Йилнинг қайси даври бўлмасин, одамларнинг электр энергия истеъмоли мунтазам ошиб бормоқда. Бу юртимиздаги ривожланиш, аҳоли фаровонлиги ўсиб бориши, иқтисодиёт тармоқлари равнақи каби ижобий омиллар билан боғлиқ. Аммо масаланинг бошқа томони шундаки, талаб ортиши энергетика соҳаси вакиллари олдига аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш вазифасини қўяди.

Бунинг учун тизимга катта маблағ ажра­тилиб, бир неча ўн йиллар давомида қи­линмаган ислоҳотлар амалга ошириляпти. Янги тармоқлар тортилиб, чекка ҳудудлар­гача электр токи кириб бормоқда. Аммо бу энди тармоқда ҳеч қандай узилиш, авария ҳолати бўлмайди дегани эмас. Турли об-ҳа­во шароитида бундай ҳолатлар кузатилиши табиий. Тизимдаги энг катта ўзгаришлардан яна бири ана шундай ҳолатларни тезкор бар­тараф этишга эришилаётгани, тармоқдаги узилишлар давомийлиги бир неча баробар қисқарганида.

Бу йил ҳам ёз одатдагидан иссиқ келди. Айниқса, июль охирларида кузатилган юқо­ри ҳарорат туфайли пойтахтимизнинг айрим туманларида электр токида узилишлар бўл­гани юртдошларимизнинг ҳақли эътирозла­рига сабаб бўлди. Шундай вақтда тизимда ҳали қилинадиган ишлар кўплиги кўриниб қолади.

Гап шундаки, ҳудудлар, айниқса, Тош­кент шаҳрида аҳоли сони ҳам, бунёдкорлик кўлами ҳам ошиб боряпти. Ўтган бир йилда 12 мингта янги қувват, савдо ва сервис мажмуалари ишга туширилди. Йил бошидан бери пойтахтимизда электр истеъмолчила­ри яна 40 мингтага кўпайган, талаб 6 фоиз ошган. Одамларнинг турмуш тарзи яхшила­ниб, маиший техникалардан фойдаланиши кўпайган. Натижада Тошкент шаҳридаги 46 та подстанция ва 207 та трансформатор ортиқча юклама билан ишлаяпти. Буларнинг барчаси соҳада модернизация жараёнини из­чил давом эттириш, янги қувватларни ишга туширишни талаб қилади.

Охирги икки йилда пойтахтда электр таъминотини яхшилаш учун 2 триллион 800 миллиард сўм йўналтирилган. Шулар ҳисобидан 36 та подстанция, 665 та транс­форматор, 2000 километрдан зиёд тармоқ янгиланди. Жорий йилда ҳам белгиланган режалар бисёр. Шу йил 8 август куни дав­латимиз раҳбарига Тошкент шаҳрида энер­гетика тизими барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди. Тақдимотда ҳар бир туман ва маҳаллалар ке­симидаги режалар баён қилинди. Унда кўр­сатилишича, бу йил биринчи босқичда 374 километр тармоқ, 11 та подстанция, 62 та трансформаторни янгилаш кўзда тутилган. Келаси йили яна 788 километр тармоқ, 35 та подстанция ва 145 та трансформатор модер­низация қилинади. Жумладан, маҳаллалар­даги трансформатор ва тармоқлар таъмирла­ниб, янгилари ўрнатилади.

Ҳар бир лойиҳа янги тармоқлар дегани

Бундай саъй-ҳаракатлар юртимизнинг барча ҳудудида фаол амалга ошириляпти. Шунинг ҳисобига аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш кўрсаткичи ошиб боряпти. Бундан 7-8 йил олдинги ҳолат би­лан ҳозирги вазиятни солиштирган ҳар қан­дай инсон буни яққол сезади. Чунки соҳа вакилларининг асосий мақсади айнан электр таъминоти узлуксизлигини таъминлашга қа­ратилган. Бу бевосита аҳоли турмуш тарзи, саноат корхоналари ривожи билан боғлиқ масала экани масъулиятни янада оширади.

Электр энергияси аҳолига электр узатиш тармоқлари ҳамда подстанциялар орқали ет­казилади. Шунинг учун айнан уларнинг соз ҳолатда ишлаши асосий масаладир. Бугун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ак­циядорлик жамияти таркибидаги 14 та ҳуду­дий филиал ихтиёрида 35-500 киловаттли 36 минг 800 километр электр узатиш тар­моқлари ҳамда 1583 та подстанция мавжуд. Жорий йилда электр узатиш тармоқлари орқали 74,6 миллиард киловатт-соат электр энергиясини етказиш режалаштирилган. Подстанцияларнинг умумий қуввати эса 51 минг 630 мегаваттга тенг.

Аҳолига электр энергиясини узлуксиз ет­казиб бериш учун, аввало, магистрал электр тармоқлари ҳамда подстанцияларни мун­тазам модернизациялаш ва реконструкция қилиш талаб этилади. Бу одатда инвестиция лойиҳалари ҳисобидан амалга оширилади. Аксарият йирик лойиҳаларга халқаро молия ташкилотлари маблағ ажратмоқда. Хусу­сан, халқаро молия институтларидан жалб қилинган кредитни ўзлаштириш даража­си 2021 йилга нисбатан қарийб 5 баробар ошди. Жорий йилда 251,3 миллион доллар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Бугун ўзаро ҳамкорликда 19 та инвести­ция лойиҳасини молиялаштириш учун 1,4 миллиард доллар кредит жалб қилинган. Мазкур лойиҳалар доирасида ҳудудларда 2385 километр электр узатиш тармоғи тор­тиш ҳамда 8062 мегавольт ампер қўшимча қувват яратиш режалаштирилган. Айни кун­га қадар уларнинг 12 таси ишга туширил­ди. Натижада 2385 километр электр узатиш тармоғи тортилиб, 5004 мегавольт ампер қўшимча қувват яратилди. Ҳозир яна 7 та лойиҳа амалга ошириляпти.

Умуман, инвестиция дастури лойиҳалари кўлами анча кенг. Хусусан, 2025 йилда уму­мий қиймати 259,2 миллион доллар бўлган 6 та инвестиция лойиҳаси ишга туширили­ши режалаштирилган. Бунинг ҳисобидан 485 километр узунликда электр узатиш тар­моқлари тортилади ҳамда 2 та йирик под­станция ишга туширилади. Халқаро молия институтлари кредити иштирокида эса уму­мий қиймати 200,2 миллион доллар бўлган 2 та инвестиция лойиҳаси ишга туширили­ши кўзда тутилган.

Бу борада 2030 йилгача мўлжалланган режалар ҳам бор. Улар нафақат режа, балки аниқ лойиҳалардир. Жумладан, 2030 йилга қадар магистрал электр тармоқлари ва под­станцияларни ривожлантириш ҳамда янги электр станцияларини энергетика тизимига интеграция қилиш мақсадида умумий қий­мати 4,1 миллиард долларлик 119 та инвести­ция лойиҳасини амалга ошириш кўзланган. 18 та лойиҳа доирасида 4375 километрли умумий қуввати 500 киловатт бўлган электр узатиш тармоқлари тортилади. Мазкур лойиҳаларнинг 7 тасини давлат-хусусий шериклик асосида инвесторлар амалга оширади.

Бир қисмини муқобил энергия қоплайди

Режалар, лойиҳалар яқин бир неча йил­ларни қамраб олаётгани бежиз эмас. Боиси, электр энергиясига эҳтиёж кун сайин ўсиб боряпти ва буни таъминлаш учун олдиндан чоралар кўриш зарур. Масалан, 2030 йилга бориб, мамлакатимиз истеъмолчиларининг электр энергияга йиллик талаби жорий 74 миллиард киловатт-соатдан 110 миллиард киловатт-соатгача ошиши ҳисоб-китоб қи­линган. Демак, етказиб бериш манбаларини ҳам шунга яраша ошириб бориш керак. Бу талабнинг бир қисми эса муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўрсаткичини ошириш ҳисобига қопланади.

Бугун мамлакатимизни электр энергия­си билан таъминлаш ҳақида гап кетганида муқобил энергия манбаларига алоҳида эъти­бор қаратилаётгани бежиз эмас. Боиси, Ўз­бекистон “яшил” энергетика борасида қисқа вақтда ўз тажрибасини яратиб, минтақада етакчилик қилмоқда. Ҳатто илғор давлатлар юртимизнинг бу борадаги дадил қадамлари­ни эътироф этиб, ушбу йўналишга иккилан­май сармоя киритяпти.

Ҳозир юртимизда умумий қуввати 4119 ме­гаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станция­си ҳамда 4 та шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда. Жорий йил июли­да мамлакатимиздаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 1 миллиард 246 мил­лион киловатт-соат электр энергия ишлаб чиқарилган. Бу Ўзбекистон энергетика тизими учун янги рекорд натижадир.

Мазкур генерациянинг 760,9 миллион ки­ловатт-соат қисми қуёш электр станциялари, 485,4 миллион киловатт-соати эса шамол электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Натижада 377,5 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 1 миллион 120 минг тонна зарарли газ чиқишининг олди олинди.

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб, “яшил” энергия ҳажмини 54 фоизга етказиш мақсад қилинган. Ўтган йили юртимизда умумий қуввати 3,5 гигаваттли қайта тикланадиган энергия манбалари муваффақиятли ишга туширилди. Жорий йилда яна шунча қув­ватдаги қўшимча объектлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 2030 йил­га бориб эса мамлакатимизда қайта тикла­надиган энергия манбалари қувватини 25,4 гигаваттга етказиш кўзланган.

Юртимизда муқобил энергия манбалари­га ўтиш кўрсаткичи ҳам талаб, ҳам зарурат жиҳатидан ортиб боряпти. Саноат корхона­ларини муқобил энергия тизимига ўтказиш чоралари кўрилмоқда. 2027 йилгача йирик корхоналар ва туризм масканларида 752 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 812 ме­гаваттли сақлаш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бошқа ҳудудларда ҳам ишлар жадал ба­жарилмоқда. Кўплаб аҳоли хонадонлари ал­лақачон қуёш панелларидан фойдаланишга ўтган. Натижада юртимизда электр энергия­си ишлаб чиқариш ҳажмида қайта тиклана­диган энергия манбалари ҳиссаси ортмоқда. 2023 йилда бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил охиригача 25 фоизга етказилиши кўзланган. Демак, 2030 йилгача мўлжалланган 54 фоизли натижага ҳам эри­шилади. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг барқа­рор ва кам углеродли энергетика келажагига содиқлигини намоён этади.

Умуман, миллий иқтисодиётимизнинг асосий йўналишларидан бирига айлангани ҳолда энергетика соҳасида маҳаллийлашти­риш даражаси ошиб бораётир. Тармоқда фойдаланиладиган қурилмаларнинг акса­рияти маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқа­риляпти. Тажрибали маҳаллий қурилиш ташкилотлари таркибида бугун 70 дан ор­тиқ бригада ва мингдан зиёд махсус техника мавжуд. Улар 1 ойда 84 километр ва 1 йил­да минг километрдан зиёд 500 киловаттли электр узатиш тармоқларини тортиш имко­ниятига эга.

Энергетика таъминоти соҳасида бугун маблағ ҳам, маҳаллий қувват ҳам, шароит ва салоҳият ҳам етарли. Фақат уларни тизимли ва мунтазам ишга солиш, янги қувватларни яратишга қаратилган лойиҳалар кўламини ошириш лозим. Олдимизга қўйилган ана шу мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш орқали юртимизда электр энергияси узлук­сизлигини таъминлашга бел боғлаганмиз.

Феруз ҚУРБОНОВ,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ

бошқаруви раиси ўринбосари.

Ҳамкорлик материали.