Уйда тўшаб ўтирган гиламларимизгача сотиб, дори-дармонга ишлатганмиз. Яқин-яқингача ҳам тушкунлик ҳолатида эдим. Фарзандимнинг соғлиги ёмон экани, рўзғордаги етишмовчилик... Буларнинг бари ҳаётга бўлган умидимни сўндирган эди. 

Ҳаёт синовларга тўла. Мана шу тўсиқларни енгиб ўтишда инсонга матонат, сабр туйғулари билан бир қаторда яна бир нарса зарур экан. Бу — она юртинг сенга берадиган далда, шижоат. Ҳайриятки, давлатимиз яратаётган имкониятлар сабаб бахтдан масрур яшаётган ўзбек аёлиман.

Мен Шароф Рашидов тумани Кангли маҳалласида яшайман. Уч нафар фарзандим бор. Кичик ўғлим ўн ёшга тўлди, аммо юролмайди. Шу боис ҳам уйдан чиқиб, бирор жойда ишлолмасдим. Аммо рўзғор ўз номи билан ғор экан. Уни тўлдириш қийин.

Турмуш ўртоғим мавсумий ишларда ишлайди. Мана 13 йилдирки, ижара уйда яшаймиз. Имконияти чекланган фарзандимни даволатиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Уйда тўшаб ўтирган гиламларимизгача сотиб, дори-дармонга ишлатганмиз. Яқин-яқингача ҳам тушкунлик ҳолатида эдим. Фарзандимнинг соғлиги ёмон экани, рўзғордаги етишмовчилик... Буларнинг бари ҳаётга бўлган умидимни сўндирган эди.

Яратганга минг шукр, қўлимда ҳунарим бор: пишириқлар пишириб сотиш, тикувчиликни бемалол уддалай оламан. Маҳалладагиларга сомса, турли ширинликлар пишириб, кўрпа-ёстиқлар тикиб сотиб? кун кўрар эдим. Аммо катта печингиз бўлмаса, буюртма олиб ишлаш жуда қийин экан. Олти йил аввал кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошламоқчи бўлдим. Қай эшикка бормай, ишим ижобий ҳал бўлмади. Тўғриси, югур-югурлардан, “отангга бор, онангга бор” қабилидаги гаплардан чарчаб, мақсадимни амалга ошириш учун умуман ҳаракат қилмай қўйдим. Онда-сонда пишириқларга буюртма бўлса, тайёрлаб берардим. Аммо унинг даромади ҳаражатларимизни қоплолмасди.

Авваллари телевизордан бирор тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, уни оёққа туриши учун яратилган имкониятлар ҳақида кўрсатувлар эфирга узатилса, умуман ишонмас эдим. Тўғриси, уюштирилган деб ўйлардим. Аммо ўзим мисолимда амин бўлдимки, барчаси ҳақиқат экан.

Маҳалламизда кам таъминланган оилалар рўйхатида тураман. “Темир дафтар”га киритилганман. Шу дафтарга киритилганларга берилаётган имкониятлар ҳақида эшитиб тадбиркорликни бошлаш орзуим яна алангаланди.

Шу масала, қолаверса, ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлиб юрган кунларимнинг бирида уйимизга маҳалла фаоллари ва банк ҳодимлари келиб, оилавий шароитим билан танишишди. Ҳолатдан келиб чиқиб, менга кредит таклиф қилишди. Барчаси тушда содир бўлаётгандек эди, десам бўрттиряпти, деб ўйламанг. Эшигида сарсон бўлиб юрганим — банк ходимлари уйимга келиб, ўзлари қарз берайлик, дейиши тушимга ҳам кирмасди аслида. Қанча ҳаракатларим, вақтим зое кетган, фаолият бошлаб олишимга имкон бўлмаганди.

Кредит олиб, фаолиятимни бошладим. Ҳозир қолипли нон ва торт пишириб сотаман. Рўзғорим бут. Болаларим ихтисослашган мактабларда ўқишади. Ўқитувчилари фарзандларимнинг тарбияси ва билими учун кўп бор рахматлар айтишган. Қанчалик қийналмайлик, болаларимга яхши тарбия бера олганимиз учун хурсанд бўламан.

Яна бир қувончимни сиз билан бўлишай. Яқинда бизга имтиёзли уйлардан беришди. Биласизми, бугун мендан-да бахтли инсон бўлмаса керак. Энди менинг болаларим ҳам ўз бошпанасида, эмин-эркин яшашади. Қалбимиз хотиржам. Эртанги кундан хавотирим бутунлай сўнган. Ишларим яхши, даромадим ҳам зўр. Қисқа вақт ичида фаолиятимни шунчалик текис йўлга қўйиб олишимга кўзим етмаганди. Қўлингизда ҳунарингиз бўлса, меҳнатдан қочмасангиз, ҳамма нарсага эришар экансиз. Менга мана шундай бахтни, қувончни бергани учун, Президентимизга, масъул ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бугун бир ҳақиқатни англадим: барча ташвишлар, камчиликлар бир кун келиб унут бўларкан. Асл бахт бу — инсон эзозланадиган, қадр топадиган юртда яшаётганимиз. Нолишга, ишсизман деб ёзғиришга сира ҳам ҳаққимиз йўқ. Қай соҳада бўлмасин, ишлаб, даромад орттиришимиз учун имкониятлар етарли. Чекка мамлакатларда қанчадан-қанча инсонлар очликдан азоб чекаётгани, бир кунини бўлса-да тинч, осуда ўтказишни орзу қилаётгани биз учун сабоқ бўлиши керак. Зеро, юртда тинчлик бўлмас экан, ҳар қандай тўкислик йўқлик билан баробардир.

Шаҳло Солиеванинг дил сўзларини

Феруза ЖЎРАЕВА ёзиб олди.