Кўргазмада Ҳабибулло Имомов, Раҳматилла Зокиров, Муҳаммаджон Ашимов, Бобомурод Ҳайдаров, Азамат Исломов, Усмон Зуфаров, Хожи Охун каби чолғу асбоб усталарининг, шунингдек, Ўзбекистон давлат консерваториясидаги “Миллий чолғу” илмий ишлаб чиқариш экспериментал лабараториясидан тавсия қилинган, турли йилларда усталар томонидан тайёрланган бадиий қийматга эга чолғу асбоблари намойиш қилинмоқда.

Кўргазманинг очилишидаги давр суҳбатларида айтилганидек, мамлакатимиздаги анъанавий чолғу асбоблари кўп асрдан ўтиб келаётган мусиқа маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб, уларнинг ривожланиши ва тарихини кўрамиз. Юртимизда пуфлама, зарбли ва торли чолғу асбобларининг кўп турлари кенг қўлланилади.

Экспозициядан ўрин олган “Дутор”, “Замонавий дутор”, “Рубоб”, “Анъанавий рубоб”, “Ғижжак”, “Чанг” ва бошқа мусиқа асбоблари (80 дан ортиқ) томошабинларни бефарқ қолдирмайди.

Тадбир давомида таниқли ижрочиларнинг халқ чолғу асбобларидан маҳорат билан фойдаланиб, куй ижро этиши мухлисларга завқ бағишлади.

Кўргазма жорий йилнинг 4 апрелигача давом этади.

Ҳасан Абдуназаров