Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram канали орқали маълум қилди.

Учрашувда Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Саудия Арабистони, Қатар ва Уммон Султонлигининг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди. Суҳбат чоғида томонлар минтақадаги долзарб сиёсий масалалар, айниқса Яқин Шарқдаги вазият юзасидан фикр алмашдилар.

Мулоқотда минтақадаги кескинлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатлардан хавотир билдирилди. Шу билан бирга, барча можароларни тинч ва дипломатик йўллар орқали, халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.

«Ўзбекистон билан Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» формати доирасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилдик», — деб ёзади вазир.