Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциямизда оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилиши Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ҳамиша устувор эканига яққол ишорадир. Асосийси, конституциявий ислоҳотлар жараёнида навқирон авлод вакиллари фаол. Улардан ҳам минглаб таклиф келиб тушди. Демак, бугунги ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, мамлакат ҳаётига ва келажагига бефарқ эмас.

Энг муҳими, ёшларнинг таклифлари Конституциямиз янги таҳририда ўз аксини топган. Улар қатор янги нормаларда намоён бўлади. Айтайлик, энди бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олиш кафолатланмоқда. Муҳим янгиликлардан бири – алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади. Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилади.

Янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, таълим олиш, соғлиқни сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Ёшлар билан фаол ишлашни, уларга янада эътиборли бўлишни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Бунда асосий эътибор ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилиши мақсадга мувофиқ. Масалан, ўтган йили 11 ОТМнинг 11 мингдан зиёд битирувчисидан 6,5 минг нафари ишга жойлашмаган. Давлат гранти асосида ўқиган 3 минг талаба ҳам ишга кирмаган. Ўтган йили коллеж ва техникумларни 143 минг йигит-қиз битирган бўлса, улардан 30 минги иш топа олмаган.

Шуни эътиборга олган давлатимиз раҳбари ҳар бир вазирлик ва идора тармоғидаги касбларга малака талабини соҳа масъуллари ўзи белгилаши, бунда 70 фоиз касбга ўрта махсус, 30 фоизига олий маълумот талаб этиладиган тизим бўлишини айтган эди. Шу билан бирга, ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими йил бошида алоҳида ёшлар бандлиги дастурини ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиши ва йил якунида натижалари бўйича жамоатчиликка ҳисобот бериши белгиланган.

2021 йилда 25 ёшгача бўлган йигит-қизларни ишга олган корхоналарга тўланган ижтимоий солиқни қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган эди. Бундан 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди, уларга 150 миллиард сўмлик ижтимоий солиқ қайтарилди, энг муҳими, 100 минг ёшнинг бандлиги таъминланди. Шу боис, ушбу тажрибани яна 2 йилга узайтиришга қарор қилинди. “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Ёшлар ўртасида IT, реклама, кино, архитектура, дизайн, маркетинг, ҳунармандлик, рассомлик каби йўналишларга қизиқиш ортиб бораётганини ҳисобга олиб, вилоят ҳокимларига йил якунигача биттадан “Креатив парк” ташкил этиш топшириғи берилди. Уларда IT парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланилади.

Бу мақсадлар учун “Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилинади. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу маблағ иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса, фоизсиз ва гаровсиз ажратилади.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ҳам янги тизим бўлади. Масалан, бугунги кунда 1,5 миллион ёш бўш вақтини чет тилни ўрганишга сарфламоқда. Шунга қарамай, яқинда 100 минг ёш ўртасида ўтказилган сўровномада улар футбол, волейбол, стол тенниси ва бадминтон каби спорт турлари билан шуғулланишга қизиқишини, китобхонлик, мусиқа, рақс, караоке, театр ва кино бўйича инфратузилмага эҳтиёж борлигини айтган, оилавий айланиш учун хиёбон ва сайилгоҳлар ташкил этилишини сўраган.

Шу муносабат билан вилоят марказларида, кейинчалик туманларда кечаю кундуз ишлайдиган ёшлар сайилгоҳлари ташкил этилади. Уларда киберспорт, спорт ва интеллектуал ўйингоҳлар, караоке клублари, театр, мода подиумлари, бук-кафе, коворкинг ва бошқа кўнгилочар жойлар бўлади.

Тошкент шаҳрида Анҳор ва Бўзсув, Нукусдаги Дўстлик, Урганчдаги Шовот, Фарғонадаги Марғилонсой каналлари бўйида ёшлар ижод кўчалари ташкил этиладиган бўлди. Бу ерда рассомлар, ҳайкалтарошлар, адиблар, созандалар ва уларнинг мухлислари учун шароит яратилади.

Эндиликда ОТМ ректорлари футбол, волейбол, баскетбол, шахмат, стол тенниси каби спорт турлари бўйича ўз клубларини ташкил этади. Бу клублар талабалар спорт лигаларига бирлашиб, доимий турнирлар ўтказиб боради.

Қўшимча 300 минг ёшнинг хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига 100 миллиард сўм субсидия ажратилади. Юртимиздаги 206 та оромгоҳ йил давомида ишлайдиган тизимга ўтказилиб, ҳар йили 100 минг ўғил-қизни қамраб олади.

Туман марказидан узоқдаги маҳаллаларда спорт, маданият ва санъат йўналишларида тўгарак очган мураббийларга зарур жиҳоз учун 15 миллион сўмгача субсидия берилади. Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қўқон каби туристик мажмуаларда, шаҳар ва туманлардаги марказий парк ва хиёбонларда “Очиқ осмон остидаги кутубхона”лар ташкил қилинади.

Умуман олганда, бу ташаббуслар бўйича ёшларга оид давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастури ишлаб чиқилади.

Демак, навқирон авлод вакиллари янги таҳрирдаги Конституциянинг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор нормаларини ҳар томонлама таҳлилдан ўтказган ҳолда чуқур ўрганиши, бўлажак референдумда ўз хоҳиш-истагини намоён қилиши улар Ватанимиз ва халқимиз тақдирига бефарқ эмаслигининг яққол намоёни бўлади. Шундагина ҳар бир ёш ислоҳотларда ўз тақдирини ҳис эта олади.

Бахтиёр МАҲКАМОВ,

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги

Тошкент ахборот технологиялари университети ректори,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор