Каминанинг иншолари муштарийларга ёққан-ёқмагани қоронғу эканини эътироф этган ҳолда, меҳрибон муаллимларим ўргатган тартибу тамойиллар, усулу услублар ила қоғоз қоралаш орқали ўқувчиларга шахсий мулоҳазаларни қиёсий далиллар негизида етказишнинг ўзи бир бахт эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Еттидан бири, тўртдан бири, тўққиздан бири, учдан бири...
Қанақа рақамлар ва улар неларни англатиши хусусида бош ҳам қотирманг, ажабланишга вақт ҳам сарфламанг. Бу сонлар кейинги ойларда кузатилган изчил воқеликнинг арифметик формуласидир. Қуйида ушбу формула мағзини журналистик талқинда чақишга ҳаракат қиламиз.
Баридан бири борлиқ билан бевосита боғлиқ рақамлар “тилга киргунча” эндиги баён этиладиганлар мутлақо хусусий фикр эканлигини эслатиш ўринли. Бироқ ундаги айрим солиштирмалар интернет тармоғи ёхуд олимлар тадқиқотларидан олингани айни ҳақиқат.
Ортда қолган беш йил Ҳаракатлар стратегияси асосида фаолият кўрсатган бўлсак, галдаги беш йиллик турмушимиз унинг тадрижий давоми саналган Тараққиёт стратегиясига қурилишини эшигандирсиз.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси эса еттида устувор йўналишдан иборат бўлиб, ШУНДАН БИРИ иқлим ўзгариши ва экология, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси каби умумбашарий муаммоларга ечим топиш долзарб масала бўлиб қолаётганидир.
Дарров савол туғилади: нега экология жуда ёмон хатар, инсон ўз қўли билан амалга оширадиган терроризм янглиғ бало қаторига қўшилди? Янглиш эмас, албатта. Аксинча, онг орқали оқибатини олдиндан илғай олиш, илмий идрок этиш маҳсулидир бу.
Иқлим ўзгаришлари инсониятга радикализмдан-да катта хавф туғдирмоқда. Экологик бўҳронлар эктремизмдан-да даҳшатлироқ фожеаларга рўбарў қилаётир. Табиий ресурслардан орқа-олдига қарамай тўрт танга топиш илинжида кўзга кўринмас тарзда яратилаётган бозорлар олдида одам савдоси “оборот”и қайтимга бериладиган чақага ўхшаб қолаяпти. Ишлаб чиқариш ва қурилишнинг мисли кўрилмаган даражада илдамлаши туфайли атмосферага тобора кўпроқ заҳарли моддаларнинг ташланиши, атроф-муҳитни чиқиндилардан асраш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофазалаш кундан кунга қийинлашаётгани аксиомадир.
Инкор этиб бўлмас ҳақиқат шуки, иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларни бир мамлакат миқёсида ечиш умуман имконсиз. Ундан-да ёмони, чора тараф дея аталмиш борлиқни борича, табиий ҳолда сақлашга қайси томондан ёндашсангиз ҳам саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатлар тўқнашуви бўй кўрсатаверади. “Фалон цемент заводи чанг-газни тутиб қолиш қурилмасини замонавийсига алмаштиргунча уч ойга ёпилсин!” деган қарор чиқиши билан ўша ердаги минглаб ишчилар оилалари даромадсиз қолади. Экологик талаб сабаб кичик бир цехнинг вақтинча ёпилиши ҳам тадбиркорга, ҳам унинг ҳодимларига катта зарар келтиради.
Лекин иш ўрни очаяпмиз, одамларга даромад манбаи яратиш орқали камбағалликни қисқартиришга сезиларли ҳисса қўшаяпмиз, деган баҳона билан атроф-муҳитга зиён етказиш нафақат амалдаги қонун-қоидалар, балки ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди. Демак, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўлини ахтарган ва топганнинг “пичоғи мой устида” бўлажак эндиги даврда.
Сиёсатчилар бирор халқаро ташкилот фаолиятига бевосита баҳо беришдан аввал унинг таъсир доираси, ҳудудий қамровига жиддий эътибор қаратишади. Шу маънода, яқин ва олисдаги турдош тузилмалардан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳеч қайси қиёсда кам эмас, десак муболаға бўлмайди. Боиси мазкур ташкилотга аъзо давлатларда 500 миллиондан ортиқ аҳоли яшашининг ўзи кўп нарсадан дарак беради. Бир ёни Кавказ, иккинчи томони Ҳимолай тоғларига туташ минтақа улкан бозорга эга. Иқтисодий ҳамкор мамлакатларнинг савдо-сармоя соҳаларидаги имкониятлари эса жуда катта.
Дарвоқе, ИҲТнинг яқинда Ашхабодда бўлиб ўтган ўн бешинчи саммитида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари ташкилотнинг яқин истиқболдаги фаолияти тўртта муҳим йўналишга таяниши мақсадга мувофиқлигига халқаро ҳамжамиятнинг диққатини қаратди. Бўлиб ўтган воқеликни чуқурроқ ёритишни одат қилган, Президентимиз нутқи замиридаги кучли стратегияни англаб етган журналистлар эса илгари сурилган таклифларни тўрт устунга ўхшатишгани бежиз эмас.
Бунда, аввало, Ўзбекистон ташаббуслари “кўрпани фақат ўзига тортиш”дан йироқ бўлиб, биргаликда ривожланиш мақсади олдинга ўринга қўйилгани аҳамиятли. Ортиқча пафос реаллик билан, баландпарвоз гаплар амалий ҳаракатлар билан алмаштирилгани эътиборли. Ана шу тўрт ЙЎНАЛИШДАН БИРИ яна борлиқ билан боғланди: ИҲТ доирасида эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузиш таклифи халқаро ҳамжамиятда ижобий акс-садо бераётир. Боиси экологик муаммолар на давлатлар чегараларини тан олади, на минтақа танлайди. Яқинда Тошкент шаҳри ва пойтахтга туташ вилоятларга ёпирилган қумли-чангли бўрон фикримиз тасдиғидир. Ундан қўшни мамлакатлар фуқаролари ҳам азият чекди. Мутахассислар бундай табиат ҳодисаси охирги 150 йилда илк бор кузатилганини таъкидлашаяпти. Яъни, пишиб етилган экологик муаммо – тупроқ устки қатламининг қуриб кетиши, ер остида сувларининг тортилиши туфайли намлик камайиши, илғаб турганингиздек, фақат бизнинг бошимизга тушган савдо эмас.
Иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар билан нафақат барча мамлакатлар биргаликда, балки ўша юртлардаги ҳар бир фуқаро бир ёқадан бош чиқариб курашиши керак. Она сайёра дегани асло китобий тушунча эмас. Давлатлар ўз томонидан экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган қонун ва қарорларни қабул қилиши, одамлар эса унга итоат қилиш маданиятини “юқтириши” керак.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг конституциявий ислоҳотларга эҳтиёж туғдирган тўққизта ЙЎНАЛИШДАН БИРИ сифатида экологик муаммоларни таъкидлагани замирида қандай улкан мақсад борлиги янада ойдинлашади. Ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритаётгани, Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозимлиги баъзи юристларни ҳам сергак торттирган бўлса не ажаб!?
Таниқли академик Акмал Саидовнинг тадқиқотларида айтилишича, бу борада Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг конституцияси таркибий қисми бўлган ЭКОЛОГИК ХАРТИЯлар қизиқиш уйғотмасдан қолмайди. Конституцияда экологик ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилиши давр талабидир.
Юртимизнинг Бош қомусига махсус боб киритилиши, бир сўз билан айтганда, объектив зарурат ҳисобланади. Ҳар қандай ҳуқуқий тамойил табиат қонунларига мос бўлган (ё зид келмаган) тақдирдагина тўғри деб топилиши ана шу эҳтиёжнинг амалий ифодаси саналади.
Олимларнинг фикрича, Асосий қонунга экологияга оид боб киритилиши вақт ўтиши нуқтаи назаридан ҳам жуда долзарб. Яъни, илгари ер ва табиий ресурслар мутлақо давлат мулки эканини англатувчи ҳуқуқий меъёрлар қатъий ўрнатилган бўлса, ушбу соҳаларга фуқароларнинг хусусий мулки тушунчаси киритилиши мумкин.
Коронавирус балоси элимизга “қадам ранжида” қилганида турмуш тарзимизга қанчалик тез ўзгаришлар киритиб, “COVID19”га қарши самарали курашиш учун ҳуқуқий асос яратган қарорларни қабул қилган, энг муҳими, уларга қатъий риоя этишга ўрганган бўлсак, иқлим ўзгаришлари ва экологик муаммолар оқибатини имкон қадар енгиллаштириш учун ҳам даставвал атроф-муҳитни тоза ва озода асрашнинг ҳуқуқий майдонини янгилашимиз талаб этилади. Бунинг учун эса биринчи навбатда конституцияга замон талабига мос боб киритиш зарур. Мустаҳкам дарахтнинг танасидан шохлар ўсиб чиққани ва теваракка соя (кислород) бергани сингари конституциянинг экологик бобидан ўсиб чиққан қонунлар бўҳронларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Такрор бўлса-да айтиш жоизки, бундан кейин қандай ҳаракат қилмайлик, экологик оқибатларни ҳисобга олмасликка умуман ҳаққимиз йўқ. Бу борада яна Президент Шавкат Мирзиёев барчага ўрнак-намуна кўрсатаётир. Куни кеча Жанубий Кореяга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари икки мамлакатнинг ҳамкорлиги учта муҳим йўналишда айниқса истиқболли эканини таъкидлади: “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя. Кўриб турганингиздек, учта устувор СОҲАДАН БИРИ албатта экология билан боғланяпти. Ўзбекистоннинг инсон капитали ва табиий ресурсларини Корея Республикасининг замонавий технологиялари ва мутхассислар билими билан ўзаро уйғунлаштириш – муваффақият омили сифатида эътироф этилгани ҳам бежиз эмас.
Мухтасар хулоса шуки, экологик муаммолар билан барча мамлакатлар ва ҳамма фуқаролар курашиши керак. Чунки одамзот битта осмон остида яшайди. Ҳеч ким ўзига алоҳида муҳит ярата олмайди. Шундай экан, улкан орзу ва энг эзгу ниятлар билан Янги йил остонасида турган эканмиз, мен теварак-атрофни аслича асрашга қандай ҳисса қўшдим, дея ўзимизга ўзимиз савол берайлик!
Озод РАЖАБОВ,
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси