Муаммо шундаки, бугунги ёшлар маълумотларнинг қайси бирини қабул қиляпти? Билимни қай усулда бериш талаб этиляпти? Олий таълим муассасаларида ўқитишнинг янги усуллари жорий этиляптими? Фақат вербал коммуникацияга асосланган таълим бугун ўзини оқламаётгани аниқ. Чунки ҳозир техника асри мўъжизавий қудратини намоён этаётган давр.

Олий таълим қамровининг кенгайиши, ОТМларнинг таркибий тузилмаси ва фаолият мазмуни ўзгариши каби кўрсаткичлар, иқтисодиётнинг ўсиши таълим сифатини ошириш заруратини келтириб чиқаради. Зотан олий таълим янгиланган жамият қурилишида ривожланаётган ва ҳал этувчи кучга эга тизимдир. Айниқса, 2017 йилдан буён ўтган вақтда олий таълимга қизиқиш ва интилиш жиддий ортганини кўриш мумкин. ОТМлар сонининг кескин ортиши, хусусий секторнинг тизимга кириб келиши, чет эл билан ҳамкорликнинг ривожланиши, моддий­техник базанинг яхшиланиши олий таълим нуфузини оширади.

Муаммо қаърида имконият ётади

Бугун олий таълим тизимини обдон қоралаб, тизимни “ишламаётган”га чиқариш ҳолати кўпайганини кўряпмиз. Бундан нима фойда? Бир бино қад ростлаши ва мустаҳкам туриши учун пойдеворнинг, ҳар бир ғишт ва тўсиннинг аҳамияти қанчалик бўлса, ҳар бир соҳанинг ўз устаси, пешқадамлари ўрнида бўлиши бугун шунчалик ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Олий таълим профессор­ўқитувчилари ўз соҳаси бўйича илмий тадқиқот билан шуғулланади, йўналишига тааллуқли муаммоларга илмий асосланган ечим излайди ва талабаларга муайян фанлардан дарс беради.  Йигит­қизларнинг келажакда маълум бир мутахассислик бўйича ихтисослашувига кўмаклашади. ОТМлар ҳозир ҳар иккала вазифани бажаряпти. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда муносиб ўринларни эгаллаётгани, нуфузли илмий нашрлардаги мақолалар сони ва сифати ортиб бораётгани, соҳага оид муаммолар бўйича ишлаётгани ҳамда бунинг натижасида кўплаб ихтиро патентлари, фойдали моделлар учун гувоҳномалар олинаётганини мисол келтириш мумкин.

Ҳозир профессор­ўқитувчи қуруқ, енгил­елпи билим билан талабанинг олдига боролмайди. Боиси, чуқур билим, асос ланган ахборот, янги илмий маълумотга эга бўлмасангиз, аудиториянинг ўзи сизни сиқиб чиқаради. Истаган одам олий таълимга кира олмаслиги аниқ. Профессор­ўқитувчи билан тузиладиган бир йиллик меҳнат шартномаси педагог зиммасига масъулият юклайди. Яна бир гап: йилдан­йилга билимли, хорижий тилни мукаммал эгаллаган, чет элда таҳсил олган, диссертация ёқлаган ёш кадрлар кўпаймоқда. Бу эса рақобат ва танловни кучайтиряпти. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида ишга қабул қилиш бўйича танлов ҳайъати фаолият юритади ва номзодлар обдон сараланади. Талабалар билан бевосита ишлаш, уларга таълим даргоҳида ва яшаш жойида кўмакчи бўлиш учун тьюторлик фаолиятининг йўлга қўйилгани профессор­ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозлик, жадваллар тўлдиришдан, тадбирлардан озод қилди. Анча енгиллик берди. Фақат таълим билан шуғулланишига имконият яратмоқда.

Албатта, ҳақиқий олий таълим тамойиллари устувор бўлиши, ҳеч ким мажбуран олий таълимда ўқимаслиги, ўзлаштира олмаган талаба жойни банд қилмаслиги керак. Имтиёзлар ҳам чегарасида бўлиши зарур. Фикримча, имтиёзлар ўзлаштира олмаётган талабага эмас, иқтидорли талабага қўшимча рағбат сифатида берилиши лозим.

Муаммони кўтариб чиқиш тўғри. Агар кимдир бу масалани кўтариб чиқмас ёки ўз қарашларини билдирмас экан, муаммонинг ечими топилмайди. Лекин масалани тўғри талқин этиш ва унга ечим сифатида таклиф ҳам бериш керак. Ҳар бир киши ўзига тегишли вазифаларни чин дилдан, астойдил, виждонан бажара бошласа, муаммолар камайиб, ечими топилади.

Мақсад юксак, ҳаракат жиддий

Ҳар бир давр ўз ҳисоботи, эришилган натижалар кўлами билан аҳамиятлидир. Тоғ­-кон саноати ривожи кадрлар тайёрлаш тизими олдига катта вазифалар қўймоқда. Дунё бозорида қора ва рангли металларга талаб ортиши ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига олиб келмоқда. Шунингдек, рақамлаштириш ва автоматлаштириш бугунги кунда металлургия соҳасидаги долзарб вазифа сифатида кўрилмоқда. Бундан келиб чиқиб, тоғ­кон саноати мутахассисларини тайёрлаётган олий таълим муассасалари зиммасидаги масъулият ҳам ортмоқда. Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида ишлаб чиқариш корхоналарининг модернизацияси ҳисобига янги таълим йўналишлари очилмоқда. Жорий ўқув йилида металлургия ва кимёвий технологиялар факультети иш бошлади. Металлургия, фойдали қазилма конларини қазиш (очиқ усулда), кончилик ишларини электрлаштириш ва автоматлаштириш йўналишларида ҳам талабаларга юқори салоҳиятли ўқитувчилар таълим бермоқда. Филиал илмий салоҳиятидан келиб чиқиб, металлургия йўналишида докторантура ташкил этилди. Таълим жараёнида меҳнат қилаётган 159 профессор­ўқитувчидан 61 нафари илмий даражага эга. Илмий салоҳият бугунги кунда 38,4 фоизни ташкил этади. 40 ёшгача илмий даражалиларнинг улуши 18,6 фоиздан иборат. Бугунги кунда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида жами 5061 талаба таҳсил олмоқда.

Филиал профессор­ўқитувчилари томонидан давлат илмий­техника дастурлари доирасида умумий қиймати қарийб 600 миллион сўмлик “Маҳаллий хомашёлар асосида агрессив муҳитда ишлатиладиган керамик кислотага бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусида стартап лойиҳа бўйича илмий тадқиқот бажарилди. Ҳозир ишлаб чиқарилаётган кислотабардош ғиштларни “Олмалиқ КМК” АЖ корхоналарига сотиш устида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, давлат илмий­техника дастурлари доирасида умумий қиймати 150 миллион сўмлик “Қовун пашшаси (Myiopardalis pardalina Big.)га қарши феромонли тутқичлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусида инновaцион лойиҳа амалга оширилди. Тошкент давлат техника университетида “Хомашёларни кремнийсизлантириш” ускунаси амалий синовдан ўтказилди ва металлургия корхоналари чиқиндиларидан фойдали компонентлар ҳамда кремний хомашёси олинди.

Филиал профессор­ўқитувчилари томонидан илмий тадқиқот ва илмий­услубий ишлар натижалари бўйича маҳаллий ва хорижий илмий журналларда 288 та мақола чоп этилди. Учта дарслик, тўққизта ўқув қўлланма, 13 та монография нашр қилинди. Шунингдек, 22 та дастур учун гувоҳнома, 5 та ихтиро ва фойдали модель учун патент олинди. “Олмалиқ КМК” АЖ билан 6 та лойиҳа ҳамда “Ўзиккиламчирангли металл” АЖ, “INTACT” МЧЖ, “Asia Element Star” МЧЖ билан жами лойиҳа миқдори 1 миллиард 380 миллион 550 минг сўмлик 9 та хўжалик шартномаси бажарилмоқда.

Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” ДК, “Texnopark” ОАЖ, “Тошкент ИЭС” АЖ, “Оҳангаронцемент” АЖ, “Тошкент металлургия заводи” ОАЖ ҚК, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Деҳқонобод калий кони” АЖ, “Аммофос­Максам” АЖ каби корхоналар билан инновацион ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Ҳамкорликнинг малака ошириш, ўқув амалиёти, докторлик, номзодлик, магистрлик диссертациялари, битирув­малакавий ишлари, курс ишлари илмий тадқиқот ишларида ҳамкорлик, хўжалик шартномаси каби шакллари амалга оширилмоқда.

Пулли хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига филиал таркибида “spin off”ларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. ТДТУ Олмалиқ филиалининг Оҳангарон шаҳрида жойлашган биносидаги ошхона  “TDTU OF — food” UK spin off асосида фаолият юритмоқда. Ушбу лойиҳани ташкил қилиш орқали 10 та янги иш ўрни яратилди,  3 нафар талаба ҳам мазкур корхонада иш юритади. Кўшимча равишда ишлаб чиқариш маҳсулотларини ҳам ташкил этиш инобатга олинди.

Олий таълим тизими янгиланиш босқичида. Ҳар бир соҳада кенг кўламли ислоҳотлар самараси яққол кўринаётганига ишонамиз, Ўзбекистон олий таълим тизими ҳам дунё рейтингларида тан олиниши яқин. Бу жараёнга ҳар бир олий таълим муассасаси, ҳар бир жамоа ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшишга қодир.

Алишер САМАДОВ,

 Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали директори,

техника фанлари доктори, профессор