Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилда мамлакатимизда умумий қуввати 43 минг мегаваттлик қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш режалаштирилган.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кун сайин оммалашаётган айни паллада Сурхондарё воҳасида жорий йилнинг 1 сентябригача умумий қуввати 390,43 мегаваттлик қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Натижада кун давомида — 12 соатлик иш ҳолатида 4685,16 мегаватт электр энергияси тежалади. Бундан ташқари, 2026 йилга қадар вилоятда умумий қуввати 4 минг 633 мегаватт бўлган 3 та йирик иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши кутилмоқда.
Жумладан, Ангор туманида Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “EDF”, Нидерландиянинг “Stone сity energy” компаниялари томонидан қуввати 1 минг 560 мегаваттлик янги иссиқлик электр станцияси барпо этилади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали энергия тақчиллигини қоплаш мақсадида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида қатор амалий ишларга қўл урилди. Институтда 50 киловатт қувватли қуёш панели ўрнатилган бўлиб, бир кунда 278 киловатт/соат (222 минг 400 сўмлик) электр энергияси ишлаб чиқаради.
Бу бир ойда 8 минг 340 киловатт/соат (6 миллион 672 минг сўм), бир йилда 100 минг киловатт (80 миллион сўмлик) электр энергиясини тежаш имконини беради. Ушбу панеллар институтимиз ҳудудида ўтган йили декабрда ўрнатилган эди. Ҳозирга қадар 13 минг киловатт/соат электр энергияси олинди. Натижада 10 миллион 400 минг сўм маблағ иқтисод қилинди. Бу билан чекланмай, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 2023 йилнинг иккинчи чорагида 60 киловатт, учинчи чорагида 72 киловатт — жами 132 киловатт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган.
Сўнгги йилларда юртимизда электр энергияси ишлаб чиқариш бир неча баробар ошган бўлса-да, кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар соҳаси жадал ривожланиши ҳисобига нафақат электр энергияси, балки бошқа ресурсларга ҳам талаб ўсмоқда. Айниқса, аномал совуқ келган бу йилги қиш мавсумида муаммонинг қанчалик жиддий эканини барчамиз кўрдик.
Шу маънода, ҳукумат даражасида энергия муаммоларини ҳал қилиш бўйича қилинаётган ишлар, албатта, эътиборга лойиқ. Энергия ресурслари нархини эркин бозор тарифига ўтказиш, янги иссиқлик ҳамда гидроэлектр станциялар қуриш, мавжудларининг қувватини ошириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, кичик ГЭСлар тармоғини яратиш каби ишлар халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз яқинда Водий вилоятларига сафари давомида аҳоли ишлаб чиқарган истеъмолдан ортиқча электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш таклифини билдирди. Бу ташаббусни юртдошларимиз қизғин қабул қилди. Чунки бу амалиёт жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган. Бу жараён қанча тез амалга ошса, самараси шунча юқори бўлади. Зотан, Ўзбекистон сингари шиддат билан тараққиётга интилаётган мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиш суръатини таъминлаш учун ҳам энергетика самарадорлигига эришиш ўта муҳим ва долзарб.