Кейинги йилларда яна бир сўз урф бўлиб бормоқда. Янги Ўзбекистон ғояларини ўзига жамул-жам қилган бу сўз бағрикенгликдир.

Аслида, бағрикенглик яқинда пайдо бўлган ҳодиса эмас. У минг йиллар мобайнида барча халқнинг қон-қонига сингиб кетган хислатдир.

Улуғ Ватан урушида аср тушган япон миллатига мансуб аскарларга ўзбек халқи кўрсатган меҳрибонлик бунга яққол мисолдир. Юртга қарши урушган аскарлар қабрига ҳурмат кўрсатган Яккасаройлик қабристон хизматчисига Япон императори томонидан билдирилган эҳтиром ўзбек халқи бағрикенгликда дунёда тенгсиз миллат эканига ишорадир.

Ҳали ўз боласини тарбиялашни уддалай олмаётган Инсонлар яшаётган бу оламда 16 нафар турли миллат болаларини фарзанди каби ювиб-тараб, фарзанди каби эркалаб улғайтирган Шоаҳмад бобо ва Баҳри момонинг оиласи кимни ҳайратлантирмайди дейсиз? Урушнинг оғир кунларида рус, украин, татар, молдован, чуваш, яҳудий, қозоқ ва ўзбек болаларини бирлаштира олган бу оила бағрикенгликнинг ҳаётдаги аксидир!

Халқ шоирлари Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг мисраларида бағрикенглик ранг-баранг тасвирларда акс этган. «Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига, қандай чидай олган экан одамзот» жумласи ҳали-ҳамон кўнгилларни ўйлантиради. Балки, халқимизнинг бағрикенглиги туфайли ғамларга бардош берилгандир? Зеро, «дўст билан обод уйинг бўлса у вайрона ҳам, дўст қадам қўймас эса вайронадур кошона ҳам».

Қувончлиси шундаки, бағрикенгликни сақлаш, мустаҳкамлаш ва уни янги кўринишларда намоён этиш бугунги кун давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бағрикенгликни кунлик ҳаётимизга сингдириш, кенг тарзда жорий этиш тизимли равишда изчиллик билан ташкил этилмоқда.

Менимча, арзимас субъектив сабаблар туфайли бир-биридан узилиб қолиш даражасига етган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик миллатлари дўстлик риштаси айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг жасорати билан қайта боғлангани бағрикенгликнинг сиёсат борасидаги юксак намунасидир.

Юртимиз сарҳадларидан ошиб ўтган биргина бағрикенглик туфайли бутун Марказий Осиё яна жипслаша бошлади!

Ёки, 40 йилдан буён уруш ўчоғига айланган Афғон тупроғида эркинлик юзага келишига юртимиз томонидан қўшилган ҳисса, бу йўлда давом этаётган ҳаётбахш қадамлар ҳам бағрикенгликдир.

Ушбу бағрикенгликдан фақатгина бизнинг халқимиз эмас, балки қўшни халқлар ҳам хурсанд эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбек тили изоҳли луғатида бағрикенгликка «масалага кенг кўламда, очиқ кўнгиллик билан ёндашиш», - дея жуда чиройли таъриф берилган.

Яъни, бағрикенглик тушунчаси фақатгина бир ёки бир неча инсонлар қалбидаги эмас, балки бутун бир халқ кўнглидаги очиқ кўнгиллиликка ҳам дахлдор тушунча сифатида ифодаланган.

Айнан шу жиҳатдан юртимизни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган бугунги ислоҳотлар халқимизнинг дилидаги орзу-ниятларни амалга оширишга қаратилган бағрикенглик деб ўйлайман.

Бағрикенглик турли миллат ва элатлар вакилларини олижаноб ғоя ва эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва баҳамжиҳат яшашга ундайди. Бағрикенглик вақтга боғлиқ эмас, макон танламайди. Чегаралар унга тўсиқ бўла олмайди. Бағрикенглик барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ривожини истайди.

Бағрикенглик инсонни ирқи, жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ҳамда ижтимоий мавқесидан қатъи назар, бир хилда тенг кўришга асосланади.

Айнан шу жиҳатдан янги Ўзбекистон ислоҳотлари нафақат ички муомалада, балки мамлакатимизнинг ташқи сиёсатида ҳам халқчил ғоялар устуворлигини таъминлашга йўналтирилган.

Айнан шу жиҳатдан дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмини ўзида бирлаштирган, Евро Осиёнинг ярмидан кўп ҳудудида жойлашган халқаро тузилма - Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида илк бор қатнашган чоғидаёқ Президентимиз томонидан мазкур нуфузли ташкилотнинг обрўси ташкилотга аъзо давлатлар халқларининг ўзаро дўстона муносабати–халқ дипломатияси-бағрикенгликнинг гўзал кўринишига боғлиқ экани ҳақидаги ғояни илгари сурган.

Айнан шу саммит натижаси ўлароқ юртимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилиб, унга юкланган устувор вазифалардан бири бағрикенглик деб белгиланган.

Дарҳақиқат, халқ дипломатияси билан бағрикенглик узвий боғлиқдир. Ватан остонадан бошланади, Халқ дипломатияси эса бағрикенгликдан бошланади. Бағрикенглик юзага келмас экан Халқ дипломатияси яшай олмайди.

Мабодо Халқ дипломатиясини анорга менгзамоқ мумкин бўлса, бағрикенглик ушбу анорнинг доначалари каби кўп ва жипслашган бўлади.

Яъни, анорнинг таъми унинг доначаларида бўлгани синганри Халқ дипломатиясининг мазмуни бағрикенгликдадир.

Бағрикенглик ўзликни англаган миллатнинг бошқа миллатни камситмасдан, тинч-тотув ҳаёт кечиришидир. Бағрикенглик ҳар бир инсоннинг хулқ-атвори, одоб-ахлоқи, сиёсий-маънавий поклиги, инсон деб улуғланувчи олий қадриятга ижобий муносабатини белгилаб берувчи нафис туйғудир.

Бағрикенглик ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англайди, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатни намоён қилади, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олади, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашни мақсад қилади.

Халқаро муносабатларда бағрикенглик давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига риоя этилишини истайди.

Бағрикенглик ғояси дунёдаги энг нафис, шу билан биргаликда, энг долзарб масалаларни қамраб олган.

Бундан чорак аср муқаддам ЮНEСКОга аъзо давлатлар томонидан Парижда «Бағрикенглик тамойиллари декларацияси» қабул қилинган.

Дунёнинг деярли барча давлатларини ўзида мужассамлаштирган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса 1996 йилнинг декабрида ҳар йили 16 ноябрни «Бағрикенглик куни» деб нишонлашни эълон қилган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йилдаги сессиясида айнан Ўзбекистон ташаббуси билан «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюция қабул қилинган.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи ҳали 30 ёшга ҳам кирмаган ёшлардан иборат. Шу сабабли бағрикенглик тушунчасини айнан ёшлар қалбига сингдиришга эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, бой маънавий меросимиз, асрларга татигулик анъаналаримиз келажак авлодга асл ҳолатда етмоғи лозим.

Бу вазифани амалга оширувчилар эса ёшлардир. Шу сабабли БМТнинг «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббуси Ўзбекистон томонидан илгари сурилгани ҳаётий ҳақиқатдир.

Икки йил муқаддам миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланган.

Концепцияда давлат идораларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтиришга устуворлик берилди. Юртимиздаги турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини ривожлантириш, жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини янада мустаҳкамлашнинг қатъий чоралари белгиланди.

Халқаро ҳамкорликни ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, юртимизнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини оширишга асосий йўналиш деб ҳисобланди.

Дарҳақиқат, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшамоқда, 140 га яқин миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз она тили, ўз миллати тарихи, ўз қадрият ва маданиятини ўрганишига шарт-шароит яратиш бағрикенгликнинг бир кўринишидир.

Бағрикенглик тамойили ақидабозликдан ҳоли бўлиши керак. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин, шунингдек бундай ҳуқуққа бошқалар ҳам эга бўлишга ҳақли эканини чин кўнгилдан ҳис қилиши керак. Бировнинг дунёқараши бошқаларга мажбуран сингдирилмаслиги лозим.

Айнан шу жиҳатлар инобатга олиниб, Миллий консенцияда миллатлараро бағрикенглик тушунчасига «фуқаролик жамиятининг ижтимоий нормаси бўлиб, бошқа миллат ва элатлар вакилларининг умуминсоний қадриятларга зид бўлмаган нуқтаи назарларига, динлари, урф-одатлари, анъаналари ва маданиятига нисбатан муросаи мадорада намоён бўлиши» тарзида таъриф берилган.

Роппа-роса бир йил муқаддам маҳаллий ҳокимиятлар ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйи-ча жамоатчилик кенгашлари низоми тасдиқланди.

Низомга кўра, бағрикенгликни таъминлаш масалалари бўйича маҳаллий ҳокимликларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини ташкил этиш учун фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси деб белгиланди.

Янги Ўзбекистон ўзининг устувор йўналишини белгиловчи Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга оширишда, шу жумладан, халқаро муносабатда тинчликпарварлик, бағрикенглик ва ҳамдўстлик сиёсатини илгари сураётган мамлакат сифатида дунё ҳамжамияти эътиборини қозонмоқда.

Ўзбекистон Президентининг кейинги йиллардаги йигирмадан ортиқ Фармонларида кўрсатилган масалалар ечимида бағрикенглик тамойилидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишининг олдини олиш мақсадида бағрикенглик мафкурасини тарғиб этиш 2021-2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Миллий стратегиянинг устувор йўналишлари бири сифатида белгиланган.

Эътиборлиси шундаки, ушбу Миллий стратегия амалга ошиши натижасида экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва мафкуравий механизмларнинг самарали тизимини, шунингдек, жамиятда бағрикенглик маданиятини шакллантиришга эришиш кўзда тутилган.

Юртимизда барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун қонуний шарт-шароитлар яратилмоқда.

Жумладан, қонунларда бағрикенглик тушунчасидан фойдаланишга эътибор қаратилса, ушбу амалиёт муайян ижтимоий гуруҳларга нисбатан қаратилганига диққатни тортади. Ёшлар сиёсати, бола ҳуқуқи кафолати, ногиронлиги бўлган шахсларга муносабат, виждон эркинлиги каби муҳим масалаларда бағрикенглик тамойилидан фойдаланилган.

«Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунда ўсиб келаётган авлодни бағрикенгликка ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналиши деб кўрсатилган.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида болаларда бағрикенглик туйғусини тарбиялаш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида қайд этилган.

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунга кўра, давлат органлари жамиятнинг онгида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматига ҳурматни шакллантириш бу тоифадаги шахсларнинг ижтимоий интеграциясига имкон берувчи тимсолини бағрикенглик асосида тарғиб этишни рағбатлантиради.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга биноан, виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари, хусусан конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлашдан иборат деб белгиланган.

Қайд этилганидек, бағрикенглик тушунчаси аҳолининг деярли ҳар бир қатламига алоқадор тушунчадир. Бағрикенглик тамойили ҳар бир жабҳага, ҳар бир қалбга алоқадор туйғу ҳисобланади.

Ҳар биримиз кенг феъл бўлсак, қалбимиз яхшилик қилишга, қадамимиз меҳрга таянч бўлишга, ҳар битта сўзимиз, олаётган ҳар бир нафасимиз очиқ кўнгилликка мойил бўлса, бағрикенглик юракларга ошно бўлгай!

Шундай экан, бағрикенглик ҳар биримизнинг қалбимизда туғён урмоғи лозим. Бағрикенглик тамойили ҳар кунимиз учун неъматга айланмоғи, ҳар кунимиз учун таянч нуқта бўлиб шаклланмоғи лозим.

Абдухолиқ Хусаинов,

Халқ депутатлари Яккасарой

туман кенгаши депутат.