Улар бир қарашда оддий, эл қатори кўринадиган, аммо ботинидаги кучли ирода, матонат сабаб олға интиладиган шахслардир. Шу боис, улар ёнгинамизда яшаса ҳам жасоратига кўпинча эътибор қилавермаймиз. Шукрки, дунёда адолат, уни рўёбга чиқарадиган одамлар бор. Давлатимиз раҳбари ҳам Акбар Ҳасановнинг интилишларини эътибордан четда қолдирмади. Уни барчамизга намуна қилиб кўрсатди. Биз унинг ҳаёти ва фаолият йўли билан сизларни ҳам таништиришни лозим топдик.

* * *

... У болалигида шўх эди. Спорт мусо­бақаларида ўртоқлари унга тенглаша ол­масди. Айниқса, футбол баҳслари усиз ўт­масди. Тўпурарлиги сабаб ҳар сафар юқори синф ўқувчилари уни жамоасига қўшиб оларди. Албатта, у ҳам ишончни оқларди. Чаққонлиги иш бериб, ўйин бошланиши билан биринчи бўлиб ҳисобни очар, олқиш­лар унга завқ берарди. Кураш беллашувла­рида эса катталарни ҳам доғда қолдирар, гоҳида бир кўтаришда рақибининг елкаси­ни ерга теккизиб, беллашувни ҳал қиларди. Шундай дамларда синфдошлари унга ҳавас билан қараши ёқимли эди. У югуриш ва ба­ландликка сакрашда ҳам илғор бўлган. Шу боис, доим “Келажакда чемпион бўламан”, дерди. Учинчи синф ўқувчисининг иқти­дори устозларни ҳам ҳайратлантирарди. Ота-онаси Акбар бир оз улғайса, спорт тў­гарагига беришни ният қилганди. Аммо ку­тилмаган аянчли воқеа боланинг тақдирини ўзгартириб юборди.

Энди 10 ёшга кирган Акбар Ҳасанов автоҳалокатга учради. Оқибатда икки оё­ғининг тиззасидан пасти кесилди. Кулфат шўх-шодон юрган болакайни ўзгартирди. Акбарнинг ўзига келиши осон кечмади. У энди бошқалар қатори юришга имконияти йўқлигини қабул қилиши қийин эди. Ле­кин тақдирга тан бермасликдан ўзга чора йўқ. Катталарнинг маслаҳати билан ўзига таскин берадиган бўлди. Атрофга боқиб, ҳаётда ёлғиз ўзи шу кўйга тушмаганига амин бўла бошлади. Ўзини ўзи кўникти­риб, олдинга интилишга куч топди. Авва­лига аравачада ҳаракатланиб, ўртоқларига қўшилмоқчи бўлди. Маҳалла ўйингоҳида тўп тепаётган болалар яқинига борди. Чет­да туриб, ўйинни томоша қилди. Гоҳида завқи келиб, улар сафига қўшилиб кетиш­га чоғланарди. Аммо энди бунинг имкони йўқ.

... Акбарнинг кўнглида бошқалар қа­тори юриш истаги пайдо бўлди. Бунга йўл қидирди. Катталардан суриштирди. Шифокорлардан ёрдам сўради. Натижада протез оёқ билан ҳаракатланиш мумкин­лигини аниқлади. Аммо бу оддий иш эмас­ди. Шифокорларнинг кўрсатмасига кўра, бунинг учун бир оз вақт зарур эди. Бундан ташқари, йигитчадан кучли ирода, сабр- тоқат талаб қилинарди. Вақт ўтиб, айтил­ганидек, протезга ўрганиш осон кечмади. Барча азобларга чидади. Турли машғулот­ларни бажариб, ўзини мослаштириб бор­ди. Кўп ўтмай, орзуси амалга ошди. Энди у одамлар орасига қўшилиб, ҳаракатлана­диган бўлди.

— Тўғриси, шу пайгача бир дақиқа ҳам бошқалардан ортда қолганим йўқ. Имко­ниятим чекланган деб бекор ўтиришни ёқ­тирмайман. Доим олдинга интилиб яшашни яхши кўраман, — дейди Акбар Ҳасанов. — Болалигимдан бирон ишни бажаришни мақсад қилдимми, шунга эришганман. Ўр­тоқларим орасида фақат биринчи бўлишни ёқтирардим. Иккинчи гуруҳ ногирони бў­либ қолганимдан сўнг ҳаётда ўз ўрнимни топишимда ўртоқларимнинг ҳиссаси кат­та. Улар билиб-билмай менга руҳий қувват берган. Кўпинча тенгдошларим копток ўй­наб, мени ўйинга чорларди. Бундай пайтда жаҳлим чиқарди. Барибир аввалгидай ҳа­ракат қиламан деб аҳд қилардим. Бу мени тушкунликдан олиб чиқиш билан бирга ҳаётда ўз ўрнимни топишимга сабаб бўлди.

Акбар аканинг матонати, саботи бош­қаларга ўрнак бўлмоқда. Жумладан, мам­лакатимизнинг энг баланд нуқталаридан бири Ҳазрати Султон чўққисини забт этган. Тўрт мучаси соғ инсон ҳам осонликча чиқа олмайдиган чўққига кўтарилиш осон иш эмас! Қаҳрамонимиз ҳаётида бундай ми­соллар кўп. Эътиборлиси, Акбар Ҳасанов ўзи туғилиб ўсган Шаҳрисабз туманида каттагина боғ барпо этиб, салмоқли ҳосил оляпти.

— Илгари қўшни вилоятлардан мева олиб келиб сотардим, — дейди Акбар ака. — Ишим ёмон эмасди. Топганим рўзғорга етарди. Айрим вақтларда мева олиш учун жуда ажойиб боғларга бориб қолардик. Ҳосилни кўриб ҳавасим келарди. Шундай пайтлари: “Қани энди ўз боғим бўлса”, дея кўнглимдан ўтказардим. Аста-секин бу ис­так мақсадга айланди. Сўнг ҳар бир боққа кирганимда эътибор қиладиган бўлдим. У ердан нимадир ўрганишга интилдим. Жа­раёнда кўп боғбонлар билан суҳбатлашиб, тажрибасини ўргандим. Хуллас, етарлича малака тўплаб, иш бошладим. Шу тариқа “Ҳасанов Акбар Муҳаммадиевич” масъ­улияти чекланган жамиятига асос солиб, 12 гектарда мевали дарахтлар ўтқаздим. Ҳар бир ниҳолни парваришлаб, ўстирдим. Ҳозир мазкур боғдорчилик жамиятида им­конияти чекланган тўрт киши иш билан таъминланган. Хўжалик тасарруфидаги 12 гектар майдоннинг 4 гектарига анор, 7 гектарига эса гилос экилган. Чорва ва пар­рандачилик учун бир гектар ажратилган. Бундан ташқари, 12,5 сотих ерда иссиқхо­на бор. Унга экилган лимон 2025 йилда 5 тоннадан зиёд ҳосил берди.

Боғбоннинг айтишича, гилос дарахти Шаҳрисабз иқлимига мослаша олмаган. Кутилган натижа бермагани боис, келгуси­да унинг ўрнига ёнғоқ экилади.

— Давлатимиз раҳбарининг фармо­нига кўра, “Жасорат” медалини олганим менга катта куч берди, — дейди қаҳра­монимиз. — Бундан руҳланиб, янада кўп ишлашни мақсад қилдим. Мукофот камтарона меҳнатим учун рағбат бўлди. 2026 йилда янги лойиҳаларни амалга ошириб, қўшимча иш ўрни очишни мақ­сад қилганмиз. Муҳими, ҳар бир меҳна­тимиз юртга, элга наф келтирсин.

Акбар Ҳасановнинг ишлари ҳақиқий жасорат! Олис бир тумандаги оддий боғ­боннинг ана шундай интилиши ва мато­нати эътиборда экани эса кишига рағбат беради. Эртанги кунга ишончни мустаҳ­камлайди.

Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири