Жорий йил 31 март куни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимизнинг “Биронта ҳоким ва тармоқ раҳбарининг иш ўринларини камайтиришга, бандлик режаларини бажармасликка ҳаққи йўқ”, дея таъкидлагани соҳа вакилларига ўзига хос чақириқ вазифасини ўтади.
Йиғилишда иш ўринларини ташкил этиш, бандликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ташқи иқтисодий омиллар, янги иш ўринлари ташкил этиш кўрсаткичлари вилоят ва туманлар бўйича таҳлил қилиниб, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича қатор топшириқлар белгилаб берилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 декабрдаги “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига асосан давлат бюджетидан 300 миллиард сўм трансферт ажратилиши белгиланган. Жорий йилнинг ўтган даврида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 57 минг 43 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаро учун 59,9 миллиард сўмлик буюртма шакллантирилиб, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 30,4 миллиард cўм маблағ молиялаштириб берилди.
Жамғарма томонидан ижара асосида бериладиган инвентарь ва воситалар рўйхатига ўзгартириш киритилиб, 19 турдан 31 турга кенгайтирилди. Асосий восита, мини техника ва асбоб-ускуналар, жумладан, тикув машиналари, пайвандлаш аппарати харид қилиниб, ҳудудларнинг тегишли таклифлари асосида тадбиркорлик субъектларига ижарага берилди. Шу орқали кўп тармоқли хизматлар йўлга қўйилди. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ишсиз аҳолининг доимий бандлиги таъминланди.
Жумладан, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида Жамоат ишлари жамғармаси маблағи ҳисобидан жами 11 та корхонага умумий қиймати 3,7 миллиард сўмлик 504 дона асосий восита ва инвентарь (тикув машиналари, мотокультиватор, автомобиль ювиш жиҳози, чангюткич, бурғилаш ускунаси) харид қилиниб, тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш орқали 958 нафар ишсиз хотин-қиз ва ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Жамоат ишлари жамғармаси қўллаб-қувватлаётган бир қатор тадбиркорлар маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ва сифатини оширган ҳолда, чет элга экспортни бошлаб юборди. Мисол учун, Тошкент вилояти Бўка туманининг Бўстон маҳалласидаги ишсиз аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Бўстон барака нур” МЧЖга 203 та замонавий тикув машинаси олиб берилди. Натижада тадбиркор маҳаллий аҳоли учун 500 дан ортиқ иш ўрни очди. Корхона ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмаган эса-да, Италия, Россия ва Қозоғистон буюртмачилари билан 650 минг АҚШ долларилик шартнома имзолаб, маҳсулот экспортини бошлади. Мазкур давлатларда тадбиркорнинг фирма дўконлари очилиб, маҳсулот сотуви ҳам йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Нам файз текстил” МЧЖга жамғармамиз томонидан тикув машиналари ижарага берилиши натижасида иш кўлами кенгайиб, АҚШнинг Бруклин шаҳрида жойлашган “Turon Trade House Ink” корхонаси билан 504,6 минг АҚШ доллари қийматидаги шартнома имзоланишига эришилди.
Жамғарманинг ишсиз, банд бўлмаган фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган ижара пунктлари орқали ҳудудларга берилган инвентарь ва мотокультиваторлардан бугунга қадар 636,6 миллион сўм ижара тушуми олинди.
Хулоса ўрнида айтсак, сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, фаровонлигини ошириш борасида бошланган ислоҳотлар ўз самарасини бераётир. Юртимизнинг энг чекка ҳудудида ҳам аҳоли ўз ҳаётидаги ўзгаришларни оиласи мисолида яққол ҳис этяпти. Жамоат ишлари жамғармаси ҳар бир оила ислоҳотларнинг ўз ҳаётидаги самарасини тўла ҳис қилиши учун бор имкониятини ишга солмоқда.