“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Марказий банк ҳамкорлигида “Банк-молия соҳасидаги коррупцияга қарши курашишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк мутахассислари, Республикада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, тадбирни модератор сифатида бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз кириш нутқида коррупциялашган мамлакатларнинг иқтисодиёти тўғри ишлай олмаслиги, коррупция табиий қонуниятларнинг эркин ишлашига халақит бериши ва мамлакат иқтисодининг гуллаб-яшнашига жиддий тўсиқ бўлишини таъкидлаб ўтди.
“Коррупция ҳаётни, иқтисодиётни ва демократияни йўқ қилади. Коррупция камбағал мамлакатларнинг қашшоқликда қолишига, можаролар ва беқарорликлар келиб чиқишига, шунингдек, мўрт муҳитнинг пайдо бўлишига хизмат қилади. Ўрганишлар ривожланаётган мамлакатларда ривожланган мамлакатларга нисбатан коррупция анча юқори бўлишини кўрсатмоқда.
Коррупциялашган мамлакат иқтисодиётида ресурслар ҳам самарасиз тақсимланади, сабаби тўғри йўл билан ғалаба қозона олмайдиган компаниялар, кўпинча порахўрлик ёки улуш бериш эвазига давлат буюртмаларига ва лойиҳаларига эга бўлишади. Молиявий оқимларнинг катталиги туфайли давлат харидлари фирибгарлик ва коррупция тузоғига тушиши эҳтимоли юқори бўлган энг заиф йўналишлардандир.
Иқтисодиётнинг коррупциялашиши таълим ва соғлиқни сақлаш сифатининг ёмонлашишига, бу эса, ўз навбатида, аҳолининг умумий турмуш даражасининг пасайишига олиб келади.
Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, коррупция даражаси юқори бўлган мамлакатлардаги ўртача даромад коррупция даражаси паст бўлган мамлактларникининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Шунингдек, бундай мамлакатларда чақалоқлар ўлими даражаси қарийб уч баробар юқори, саводхонлик даражаси эса 25% га паст бўлади” – деди Элдор Туляков.
Шунингдек, давра суҳбатида иштирокчилар томонидан “Банк тизимида коррупцияга қарши Комплаенс назоратнинг жорий этилиши”, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертиза қилиш масалалари”, “Коррупциянинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш мақсадида молия тизими ва бюджет соҳасида амалга оширилаётган ишлар” ҳамда “Банк-молия тизимида коррупцияга қарши кураш: халқаро андозалар ва нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилишнинг айрим масалалари” каби бир қатор мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Джаҳонгир Ширинов ўз маърузасида қуйидаги фикрларга тўхталиб ўтди:
– Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз сиёсатига эга. Биз Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро конвенцияга қўшилиб, бу борада “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” махсус қонунни қабул қилдик. Коррупцияга қарши нафақат оператив-қидирув, балки маъмурий-превентив усуллардан ҳам фойдаланяпмиз. Халқ билан мулоқот тизими йўлга қўйилиб, мансабдор шахсларнинг ножўя хатти-ҳаракати, ким бўлишидан қатъи назар ижтимоий тармоқларда ошкор этилмоқда.
Давлат харидларини амалга ошириш борасида сифат жиҳатдан янги тизимга ўтилди. Хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди. Тўғри, бугунги кунда миллий қонунчилигимизда коррупцион жиноятлар тоифалари аниқ эмас. Биз, кўпинча, пора бериш ва пора олиш каби жиноятларнигина коррупцион жиноят деб келамиз. Айнан шу сабабли бугунги кунда биз Жиноят кодексига коррупцион жиноятлар ҳақидаги тушунчани киритиш ва бундай жиноятлар учун жазони оширишни назарда тутувчи қонун устида иш олиб бормоқдамиз.
Қолаверса, эндиликда “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилади. Яна бир масала — биз, авваламбор, қонунларимизнинг ўзини коррупциядан холи этишимиз лозим. 2021 йил 22 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш белгиланмоқда.
Иқтисодиётнинг муҳим бўғини бўлмиш банк-молия тизимидаги коррупция ҳолатларига қарши курашиш, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, бу борадаги коррупциоген омилларни бартараф этиш масалалари долзарблик касб этиб, бошқа соҳаларда коррупцияга қарши курашишнинг муваффақиятига бевосита таъсир кўрсатади.
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Нилуфар Нодирхонова бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён этди:
– Афсус билан қайд этиш лозимки, очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахси, шунингдек, молия органларининг 41 нафар ходими коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга мўлжалланган бюджет маблағлари муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Жумладан, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан ўзлаштирилган. Банк тизимида маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари ҳақли танқидларга учрамоқда.
Халқаро молиявий институтлар ва банк соҳасига оид ташкилотлар (Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт Банки, Халқаро валюта жамғармаси, Европада тикланиш ва тараққиёт банки) ўз тавсияларида коррупцияга қарши курашиш банк соҳасида устувор вазифа сифатида кўрилиши кераклигини қайд этиб келишади.
Шу боисдан Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилишда коррупцияга қарши курашиш масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида концептуал тарзда акс эттирилиши масаласи кўриб чиқилиб, бу борада қонунчиликка тегишли ўзгариш ва қўшимчалар киритиш лозим.
Шу билан бирга тадбирда, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар энг кўп учрашига сабаб бўлувчи давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш каби йўналишларда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан фикр-мулоҳозалар алмашилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчи экспертлар томонидан бу каби ҳамжиҳатликда ташкил этилган тадбирлар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги амалий ташаббусларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилишида ҳамда замонавий услуб ва ёндашувларни қўллашда ўз самарасини бериши таъкидланди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати