақиқат, инсоният учун энг катта бойлик тинчлик, тинчликнинг манбаи эса ҳамжиҳатликдир. Бу неъматларнинг қадрига етиш ҳамда турли миллат ва элатлар вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаётган Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, кимлигимиздан қатъи назар, барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.

Нодир МАҲМУДОВ