Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори самарасида Оролбўйи аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Пировардида, кейинги йилларда овулларда ҳам тиббий хизмат сифати анча яхшиланди.

Яқинда Беруний тумани марказида иш бошлаган «Доктор Мақсудова» инновацион клиникаси ана шу ислоҳотлар самарасидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил ноябрь ойида Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Беруний туманида хусусий офтальмология ва диагностика марказини ташкил этиш лойиҳаси тасдиқланган эди.

Эндиликда Беруний туманидаги клиникада малакали мутахассислар кўз касалликларини замонавий усулда даволайди, мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаради.

– Президентимиз Тошкент шаҳридаги «Доктор Мақсудова» инновацион клиникаси фаолияти билан яқиндан танишганида ана шундай клиника Қорақалпоғистонда ҳам бўлиши керак, деб таъкидлаган эди. Бугун янги клиника Беруний туманида иш бошлади, – деди клиника таъсисчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими Зулфия Мақсудова. – Нима учун Беруний туманида, деган савол туғилиши мумкин. Чунки, бу туман Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудуди бўлиб, яна шундай 3 та олис туманга чегарадош, шунингдек, хоразмликларнинг ҳам келиши учун қулай.

Марказда офтальмология ва диагностика, стоматология, ЛОР-комбайн, гинекология-видеоколпоскопия, кардиология, ЭКГ, УЗИ хизматлари кўрсатилади. Клиникада 10 нафар малакали шифокор ва 18 нафар ишчи-ходим фаолият олиб боради. Ўрнатилган технологик ускуналар АҚШ, Япония ва Германиядан олиб келинган бўлиб, сифати аъло даражада.

– Юртимизда карантин жорий этилиши билан даволаниш масканига боролмаётган эдим. Туманимизда янги клиника очилганини эшитиб, дарҳол етиб келдим,  дейди Ўғилжон опа Каримова. – Бу ерда кўзимни даволатиш имкониятига эга бўлдим. Беморлар учун яхши қулайликлар яратилибди.

Клиникада телетиббиёт маркази ҳам ташкил қилинган бўлиб, эндиликда аҳолининг узоғини яқин қилган ҳолда чет эл малакали шифокорлари билан ҳамкорликда тажриба алмашиш ишлари олиб борилади. Шу куннинг ўзида Мўйноқ туманидаги телетиббиёт клиникаси билан боғланиб, ўзаро тажриба алмашилди.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири