Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бел олиш ва уч кураш ассоциациясининг йиллик тақвим-режасидаги мазкур мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 800 дан ортиқ спортчилар ўз вазн тоифаларига кўра, ғолиблик учун беллашди.
Чемпионат регламентига мувофиқ, дастлаб бел олиш кураши бўйича кучлилар номи аниқланди. Шоҳсупадан жой олган ёш полвонлар диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланишди. Бел олиш кураши бўйича баҳслар якунига етгач, мусобақа дастурига биноан 2004-2005 йилларда туғилган ўғил-қизлар уч кураш бўйича мамлакат чемпионлиги учун баҳсларга киришди. Муросасиз ўтган беллашувларнинг якуний натижаларига кўра 41 килограмм вазн тоифасида Озодбек Абдусалимов (Андижон), 44 килограмм вазн тоифасида Сарвар Қосимжонов (Андижон), 60 килограмм вазн тоифасида Бекзод Турсунов (Сурхондарё), 77 килограмм вазн тоифасида Фазлиддин Орипов (Фарғона), 48 килограмм вазн тоифасида Ҳилола Ортиқбоева (Сирдарё), 52 килограмм вазн тоифасида Нилуфар Тожимуродова (Наманган), 56 килограмм вазн тоифасида Масъума Раҳматқулова (Сурхондарё) сингари ёш спортчилар барча рақибларини мағлубиятга учратиб, фахрли биринчи ўринларни эгаллади.
Кучли учликдан жой олган спортчиларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.