Сессия доирасида «Бахшичилик санъати» элементини Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилади. Ўзбекистоннинг ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш учун тақдим этилган ушбу номинацияни қўллаб-қувватлаш юзасидан Баҳолаш комиссияси ва НММҲКга аъзо мамлакатларга мурожаат йўллади.

Тадбирда ЮНEСКО раҳбарияти, НММҲКга аъзо давлатлар, 190 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали делегатлар иштирок этяпти. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистоннинг ЮНEСКО ҳузуридаги доимий вакили Умид Шадиев ва ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия вакиллари қатнашяпти.

Ялпи мажлисдаги иштирок давомида Ўзбекистон делегацияси сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар тақдимоти ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2003 йилдаги Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция бажарилишини давом эттириш ва ЮНEСКОнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини қўллаб-қувватлашга содиқлик билдирилди.

— Минг йиллик тарихга эга Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси билан фахрланади. Бизда ЮНEСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган 9 та миллий ва кўп миллатли элемент мавжуд. Яқин кунларда ушбу рўйхатдан яна бир элемент — «Бахшилик санъати» ҳам жой олишига умид билдирамиз, — деди Азиз Абдуҳакимов.

Таъкидлаш жоизки, «Бахшилик санъати» номинацияси бўйича овоз бериш жараёнининг ўзи 16 декабрда бўлиб ўтади, ЮНEСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг XVI сессияси эса 18 декабрга қадар давом этади, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.