Буюк мутафаккир номи билан юритиладиган Миллий кутубхона ёнига етиб келганимизда Пери жаноблари ҳам бизни ўзгача ҳаяжон ва қуйидаги самимий сўзлар билан кутиб олди:
— Ҳар сафар юртингизга келсам, Алишер Навоий билан учрашаётгандек қувонаман. Ҳар бирингизнинг чеҳрангизда буюк мутафаккир таърифлаган муҳаббат шуълаларини излайман. Айниқса, сўнгги тўрт йилда Навоий ҳазратлари таърифлаган, орзу қилган ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, деярли ҳар бир вилоятда ижод мактаблари очилиши — жуда ажойиб ғоя. Мақом санъатини қайта тиклаш ва уни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам мени жуда қувонтирди. Сиёсат майдонида аҳиллик ва ҳамжиҳатлик борасидаги оламшумул лойиҳаларни эса, бутун дунё аҳли кузатиб, билиб турибди. Конференциядаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев: “Мазкур форум арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу таҳлил маркази қошида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчиларидан иборат Экспертлар кенгашини тузишни таклиф қиламан. Бундан ташқари, бугунги конференция якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этишни таклиф қиламан. Ушбу ҳужжатда мулоқотларимизнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойил ва йўналишларини акс эттириш лозим. Резолюция лойиҳасида бизнинг Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари минтақавий боғлиқлиги бўйича юқори даражадаги доимий форумларни мунтазам ўтказиб боришга тайёрлигимизни акс эттириш ҳам мақсадга мувофиқдир”, дея таъкидлади. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу сўзларини тинглаётиб, Алишер Навоийнинг:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш,
деган мисраларини эсладим. Бенедик Пери жанобларининг айни мулоҳазалари ва юртимиз билан боғлиқ ёруғ таассуротлари бизнинг-да, кўнглимизни равшан қилди. Ўз-ўзидан суҳбатимиз хориж навоийшунослигидаги ютуқлар ва муаммоларга уланиб кетди. Филология фанлари доктори Афтондил Эркинов мутафаккир бобомизнинг ҳаётбахш ғоялар билан суғорилган беназир ижодига кейинги пайтда хорижда қизиқиш янада кучайганини таъкидлаб, бундай деди:
— Неча асрки, Навоий ижоди Ғарб олимлари диққат марказида. Таассуфки, ХХ асрда ҳукм сурган шўро тузуми туфайли барча соҳалар қатори маънавий ва илмий алоқа чегаралари ёпилди. Натижада биз хориждаги ўзбек адабиёти тадқиқотчилари ва улар ишларидан кўп жиҳатдан бехабар, бебаҳра қолдик. Эндиликда Ғарбу Шарқ олимлари ва улар яратган илмий маҳсулот билан танишиш имкони кенгаймоқда. Мазкур йўналишда қилинган ишлар ҳам бор. Хорижда Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди билан шуғулланган ва шуғулланаётган олимларнинг салмоғи баланд. Уларнинг Навоий бўйича яратган илмий ишлари Ўзбекистонда ҳам тадқиқ этилмоқда. Ўзим 2018 йилдан бери хориждаги навоийшунослик ва айни йўналиш билан шуғулланувчи чет эл олимлари ҳақида тўққизта илмий мақола эълон қилдим. Хорижий навоийшунослик менинг навоийшунослик бўйича олиб борган тадқиқотларимнинг бир қисмидир. Шу бўйича шогирдлар тайёрлаш устида ҳам ишлаяпман. Масалан, менинг илмий раҳбарлигим остида Тошкент давлат шарқшунослик университети мустақил тадқиқотчиси Гуландом Йўлдошева “Алишер Навоий ижодининг ХХ асрда Канадада ўрганилиши (Э.Бирнбаум ва М.Сабтелни тадқиқотлари мисолида)” мавзусидаги PhD диссертацияси устида ишлаяпти. Самарқанд давлат университети мустақил тадқиқотчиси Абдумалик Қурбонов “Навоийнинг Туркия Республикасида ўрганилиши” мавзусидаги PhD диссертациясини ёзяпти. Мақсадим — Ўзбекистонда хорижий навоийшунослик йўналишини катта миқёсга олиб чиқиш ва Алишер Навоий феноменини дунё илмий жамоатчилиги тан олганининг илмий исботини яратиш. Аслида хорижда Алишер Навоий ва унинг ижоди Ғарб олимлари диққат марказига тушганига бир неча аср бўлди. Адабиётимиз ва унинг таниқли намояндалари бўйича тадқиқот қилган ва қилаётган олимларнинг кейинги юз йилдаги таниқли вакиллари сифатида Америка қитъасидан Мария Сабтелни ва Элизар Бирнбаум, Германиядан Ингеборг Балдауф ва Зигрид Клайнмихел, Венгриядан Бенедек Пери ва Ференч Чиркесни айтиб ўтишимиз мумкин. Шунингдек, Франциядан Александр Папас (Alexandre Papas) ва Марк Тоутант (Marc Toutant), туркиялик олимлардан Меҳмед Фуат Кўпрулу (Mehmed Fuat Koprulu) — Кўпрулзода, Заки Валиди Тўғон, ҳозир 91 ёшни қаршилаган Кемал Эраслан, Осман Серткая, Танжу Сейҳан, Ваҳид Турк, Айшехан Дениз Абик, Озарбайжондан Жаннат Нагиева, Алмаз Улви ва яна бир қатор тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари эътиборга моликдир.
Шу ўринда навоийшунос Бенедик Пери ҳақидаги баъзи маълумотларни келтириб ўтмоқчиман. У можор туркийшунослиги вакили, профессор. Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида яшайди. Шарқшунослик институти директори ва Этош Лоранд университети туркийшунослик кафедраси мудири сифатида фаолият юритади. Бенедик мазкур университетда инглиз, форс ва туркий тилларни ўрганган. Туркий матнлар бўйича мутахассис. Мазкур кафедра Ўрта Осиё туркий матнларини ўрганиш бўйича узоқ йиллик анъанага эга. Кафедрага 1870 йили Арминиус (Армин) Вамбери (1832–1913) томонидан асос солинган. Бенедик Пери Лутфий ва Алишер Навоий шеъриятининг бобурийлар адабий муҳити шоирларига таъсири ҳақида тадқиқотлар ёзган. Сўнгги йилларда Бенедик Пери кўпроқ Алишер Навоий ижодини ўрганиш билан машғул бўлиб, бу йўналишдаги мақолаларини инглиз тилида нашр этиб келмоқда.
— Бенедик Пери жаноблари, аввалги суҳбатимизда франциялик навоийшунос Марк Тоутан сизни Францияга илмий конференцияга таклиф этгани, бироқ пандемия сабаб анжуман қолдирилгани боис, янги изланиш ва мулоҳазаларингизни тақдим этолмай қолганингизни айтган эдингиз. Умуман, Армин Вамбери давридан бош ланган изланишлар шу кунгача қандай илмий ва ижодий ҳақиқатларни кашф этишга эришди, деб ўйлайсиз?
— Венгрияда Ўзбекистон ва Алишер Навоий билан боғлиқ ишларнинг бошланиши машҳур туркийшунос олим Армин Вамбери (1832–1913) номи билан боғланади. У 1863 йили Ўзбекистон ҳудудига келган. Вамбери тўрт йил умрини Истанбулда ўтказган. Ўшанда у ўзбек мумтоз адабиёти намуналари, хусусан, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий асарлари билан танишган. Олим изланишлари давомида бу асарларни усмонли турк китобхонлари тушунишлари осон бўлиши учун XVI асрда тузилган “Абушқа” луғати қўлёзмасини можор тилига таржима қилиб, 1862 йили Венгрияда чоп эттиради. Шунингдек, Вамбери “Муҳокамат ул-луғатайн” асарининг баъзи қисмларини ҳам можор тилига таржима қилади ва шу йили Венгрияда нашр қилдиради. Бунинг ўзига хос сабаби бор эди. Вамбери “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида Алишер Навоийнинг миллий ҳиссиётлари акс этганини сезади. Миллийлик билан боғлиқ бу ҳис-туйғулар Вамбери учун муҳим аҳам ият касб этарди. Айниқса, Венгриянинг ўз мустақиллиги учун 1848–1849 йиллари Австрияга қарши урушда ютқизгани фонида Навоийнинг ўз она тили тараққиёти ва бадиий адабиётдаги ўрни учун “Муҳокамат ул-луғатайн” асари орқали қилган ғамхўрлиги Вамбери учун муҳим эди. Яъни Вамберининг таржимаси ортида нафақат илмийлик, балки ўз халқи озодлиги, ватани мустақиллиги ва она тили мавқеининг юқори бўлиши учун бўлган интилишлари ҳам турарди. Шу маънода, “Муҳокамат ул-луғатайн”да Навоийнинг туркий тил учун қайғургани олимни қийнаган масалаларга ҳамоҳанглиги билан қадрли эди.
— Демак, Вамбери шу боис, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини кўриш учун хавфли бир сафарга отланар экан-да...
— Армин Вамбери усмонли туркий тилига қизиқади, кейинчалик ўзбек мумтоз адабиёти матнлари билан танишгач, унда Ўрта Осиё халқлари маданияти ва тилларига бўлган қизиқиш пайдо бўлади. Шу сабаб у Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини кўриш учун хавфли бир сафарга отланади. Олим 1863-1864 йилларда усмонли дарвиш қиёфасида шу шаҳарларга келади. У кийган кийимлар сафар мобайнида унга кўп китоб тўплаш имкониятини бермайди. Шунга қарамай, Вамбери муайян китобларни қўлга киритади. Шулар қаторида XVIII-XIX аср шоирлари шеърлари кирган бир баёз ҳам мавжуд бўлиб, унда Навоий шеърлари ҳам бор эди. 1867 йили Вамбери эски ўзбек тилини ўрганувчилар учун шу тилдаги матнлар кирган дарсликхрес томатияни немис тилида нашр қилади. Айни китобда Алишер Навоий асарларидан намуналар жой олган. Булар қаторида “Маҳбуб ул-қулуб”дан парчалар, уч ғазал ва “Фарҳод ва Ширин”дан олинган бир неча байт ва уларнинг немис тилига қилинган таржимасини қайд этиш мумкин. Вамберининг шогирди, венгер олими Йожеф Тури (1861-1906) “Ўрта Осиё туркий адабиёти тарихи” номли 70 саҳифали рисола ёзган. Бу китобнинг
10 саҳифаси Алишер Навоийга бағишланган бўлиб, муаллиф Навоийни туркий адабиётнинг буюк ижодкори сифатида баҳолаган. Йожеф Турининг мутафак
кир билан боғлиқ алоҳида яна 2 та тадқиқоти мавжуд: XIX асрда Фатхали Қожор Қазвиний “Беҳжат ул-луғат” деган луғатга тартиб берган. Айни сўзлик Эрондаги туркий халқларга Навоий асарларини ўқиб тушуниш осон бўлиши учун яратилган. Чунки улар Навоий асарларини ўқиб тушунишда баъзи муаммоларга дуч келган бўлсалар керак. Йожеф Тури Навоий билан боғлиқ мана шу луғат хусусиятига оид катта тадқиқот яратган. Бундан ташқари, бу венгер олими “Муҳокамат ул-луғатайн” асаридан мисоллар келтирган ҳолда тилшунослик бўйича тадқиқотлар ҳам олиб борган. Усмонлилар салтанати орқали Венгрияга Алишер Навоий асарлари қўлёзмаси XIX аср иккинчи ярмидаёқ етиб борган. Улар орасида “Фарҳод ва Ширин”, “Ҳайрат ул-аброр”нинг икки қўлёзмаси ва Навоий девонларининг беш нусхаси мавжудлиги XX аср биринчи ярмида машҳур можор туркийшунос олими Игнац Кунош (1860-1945) амалга оширган ҳисоботда қайд этилган.
XX асрда Навоий ижоди билан шуғулланган венгер олимлари қаторида Янош Экманн (1905-1971)ни ҳам тилга олиш мумкин. У Навоий девонлари ҳақида бир қатор мақолалар ёзган. Машҳур венгер туркийшунос олимларидан яна бири Андраш Бодроглигеттидир (1925-2017). Бу олим таржимон Эржебет Бродски (1907-1983) билан бирга, Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини можор тилига таржима қилган. Мазкур достон 1966 йили Венгрияда нашр бўлган. “Фарҳод ва Ширин”нинг айни можорча таржимаси нашри 1974 йили яна қайтадан Будапештда чоп этилган. Алишер Навоий билан боғлиқ Венгриядаги тадқиқотлар бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Масалан, мен ўзбек олими, профессор Абдулла Аъзамов билан ҳамкорликда Навоийнинг “Арбаин” асари инглизча таржимаси, бадиий ва илмий талқинини амалга ошириш устида ишлаяпмиз.
— Суҳбатларингизнинг бирида “Эски ўзбек адабий тилига оид матнларни ўқишни талабалик йилларимданоқ бошлаган эдим. Эсимда, дастлабки пайтлар кўплаб қийинчиликларга дуч келганмиз, чунки бизда бу давр адабий тилига оид бирорта ҳам луғат йўқ эди. Афсуски, бу муаммо ҳозир ҳам ўз ечимини топгани йўқ, яъни талабаларимизга Навоий даврида яратилган адабий асарларни аслиятда ўқиб тушунишларига мўлжалланган эски ўзбек адабий тилининг инглизча луғати ҳанузгача яратилмади”, деган эдингиз...
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан астойдил танишиб чиқдим. Ушбу қарорда чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб қилган ҳолда, Алишер Навоий асарларини бошқа тилларга таржима қилиш, нашр этиш ва хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш борасидаги муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Ҳозирги кунда ўзбек олимлари ва хориж навоийшунослари асрлар давомида ортга суриб келинган жуда яхши лойиҳалар асосида иш олиб бораётгани мени жуда хурсанд қилмоқда. Мен ёшлигимдан бери орзу қилиб келган эски ўзбек адабий тилининг инглизча луғатини яратиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар бошлаб юборилган. Бу жараёнда қўлимдан келганича ўз ёрдамимни аямайман. Вамбери чиғатой тили ва адабиётига қизиқишини Будапешт университетининг туркшунослик кафедраси мудири сифатида ўқитувчисига эргашган шогирди Жозеф Турига мерос қилиб қолдирган. У шу мавзуда 3 та кичик китоб нашр этди. Бири Марказий Осиёда туркий адабиёт тарихи, умуман, чиғатой-форсий луғатлари бўлса, биттаси Навоийнинг китобларини ўқиётган одамларга ёрдам бериш учун Эронда тайёрланган “Баҳжат ал-луғат” деб номланган луғатдир. Янош Экманн 1870 йилда Вамбери томонидан асос солинган туркшунослик бўлимида ҳам ўқиган ва у узоқ вақт Туркияда бўлганида замонавий Ўзбекистон ҳудудида бир вақтлар гуллаб-яшнаган адабий анъаналарнинг қатъий тадқиқотчисига айланган. Олим хоразмликлар ва чиғатой тили ҳақида мақолалар нашр этди. Ушбу мавзу бўйича таниқли мутахассисга айланди. Унинг 1966 йилда чоп этилган “Чиғатойга кўрсатма” китоби бугунги кунда ҳам чиғатой грамматикаси учун маълумотнома бўлиб хизмат қилмоқда. Будапештдаги туркшунослик мактабида ҳам таълим олган Андрас Бодроглигетти Экман изидан юриб, чиғатой ва ўзбек адабиёти тарихининг турли жабҳаларига бағишланган бир неча жилд ва кўплаб мақолалар нашр этди. Унинг энг муҳим асарлари қаторига “Чиғатой тили грамматикаси“ ва “Ҳозирги адабий ўзбек тили” кабилар киради. Ёш авлоддан бошлаб Ференч Чиркес чиғатой матни тўғрисида мақола эълон қилди. Гулу Наврўз ва Андраш Центнар Ўрта Осиё туркий-форс тилидаги китоб бўйича докторлик диссертациясини ёздилар. Менга келсак, Ҳиндистонда туркий тил ва адабиёт тарихига бағишланган китоб ва бир неча мақолаларим чоп этилган. Афсуски, шу кунгача Алишер Навоий ва унинг замондошлари асарларини ўқишни осонлаштирадиган мумтоз ўзбек (чиғатой)-инглизча луғат мавжуд эмаслиги боис, университитетимиз тадқиқотчилари доктор Суат Юнлу томонидан тайёрланган мумтоз ўзбек (чиғатой)-замонавий туркча луғатдан фойдаланиб келишган. Бошланган эзгу саъй-ҳаракатларимиз ва ҳамкорлигимиз туфайли бу каби муаммолар ўз ечимини топишига, илмий ҳамкорлигимизда янги уфқлар пайдо бўлишига жуда қаттиқ ишоняпман. Чунки юртингизга Навоий ўз асарларида жуда катта меҳр ва фахр билан таърифлаган султонлар каби илмни, маданият ва санъатни қадрлайдиган раҳбар келганга ўхшайди.
— Афтондил ака, тарих саҳифаларида қайд этилишича, Алишер Навоий усмонлилар султони Боязид II га ўттиз уч ғазалини юборган...
— Ана шу воқеа билан боғлиқ адабий таъсирлар ҳақида айтиб ўтишимни сўраётганингизни англадим. Шу ўринда бевосита Бенедик Пери изланишлари билан боғлиқ мулоҳазаларимни билдириб ўтмоқчиман. 2017 йили Бенедик Пери Тошкентга, Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишлаб Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этган конференцияга келганида 9 февраль куни Навоий ҳайкали пойида ўзбек тилида қисқа маъруза қилганди. Унинг ўзига хос фикрлари эътиборимни тортди. Тадқиқотчи “Алишер Навоий. “Муҳокамат ул-луғатайн” номли асарида бундай деб ёзади: “Туркий шоирлар ўз шеърларини кўпинча форс тилида ёзганлар, чунки улар учун асрлар давомида бу тилда шеър ёзиш анъанасига суяниб ижод қилиш осонроқ бўлган. Лекин Алишер Навоий туркий шоирларга йўл кўрсатмоқ учун ўзи ўша даврда кенг тарқалган адабий жанрларнинг барчасида эски ўзбек тилида асар ёзди. Айни вақтда, Алишер Навоийнинг эски ўзбек тилидаги шеърлари барча туркий халқлар учун бадиий ўрнак бўлди. Айтилишича, Навоий усмонлилар султони Боязид II га ўттиз уч ғазалини юборган. Боязиднинг ўзи ҳам шоир бўлган ва унга Навоийнинг бу шеърлари жуда ёққан. У олдига Аҳмад Пошо деган шоирни чақириб, унга усмонли туркийсида Навоийнинг ғазалларига ўхшаш ғазаллар ёзишни буюрган. Давр тазкирачиларига кўра, Аҳмад Пошо Навоий ғазалларига эргашиб ғазаллар яратган. Натижада унинг шеърий маҳорати ошган ва шеърияти кейинги давр усмонли шоирлари учун намуна бўлган. Яъни Аҳмад Пошо воситасида усмонли шоирлар Алишер Навоий шеъриятига тақлидан ижод қилганлар. Шундай қилиб, ўн олтинчи асрдан бошлаб Навоий шеъриятига эргашиб усмонли туркийсида ёки эски ўзбек тилида ижод қилиш, шеър ёзиш усмонлилар адабий муҳитида ўзига хос анъанага айланган. Масалан, усмонли шоирлар томонидан энг кўп эргашилган Навоий ғазалларидан бири “Ўйнар” радифли ғазалдир. 2017-2018 йиллардан бери Бенедик Пери Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказиладиган анъанавий “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзуидаги конференцияларда ўз чиқиш ва мақолалари билан иштирок этиб келмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, унинг “Бобурийлар муҳитига Алишер Навоий ва Лутфий ғазалчилигининг таъсири (Байрамхон мисолида)” ҳамда “Алишер Навоий ва Ҳофиз Шерозийнинг биринчи ғазали” каби мақолалари Ўзбекистонда нашр этилди. Бенедик Перининг “Алишер Навоий шеърларининг инглиз тилига таржимасига оид мулоҳазалар: муаммо ва таклифлар” мақоласи Навоий шеърияти таҳлили ва шоир шеърларини Ғарб ўқувчисига таржимада тушунтириш масаласига бағишланган. Унда олим Навоий шеърларини Ғарб тилларига таржима қилишдаги муаммоларни кўрсатиб ўтган ҳамда уларни ҳал этиш йўлларига оид ўз илмий қарашларини илгари сурган.
* * *
Бенедик Пери билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Ўз фикрларини баён этаётиб кўп ўринларда эски ўзбек тили сўзларидан фойдаланган чоғида қалби самимиятга лиммо-лим бўлган бу олимнинг юртимиз тарихи, аждодларимиз меросига бўлган эҳтироми беихтиёр кишини тўлқинлантириб юборди. Хайрлашар чоғимиз венгриялик дўстимиз Алишер Навоий ҳазратларининг мана бу мисраларини соф ўзбек тилида айтиб кўнглимизни янада шод айлади:
Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаким, жон бўлмасин.
Ишқсиз ул танки, онинг жони йўқ,
Ҳуснни нетсун кишиким, они йўқ.
“Янги ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.